Иккита вилоятда ўзбекистонлик спортчиларга уйларнинг калитлари топширилди

14:48 15 Сентябр 2021 Спорт
424 0

Самарқанд шаҳрида Токиода бўлиб ўтган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ғолиблари ва иштирокчиларини тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Э.Турдимов қатнашиб, барча Олимпиячиларимизни эришилган муваффақият билан қутлаб ўтди.

«Ҳаммамиз мусобақани катта ҳаяжон ва қизиқиш билан кузатиб бордик. Шуни алоҳида мамнуният билан айтиб ўтмоқчиманки, Олимпия ва Паралимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритиш ва унда иштирок этишнинг ўзи бир шарафдир. Шундай экан, унда иштирок этган барча спортчиларимизга ва уларнинг устоз, мураббийларига алоҳида миннатдорчилик билдираман», – деди вилоят ҳокими.

Эришилган ҳар бир натижадан сўнг, айниқса, давлатимиз байроғи юксакликка кўтарилиб, мадҳиямиз баралла янграганда барчаларимизнинг қалбларимиз ғурур ва ифтихорга тўлди.

Таъкидлаш жоиз, Самарқанддан Олимпиада ўйинларида 10 нафар, Паралимпия ўйинларида эса 4 нафар спортчилари иштирок этиб, қатор медалларга сазовор бўлишди. Паралимпия чемпиони Ҳусниддин Норбековга Самарқанд шаҳридан уч хонали, Паралимпия ўйинлари кумуш медаль соҳиби Парвина Самандарова ҳамда дзюдо бўйича Олимпия ўйинлари бронза медали совриндори Давлат Бобоновга эса икки хонали уйнинг калити топширилди.

Хоразмлик паралимпиячилар ҳам вилоят ҳокими томонидан уй билан тақдирланишди.

XVI Паралимпия ўйинларида иштирок этган спортчиларни ўз вилоятларида тантанали кутиб олиш маросимлари давом этмоқда. Ана шундай тадбирлардан навбатдагиси Хоразмда бўлиб ўтди. Унда спортчилари ва уларнинг мураббийлари, ота-оналари, спортчи ёшлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Вилоят ҳокими Фарход Эрманов Паралимпия ўйинлари ғолибларини эришган улкан ғалабалари билан яна бир бор муборакбод этиб, спортчиларнинг мураббийлари ва ота-оналарига самимий миннатдорчилик билдирди.

XVI Паралимпия ўйинларида боғотлик парадзюдочи Учқун Қуронбоев олтин, шовотлик Рўза Қўзиева пара пауэрлифтинг бўйича кумуш, боғотлик парадзюдочи Нафиса Шарипбоева бронза медални қўлга киритди.

Вилоят ҳокими Паралимпия ўйинларида юқори натижаларга эришган спортчи ва мураббийларни муносиб тақдирлади. Парадзюдочи Учқун Қуронбоев ва унинг мураббийи Алфия Ибрагимоваларнинг ҳар бирига икки хонали, пауэрлифтингчи Рўза Қўзиева ва парадзюдочи Нафиса Шарипбоеваларга эса бир хонали уйлар тантанали равишда топширилди.

Спортчи ва мураббийлар, ота-оналар сўзга чиқиб, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор ва рағбат учун миннатдорлик билдирдилар, 2024 йилда Парижда бўладиган Паралимпия ўйинларида бундан ҳам юқори натижаларни қўлга киритишга ваъда бердилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?