Икки вилоятда салкам 300 миллион сўмлик қалбаки тамаки ҳамда алкоголь маҳсулотлари савдосининг олди олинди

17:09 13 Март 2025 Жамият
79 0

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Мингбулоқ тумани бўлими томонидан тезкор тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Унга кўра, ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Т.Ш. «ГEНТРА» русумли автомашинада тегишли ҳужжатлари бўлмаган умумий баҳоси 196 миллион сўмлик хорижда ишлаб чиқарилган 800 дона электрон тамаки маҳсулотини Чуст туманида сотиш мақсадида олиб кетаётган вақтида ушланган.

Мазкур ҳолат тезкор тадбир ходимлари томонидан назоратга олиниб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Шу каби яна бир ҳолат, Департаментнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси, ИИБ ва божхона ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда ҳам аниқланган.

Маълум бўлишича, «Н.Т.» МЧЖ раҳбари К.Н. ва «Н.И.» МЧЖ раҳбари У.Ш.ларнинг савдо дўконларидан умумий баҳоси 99,2 миллион сўмлик жами 203 дона қалбаки акциз маркали алкоголь ҳамда 4 минг 436 қути акциз маркасиз тамаки маҳсулотлари аниқланиб, тезкор тадбир ходимлари томонидан ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.

«Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ёки ишлаб чиқариш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда», дейилади Департамент хабарида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?