Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари эъзозда
Халқимизнинг ўзига хос азалий қадрият ва анъаналари бор. Ўтганларни хотирлаш, тирикларни эъзозлаш маънавиятимизнинг ажралмас қисмига айланган. Бу каби эзгу фазилатлар айниқса, Иккинчи жаҳон урушида қатнашган, жангоҳларда жасорат кўрсатган уруш фахрийларига иззат икром кўрсатишдек хайрли тадбирларда янада яққолроқ намоён бўлади. Урушида ватан ва юрт озодлиги йўлида курашган ота-боболаримизнинг жасорати, матонати эса том маънода бугунги кун авлодлари учун ибрат намунасидир.
Самарқанд вилоятида ҳам бугунги кунда 10 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси яшайди. Давлатимиз раҳбарининг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони уруш қатнашчиларини кўнглини тоғдек кўтариб, уларга янада куч-қувват бағишламоқда. Мазкур Фармон ижросини таъминлаш, уруш қатнашчилари ва фахрийлари ҳолидан хабар олиш мақсадида Самарқанд вилоят ҳокимлиги, Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги, кенг жамоатчилик вакиллари Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, жасорат кўрсатган, бугун эса эл ардоғи ва давлатимиз ғамхўрлигида умргузаронлик қилаётган уруш қатнашчилари хонадонларида бўлиб, уларга Президент совғаларини топширишди.
17 ёш. Эр йигит учун билаклари кучга тўлган, тоғни урса талқон қилгудек палла. Инсоният бошига оғир кулфатларни ёғдирган Иккинчи жаҳон уруши ана шундай алп йигитларни уруш жангоҳларига элтди. Фазлиддин Аслиддинов ҳам айни шу чоғида урушга отланганди. Жангоҳларда мардлик, халқ ва Ватан озодлиги йўлида эса шижоат кўрсатган Фазлиддин ота уруш тугагач ўз она Ватанига қайтиб келди. Узоқ йиллар таълим соҳасида меҳнат қилди, фарзандларини ўқитди, элга қўшди. У бугунги тинч ва дориломон кунларга шукрона келтиради.
Фазлиддин Аслиддинов айни дамда Самарқанд шаҳри, Мотрид маҳалласидаги файзли хонадонларда бирида яшайди. Вилоят ҳокими, 1-сектор раҳбари у кишиниинг хонадонида бўлиб, Президент табригини ўқиб эшшитттирди ҳамда Президент совғаларини топширди.
Фазлиддин ота қўлини дуога очиб, юртимзига тинчлик ва омонлик сўради. Кўрсатилаётган эътибор учун миннатдорлик билдирди.
Самарқанд шаҳри, “Боғи Темур” маҳалласида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Михаил Колмогоров 1925 йилда таваллуд топган. У киши ҳам 17 ёшида уруш жангоҳларига кирди. Кўплаб шаҳарларни озод қилишда курашди. Мардлик кўрсатди. Ордену медаллар билан тақдирланди. Михаил Василевич билан қизғин суҳбатда уруш йиллари хотиралари, сафдошлар хотирланди. Фронтда кечган азоб-уқубатлар ҳақида сўзлаб берган фахрий айни пайтда Ватан ҳимояси йўлида хизмат қилаётган ҳарбийларга ҳавас қилишини таъкидлади.
- Уруш, деган сўзни эшитсам, ич-этимни титроқ босади, - дейди Михаил Колмогоров. - Фронтдаги ҳаётни эслашнинг ўзи азоб. У кунлар бошқа такрорланмасин, дея куну тун илтижодаман. Тинч ва фаровон ҳаётимиз бардавом бўлсин. Шундай юртда Ватан ҳимоячиси бўлиш шараф. Сизларга ҳавасим келади. Бизга ҳам давлатимиз томонидан муносиб эътибор, ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Президентимиз раҳбарлигида берилиаётган имтиёзлардан мамнунмиз. Доимо эъзоз ва эътибордамиз. Бундан ортиғи бўлмайди. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Бугун ҳам у киши давлатимизнинг доимий эътибори ва ғамхўрлигида яшаб келмоқда. 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан кенг жамоатчилик унинг хонадонида ҳам бўлиб, Михаил Колмагоровга Президент совғалари топширилди.
Худди шу маҳаллада яшовчи София Погребова ҳам урушнинг аччиқ қисматини бошидан кечирганлардан. София Погребова уруш йилларида Фашист Концлагери ва Геттонинг вояга етмаган тутқуни бўлиб, оғир даврларни бошидан кечирган. Ҳозир онахон давлатимизнинг эътиборида, ғамхўрлигида яшаб, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Байрам арафасида онахоннинг хонадони ҳокимлик, ҳарбийлар, жамоатчилик билан тўлиб тошди. Самимий суҳбатларда бугунги тинч ва фаровон кунлар шукронаси хусусида сўз борди. Онахон кўрсатган жасорат эътироф этилди. София Погребовага Президент совғаси топширилди.
Самарқанд тумани, Саховат маҳалласида яшовчи 99 ёшли Аҳад Очилов ҳам кўп қатор 17 ёшида урушга кетади. Ватан, тинчлик учун жанг қилди. Оғир дамларни бошидан кечирди. Аммо ортга чекинмади. Матонат билан курашди. Урушдан кейинги йилларда эса таълим соҳасида меҳнат қилди. Ёшларни ватанга муҳаббат, юртга садоқат руҳида тарбиялашга катта ҳисса қўшди.
Аҳад Очилов 6 фарзандни тарбиялаб, уларни элу юрт корига камарбаста этиб улғайтирди. Умр буйи меҳнат қилиб, эзгулик сари интилиб яшаётган Аҳад ота ҳамон тетик. Юртимиздаги улкан ўзгаришлардан куч олиб, ёшларга илм олиб, юртга хизмат қилиш зарурлигини таъкидлаб келади. Ёшу қарига бирдек меҳрибон ва насиҳатгуй. У киши болажонларни яхши кўради. Шу боис ҳам набира-ю эвараларини қўлдан қуймайди. Уларга аёвсиз урушнинг суронли дамларини ҳикоя қилиб беради. Бугунги фаровон ҳаётни севиб яшашга чақиради.
Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Самарқанд вилоят ҳокими, ҳарбийлар ва кенг жамоатчилик Аҳад Очилов хонадонида бўлиб, отахонга Президент совғасини топширди.
- 1942 йилда урушга отландим. Дастлаб сафдошларим билан Ашхабоддаги танкчилар техникумида 8 ойлик тайёргарликдан сўнг танкчилар батальонида Шимолий Кавказда урушга кирдик. Кейин Украина ҳудудидаги жангларда қатнашдим, - дейди Аҳад бобо Очилов. - Урушдаги ғалабадан сўнг ҳам ҳарбий хизмат давом этди. Дастлаб Одесса ҳарбий округида бир йил хизматда бўлдим. Кейин Германияда 1949 йилгача хизмат қилдим. Урушдан кейинги фаолиятимни таълим-тарбия соҳаси билан боғладим. Дастлаб педагогика техникумида, кейин Самарқанд давлат университетининг филология факультетида таҳсил олганимдан сўнг 52 йил бир мактабда - тумандаги 3-ўрта мактабда ёшларга таълим-тарбия бердим. Нафақага чиққач ҳам 18 йил мактабда меҳнат қилдим. Ҳозир ҳам шогирдларим йўқлаб, маслаҳат сўраб туришади. Бундан кўнглим тоғдек кўтарилади.
Дилкаш суҳбатларда бугунги фаровон ҳаётимиз, тинчлик ва осйишталигимиз, ватанимиз тараққиёти йўлида олиб борилаётган эзгу ва хайрли ташаббуслар тилга олинди. Суҳбат чоғида Аҳад ота қўларини дуога очар экан, дастурхонларимиз тўкинлигини, халқимиз фаровонлигини, тинчлигимиз абадий, мустақиллигимиз бардавом бўлишини сўради.
Чиндан ҳам, Иккинчи жаҳон урушида қатнашганларнинг жасорати мангуликка дахлдордир. Уларнинг Ватан озодлиги, юрт тараққиёти йўлида ҳар қандай оғир шароитда бўлса-да, кўрсатган матонати эса барчамиз учун ибрат бўлмоғи лозим.
Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шарқда ҳаммаси тинч эмас: Хитой ва АҚШ Тинч океанида фаоллашгани айтилмоқда
- Ватан ва виждон
- Актриса Ҳалима Ибрагимова 45 ёшида вафот этди
- Алишер Усмонов янги лавозимга сайланди
- Расман Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов лавозимдан кетди. Унинг вазифасини бажарувчи ҳам тайинланган
- Сирдарёда Тўра Сулаймон уй-музейи очилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг