Илдизлари туташ чинорлар

12:24 15 Март 2024 Жамият
162 0

Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларининг илм-фани, қадриятлари, тили ва адабиёти, санъати ва маданияти уйғун ўзанларда шаклланиб, ривожланиб келган. Ўзбекистонда Низомий Ганжавий, Имомиддин Насимий, Муҳаммад Фузулий асарлари қанчалик севиб ўрганилса, Озарбайжонда Алишер Навоий даҳосига муносабат миллий ифтихор даражасига кўтарилган.

Темурийлар салтанати даврида Самарқандда озарбайжонлик Шоҳ Фатхуллоҳ Шервоний, мавлоно Фатхуллоҳ Табиб Табризий, Али Муҳаммад Саййид Шариф Журжоний, Мавлоно Хожа Табризий каби қомусий олимлар мантиқ, фалсафа, нужум, шеършунослик, тилшунослик каби турли фан соҳалари ривожига улкан ҳисса қўшган. Бундан ташқари, юзлаб озар ҳунармандлари, санъаткорлар ва шоирлар Самарқандни ер юзининг сайқалига айлантириш ишларида фаол иштирок этган.

ХХ асрда кўплаб озарбайжонлар ўз юртидан мажбуран юртимизга кўчирилганда ўзбек ва озар эту тирноқ сингари бир-бирига қайишиб, ҳамқадам ва ҳаммаслак бўлган. Мақсуд Шайхзода, Фаридун Сафаров, Эйнулла Алиев, Жафар Абдуллаев, Шевкет Гударли, Кўкеб Алиева сингари озар қардошларимизнинг маданий ҳаётимизда тутган ўрнини халқимиз унутмайди. Хусусан, шоир, адиб, драматург Мақсуд Шайхзода бадиий адабиётимизда биринчилардан бўлиб буюк саркарда Жалолиддин Мангуберди шахсини улуғлаб “Жалолиддин Мангуберди” ва донишманд ҳукмдор Мирзо Улуғбек ҳақида “Мирзо Улуғбек” тарихий драмаларини ёзди. У олим сифатида ҳам навоийшунослик тараққиётида ўчмас из қолдирди, “Ғазал мулкининг султони” китобида Навоий ижодини илмий тадқиқ этиб, буюк бобокалонимизнинг Шарқ шеърияти такомилига қўшган ҳиссасини очиб берди. Мақсуд Шайхзода ўзбек ва озарбайжон халқларининг ардоқли ва жонкуяр фарзанди, унинг асарлари эса икки халқни бирлаштирувчи кўприк бўлди, тарихда қолди.

Ўзбек ва озарбайжон халқларининг адабий-маданий, ижтимоий-иқтисодий алоқалари мустақиллик йиллари янада кенгайди. Ўзбекистонда ўтказиладиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали, халқаро мақом санъати анжумани, шунингдек, турли адабий-маърифий тадбирларда озар халқи вакилларининг қатнашуви, Озарбайжонда ташкил этилаётган турли фестиваллар ва анжуманларда Ўзбекистон вакилларининг иштироки яхши анъанага айланди. Озар халқи билан тилларимизнинг бир-бирига жуда яқинлиги, турмуш тарзимиз, санъатимиз, халқ оғзаки ижоди ва ёзма адабиётимиздаги муштараклик бугун биродарлик туйғуларининг ўзгача руҳда янада кучайишига туртки бермоқда.

Давлатимиз раҳбарининг сиёсий донолиги ва қардош халқларни ўзаро жипслаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари туфайли сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасида кўп қиррали ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.

2022 йил 21-22 июнь кунлари Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида икки мамлакат ўртасида стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида декларация имзоланди. Шунингдек, икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари ўртасида 18 та ҳужжат имзоланди. Ҳудудлараро алоқалар, саноат, халқаро қатновлар, туризм каби соҳалар билан бир қаторда маданий-гуманитар жабҳада ҳам ҳамкорликни янги босқичга кўтариш бўйича битимлар тузилди.

Икки миллат лидерларининг кўп қиррали ҳамкорликни жадаллаштиришга қаратилган мунтазам ҳаракатлари маданий-гуманитар алоқаларимизнинг ривожланишида янги босқични бошлаб берди.

Тошкентда Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази фаолияти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 100 жилдлик “Туркий адабиёт дурдоналари” мажмуасининг нашр этилиши, унда Озарбайжон мумтоз ва замонавий адабиёти вакилларига кенг ўрин берилгани, Озарбайжоннинг Фузулий шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги мактабнинг қурилиши, Озарбайжонда Ўзбекистон адабиёти ва маданияти, Ўзбекистонда Озарбайжон маданияти ва адабиёти кунларининг мунтазам ўтказиб келинаётгани икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталарининг тобора мустаҳкамланиб бораётганига далолат.

