Илм-фанга бахшида умр

20:31 23 Август 2022 Жамият
508 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

“Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университетида иқтисод фанлари доктори, профессор Ўктам Умурзоқов хотирасига бағишланган халқаро илмий анжуман ташкил этилди.

Тадбирнинг очилишида атоқли олимнинг ректор сифатида мазкур олийгоҳни ривожлантириш борасида олиб борган кенг кўламдаги фаолияти хотирланди.

Хусусан, Ўктам Умурзоқов таълим ҳамда илмий тадқиқотлар соҳасидаги кучли рақобат шароитида аграр тармоқ ва сув хўжалигида инновацион ечимларни яратиш ҳамда уларни ривожлантириш мақсадида институт стратегиясини ишлаб чиққан, уни ҳаётга татбиқ қилиш учун Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институтини замонавий тадқиқотлар университетига айлантириш таклифини илгари сурган эди. Чунки дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, тадқиқотлар университетини шакллантиришнинг муҳим омили унинг кўп функцияли бўлиши, таълим — фан — ишлаб чиқариш “занжири”да инновацион жараёнларнинг қўллаб-қувватланиши билан боғлиқ. Бунда ҳар бир муассаса ўз замонавий илмий-тадқиқот ҳамда тажриба ўтказиш инфратузилмасига эга бўлади. Ўктам Умурзоқов ана шу ғояни институт фаолиятига татбиқ қилиш устида жуда кўп ишлади. Натижада унинг орзулари рўёбга чиқди. Олийгоҳ академик, молиявий, ташкилий ва кадрлар масаласи бўйича автоном бошқарув моделига ўтди.

Ўктам Умурзоқовнинг бевосита раҳбарлиги даврида олий ўқув юрти фундаментал ҳамда амалий илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, ихтисослаштирилган лабораториялар ва тажриба-ишлаб чиқариш соҳасида катта тажриба тўплади. Ҳозир университетда “Тempus”, “Erasmus” ҳамда “Erasmus+” халқаро лойиҳа ва танловлари, Евроиттифоқнинг “Susadisa” ҳамда “GIZ” лойиҳалари, Ўзбекистон — Россия таълим форумининг лойиҳалари тўлақонли амалга оширилмоқда.

Анжуман доирасида иштирокчиларга Ўктам Умурзоқов хотирасига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди ҳамда ёзувчи Луқмон Бўрихоннинг атоқли олим ҳаёти ва ижоди ҳақида ёзган “Сокин дарё” номли асари тақдимоти ўтказилди.

Икки кун давом этадиган анжуманда бир қатор вазирликлар вакиллари, жаҳондаги етакчи олий таълим муассасалари олимлари, бир қанча хориж давлатларининг Ўзбекистондаги элчихоналари вакиллари, шунингдек, дунёнинг бир қатор олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари онлайн тарзда ўз маърузалари билан қатнашмоқда.

 Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов иштирок этди.

 

 

Нуруллоҳ ОСТОНОВ, 
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер