Иккита қонун лойиҳаси кун тартибидан чиқарилди. Нега?

16:53 17 Ноябрь 2020 Сиёсат
341 0

2020 йил 17 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Кенгаш аъзолари Қонунчилик палатаси фаолиятига доир бир қатор масалалар билан бирга 18-19 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган палата ялпи мажлиси кун тартибига киритилган масалаларни ҳам муҳокама қилдилар.

Кун тартибидан Вазирлар Маҳкамаси томонидан парламент қуйи палатасига киритилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йил 9 ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот ҳам ўрин олган. Ушбу ҳисобот палатага келиб тушиши биланоқ барча қўмиталар ва фракцияларда қизғин муҳокамаларга, баҳс-мунозараларга мавзу бўлди. Ҳар бир йиғилишда тегишли вазирлик ва идораларнинг мутасаддилари депутатлар берган саволларга тўлиқ ва ишончли жавоб қайтаришга ҳаракат қилдилар. Ҳисобот муҳокамасига бўлган қизиқиш кенгаш мажлисида ҳам ўз аксини топди. Кенгаш аъзолари томонидан ҳисобот юзасидан қилинадиган маърузага ажратилган вақтни қисқартириш ва шунинг ҳисобига депутатларни қизиқтирган саволларига кўпроқ вақт бериш таклифи билдирилди. Ялпи мажлисда бюджет ижросининг шаффофлиги, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш ҳамда йўл қўйилган камчиликлар, ноқонуний ўзлаштиришлар каби масалалар юзасидан савол-жавоблар бўлиши кутилмоқда.

Кенгаш йиғилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 18-19 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган мажлиси кун тартибидан ўрин олган қонун лойиҳалари бирма-бир кўриб чиқилди. «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг назорат фаолияти такомиллаштирилиши ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг дахлсизлиги кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва ва қўшимчалар киритиш ҳақида» қонун лойиҳаси ҳам шулар жумласидан бўлиб, мазкур ҳужжат сиёсий партиялар фракцияларида кескин баҳсларга сабаб бўлмоқда. Баҳслар бир хил эмас: ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари лойиҳадаги депутатлар дахлсизлиги масаласига доир нормаларга жиддий эътироз билдирсалар, «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзолари мазкур ўзгартишлар ўринли эканини таъкидламоқдалар. Шу боис, Кенгаш аъзолари партия фракциялари мазкур масалада бир тўхтамга келгач, уни ялпи мажлис муҳокамасига киритиш мақсадга мувофиқ деб топдилар ва қонун лойиҳаси кун тартибидан чиқарилди.

Кенгаш йиғилишида эътирозларга сабаб бўлган масалалардан яна бири бу – «Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўлди. Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган мазкур қонун лойиҳаси биринчи ўқишда депутатлар ҳукмига ҳавола қилиниши таклиф этилди. Қонун лойиҳасида амалдаги қонунчиликда белгиланган ўз ресурсларини ижтимоий соҳага йўналтирган корхоналарни аниқлаш мезонлари, ижтимоий соҳага инвестиция жалб қилганлик учун тақдим этиладиган имтиёз ва преференциялар ҳисобга олинган. Шунингдек, ижтимоий корхонани аниқлаш мезонларининг ва ижтимоий тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги шакллари белгиланмоқда. Кенгаш йиғилишида мазкур қонун лойиҳаси юзасидан ҳам турли фикрлар билдирилди. Хусусан, лойиҳа билан тадбиркор деб билинган ягона тушунча ҳам, субъект ҳам икки тоифага бўлиниб қолаётгани, бу эса бизнесни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашдан иборат тушунчани мавҳумлаштириши ва салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги таъкидланди. Сиёсий партиялар фракциялари хусусан, «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясида бўлиб ўтган муҳокамалар чоғида мазкур қонун лойиҳаси юзасидан қатор саволлар кўтарилгани айтиб ўтилди. Шундан сўнг масъул қўмитага қонун лойиҳаси бўйича фракциялар билан яна бир бор муҳокамалар ўтказиш таклифи билдирилган ҳолда мазкур масала ҳам ялпи мажлис кун тартибидан чиқарилди.

Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?