Кейинги йилларда ўзбек ва озар олимларининг яқин ҳамкорлик алоқалари ҳам шу ўзанда ўз натижаларини бермоқда. Хусусан, Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети ва Озарбайжон Миллий илмлар академияси Низомий Ганжавий номидаги адабиёт институти олимларининг яқиндан ҳамкорлик ўрнатиши узоқ йиллар муқаддам мавжуд бўлган ва айрим сабабларга кўра сустлашиб кетган илмий-адабий алоқаларнинг тикланишига олиб келди. Жумладан, университетимизда Муҳаммад Фузулий номидаги илмий тадқиқот маркази ташкил этилди, Озарбайжон Миллий илмлар академияси Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институтида Алишер Навоий номидаги ўзбек адабиёти тадқиқотлари маркази очилди. 2023 йилда Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институтида “Алишер Навоий ва XXI аср” халқаро конференцияси ўтказилди. Ҳаммуаллифликда озар-ўзбек адабий алоқалари ҳақида китоблар ёзилди. Икки халқ мутафаккир шоирлари, мумтоз ва замонавий адабиёт намояндаларининг таваллуд кунлари муносабати билан мунтазам равишда қўшма маърифий тадбирлар ўтказиш анъанага айланди.

Жорий йилнинг 3-7 март кунлари университетимиз олимларининг Озарбайжонга уюштирган сафари ўзаро ҳамкорлик алоқаларимиз тарихида янги саҳифа очди. Озарбайжон Миллий илмлар академияси Адабиёт институти ташкил этилганига 90 йил тўлиши муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда қатнашиш билан бирга қатор давра суҳбатлари, адабий-маърифий тадбирларда иштирок этиш шарафига муяссар бўлдик. Ҳар бир учрашув озарбайжонлик дўстларимиз билан янада яқин танишиш, янги илмий ғояларни муҳокама қилиш ва келгуси режаларимизни белгилаш учун яхши имконият бўлди.

Сафаримиз давомида Насимий номидаги Тилшунослик институти илмий жамоаси томонидан озарбайжон тилида нашр этилган Маҳмуд Кошғарийнинг “Девони луғотит-турк” китоби тақдимотида ҳам қатнашдик. Қайд этиш лозимки, “Девони луғотит-турк” том маънода илдизи ва қадриятлари бир бўлган туркий халқлар тили ва тарихини ўрганишда ғоят муҳим манба. Дунё туркологларининг доимий диққат марказида бўлган ушбу асар исломгача бўлган даврда туркий халқларнинг маданияти, бой маънавий мероси, яшаш тарзи ҳақида маълумот бериши билан айниқса қимматлидир. Мазкур нашр 1937 йил ўзбек маърифатпарвар жадидчиларидан бўлган Холид Саидхўжаев томонидан озарбайжон тилига таржима қилинган матн асосида тайёрланган. Холид Саидхўжаев 1918 йил жадидчилик ҳаракатига қарши қатли ом бошланганда Ўзбекистондан Озарбайжонга кўчган, аммо бу ерда ҳам мустабид тузум қатағонига учраб 1937 йил отувга ҳукм этилган. Олимнинг ушбу таржимаси қарийб 100 йил давомида номаълум бўлиб, институт томонидан олиб борилган узоқ изланишлардан сўнг топилди.

Озарбайжоннинг Ганжа шаҳри туркийзабон ва форсийзабон адабиёт классиги Низомий Ганжавийнинг ватани ўлароқ Шарқда маълум ва машҳур. Алишер Навоий уни ўзига устоз деб билган ва шундай таърифлаган эди:

Ганжа ватан, кўнгли анинг ганжхез,

Хотири ганжуру тили ганжрез.

Ганжа қадимдан илм-маърифат маркази бўлиб, бу ердан кўплаб олиму адиблар, санъаткору ҳунармандлар етишиб чиққан. Шундай улуғ инсонлардан бири атоқли навоийшунос олим, академик, хизмат кўрсатган фан арбоби, ўзбек-озар адабий алоқаларини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган йирик адабиётшунос Ҳамид Араслидир. Олим В.Зоҳидов, В.Абдуллаев, Ойбек, Ғ.Ғулом, Ҳ.Сулаймон сингари ўзбек олимлари билан доимий ҳамкорлик қилган, ўзбек мумтоз адабиёти вакиллари, хусусан, Алишер Навоий ва Ҳусайн Бойқаро ҳаёти ҳамда ижоди бўйича қимматли тадқиқотлар олиб борган адабиётшунос сифатида ўзбек илмий-адабий муҳитига яхши таниш. Бундан ташқари Ҳамид Арасли туркий халқлар оғзаки ижодининг ҳам йирик тадқиқотчиларидан бири. У биринчилардан бўлиб “Китоби дада Қўрқут”, “Гўрўғли” сингари халқ оғзаки ижоди намуналарини илмий тадқиқ қилди, шунинг баробари ўзбек фольклорини ўрганишга ҳам муносиб ҳисса қўшди. Ушбу заҳматли ва салмоқли илмий изланишлари учун 1968 йилда унга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” унвони берилди, айни шу йилда Озарбайжон Фанлар академияси академиги бўлди.

Биз сафар олдидан Озарбайжон Миллий илмлар академияси Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институти Ганжа бўлинмаси томонидан 6 март куни ташкил этилаётган академик Ҳамид Арасли таваллудининг 115 йиллигига бағишланган халқаро конференцияга таклиф этилганимиз боис ўзбек-озар адабий алоқалари тарғиботчиси, ўзбек халқининг улуғ дўсти юбилейига бағишланган анжуманда ҳам қатнашиш имконияти туғилганидан жуда хурсанд бўлдик.

Конференцияда ўзбек олимлари маърузаларини иштирокчилар катта қизиқиш билан тинглади. Маърузаларда Ҳамид Араслининг ўзбек олимлари билан ҳамкорликда олиб борган тадқиқот ишлари, адабий алоқаларни ривожлантиришдаги буюк хизматлари алоҳида эътироф этилди.

Сафаримизнинг охирги куни академиянинг Ганжа вилояти бўлинмасида ганжалик олимлар ва зиёлилар билан учрашув ташкиллаштирилди. Бу ҳам ўзига хос рамзий маънода ҳазрат Навоий ва Низомий авлодларининг бир-бирига меҳрли муносабатлари намойиши бўлди.

Учрашувда Ганжа университети, Озарбайжон Миллий илмлар академиясининг Ганжа бўлими ва Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети олимлари ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш бўйича фикр алмашди. Суҳбат жараёнида биз Ўзбекистон давлати раҳбарининг миллий маданиятимизни тарғиб этиш масалаларига жиддий эътибори, бир неча Президент қарорларида, жумладан, жорий йилнинг 12 январь куни қабул қилинган “Хорижий давлатларда Ўзбекистон тарихи ва маданияти, ўзбек тили ва адабиётини ўрганишни кенг тарғиб қилиш орқали туристлар оқимини кўпайтириш ҳамда мамлакатимиз нуфузини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети зиммасига хорижда Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва маданияти марказларини ташкил этиш топширилгани ва бу борада олийгоҳ томонидан эришилган натижалар ҳақида батафсил ахборот берилди.

Йиғилиш иштирокчилари бир овоздан Ганжа шаҳрида Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва маданияти марказини очиш таклифини қўллаб-қувватлади. Шу куни университетимиз ва академиянинг Ганжа вилояти бўлинмаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик ҳақида имзоланган меморандумда марказ очиш ишларини мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳ вазифалари белгиланди ҳамда жорий йилнинг охирги чорагида Ганжада Алишер Навоий марказининг расмий очилиш маросимини ўтказишга келишилди.

Мухтасар айтганда, Озарбайжонда бўлиб турган кунларимизнинг ҳеч бир сонияси мазмунсиз ўтмади, десак бўлади. Режалаштирилган расмий тадбирлар орасида олимларимиз Озарбайжондаги бир неча университетлар ва илмий марказларда бўлиб, маърузалар ўқишга муваффақ бўлди.

Ўзбекистон ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг дўстона муносабатлари ҳамда самарали ҳамкорлиги халқларимиз ўртасидаги маданий алмашинув ва дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, шу йўналишда юксак натижаларга эришишнинг янги уфқларини очиб берди. Икки қардош халқнинг маданияти ва санъати асрлар давомида ёнма-ён ривожланиб, бир-бирини ўзаро бойитиб, тўлдириб келаётгани биргаликда ўтказилаётган турли маданий-маърифий тадбирларда яққол намоён бўлмоқда. Эндиги босқичда оддий халқ ичига кўпроқ кирсак ва халқимиз маданиятини таништириш ишларида кенг аҳоли қатламини қамраб олсак, ишонамизки, ҳар бир озар оиласида Ўзбекистонга келиш, ўзига таниш бўлган қадриятларни кашф этиш истаги туғилади. Зеро, ҳаммамизнинг мақсад ва интилишларимиз бир, дарвозаларимиз бир-биримиз учун доим очиқ, меҳр кўзда, дейишади. Азалдан дўст-биродар бўлган халқларнинг бугунги таҳликали замонда яна қайта топишиши, умумий мақсадлар йўлида қўлни қўлга бериб, олға интилиши бизга қувонч бағишлайди. Икки давлат ўртасида ишонч ва юксак ҳурматга асосланган ўзаро манфаатли ҳамда самарали ҳамкорлик пойдевори мустаҳкам ўрнатилганига амин бўламиз.

Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВ,

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат

ўзбек тили ва адабиёти университети ректори,

академик.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?