Икки халқ ўртасидаги қўшничилик муносабатларида янги давр бошланмоқда

17:05 24 Октябр 2022 Жамият
289 0

Фото: Халқ сўзи

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўтган ҳафтада Туркманистонга ташрифи доирасида «Хоразм – Дашогуз» чегара олди савдо зонаси қурилишига тамал тоши қўйилди. «Шовот - Дашогуз» ўтказиш пункти ёнида қурилаётган ушбу объектнинг умумий майдони 20 гектарни ташкил этиб, ҳудудда савдо расталари, омборхоналар, контейнерлар учун майдончалар ва тадбиркорлар учун иш жойларидан иборат замонавий инфратузилма яратилади. Шубҳасиз, ушбу савдо ҳудуди икки мамлакат ўртасида ўзаро савдо ҳажмининг ошишига, бизнес алоқаларнинг фаоллашишига хизмат қилади.

Ханбай Сафаров, «Ҳурматли эл ёшуллиси» унвони соҳиби (Туркманистон):

— Шарқда бир ҳикмат бор: узоқдаги қариндошдан, яқиндаги қўшни яхши. Дарҳақиқат, ён қўшни-жон қўшни бўлган ўзбек ва туркман халқларини муштарак маданияту қадриятлар, урф-одатлардаги ўхшашлик, теран тарихий илдизлар ўзаро боғлаб туради. Икки қардош эл азалдан бир-бирининг маданиятини бойитиб, савдо-сотиқ қилиб келган, бир дарёдан сув ичган. Тили, дили ва дини бир бўлган бу икки халқ асрлар давомида ёнма – ён яшаб, бир-бири билан қуда-анда бўлиб кетган. Юртингизда Махтумқули ғазаллари билан айтиладиган қўшиқлар қанчалик севиб тингланса, Туркманистонда Навоий ижоди намуналари кириб бормаган хонадон йўқ ҳисоби. Хоразм ва Дашогуз вилоятлари чегараолди ҳудудида барпо этиладиган савдо маркази ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришга замин яратади.

Комилжон Рўзметов, Дашогуз вилояти Саъдулла Рўзметов номидаги қишлоқ хўжалик ҳиссадорлик жамияти раиси (Туркманистон):

— Кейинги йилларда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар янги, сифат жиҳатдан юқори босқичга кўтарилди. Ҳар икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувлари мамлакатларимиз ўртасидаги яқин қўшничилик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ҳиссадорлик жамиятимиз Ўзбекистондан турли русумдаги қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилади. Чегараолди ҳудудида қуриладиган савдо маркази туфайли эндиликда ҳар икки мамлакат ўртасида товар айирбошлаш ҳажми янада ортиб, экспорт ва импорт операциялари, инвестициялар ҳажми кўпаяди.

Аминбой Вафоев, меҳнат фахрийси, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби:

— Буюк ипак йўлида жойлашган икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий алоқалар азалдан ривож топган. Бугунги кунда ҳам ҳукуматлараро тадбирлар, ишбилармон доиралар ўртасидаги учрашувлар ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга кенг йўл очмоқда. Икки давлатнинг чегарадош ҳудудида «Хоразм – Дашогуз» савдо зонасининг ташкил этилиши икки халқ ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни ҳам юксалтиришга хизмат қилади. Чиндан ҳам яқин қўшничилик муносабатларимизда янги давр бошланмоқда.

Одилбек Одамбоев, «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер