Икки халқ орасига низо солишга ҳаракатлар ҳам бўлди — Вазир Сардобадаги тошқинининг Қозоғистонга зарари, томонлар қандай музокарага келгани ҳақида гапирди

Бугун, Қурилиш вазирлигида ўтказилган матбуот анжуманида журналистларга Сардоба сув омборини тиклаш ишлари ҳақида маълумот берилди. Унда Қурилиш вазири Ботир Зокиров, Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроевлар иштирок этди.
Маълумки, Сардоба сув омбори тўғонларидан бири 2020 йил 1 май куни ёрилиши оқибатида йирик сув тошқини юз берган эди. Сув омбори дамбасининг 60 пикет деворида сув чиқиши юзага келиши оқибатида йирик сув тошқини юзага келган эди.
Сардобадаги сув тўғонининг ёрилиши оқибатида Қозоғистоннинг Мақтаарал туманидаги баъзи аҳоли яшаш пунктлари сув остида қолган эди. Қозоғистонлик амалдорлар, хусусан Туркистон вилояти ҳокимининг ўринбосари Сакен Калькаманов Ўзбекистон расмийлари Қозоғистон томонга бир томчи сув ҳам ўтмаслигини маълум қилганини айтган эди, бироқ 14 та аҳоли пунктидаги юзлаб хонадонлар сув остида қолган эди.
Матбуот анжуманида «Халқ сўзи» мухбири мутасаддилардан қўшни Қозоғистон расмийларига Ўзбекистон номидан айнан ким ва нима сабабли шундай маълумот бергани бўйича изоҳ сўради. Ҳолат бўйича Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев маълумот берди.
«Ҳақиқатан, Қозоғистон ҳудудига сув ўтди, улар бизга мурожаат қилганда барча саволларга тўла-тўкис жавоб берганмиз. Авария бошланишиданоқ шахсан мен ҳам боғланганман, ўринбосарим ҳам боғланган ва улар сал нотўғри талқин қилишди. Кейин аниқлик киритдик, улар тан олди буни. Энди мен ҳозир ёмонламоқчи эмасман, баъзи нотўғри маълумотлар ҳам тарқалди, биз уларни ўзаро гаплашиб ҳал қилганмиз.
Ҳатто видео ҳам тарқалди. «Мана Ўзбекистондан Мақтааралга сув келяпти» деган мазмундаги. Биз сув кам бўлган вақтда ёрдам берганмиз уларни ҳам сув билан таъминлайлик деб, канални олиб борганмиз, улар раҳмат деган. Шуни улар видеоларда кўрсатилдики, мана Ўзбекистон ўзини сув босган ҳудудидан сувни олиб чиқиш учун бизга юборяпти, «Бос, Мақтаарални» деган гаплар, икки халқ орасига низо солишга ҳаракатлар, провакациялар ҳам бўлди. Юртбошимиз мамлакат раҳбари билан гаплашгач, яхши музокаралар бўлди. Биз хабар бериб турдик, шахсан мен ҳам гаплашиб турганман.
Улар менга савол беришди. Агар Дўстлик каналидан сувни бизга юборсанг аҳволимиз жуда оғир бўлади. Бизга осон эди, Дўстлик катта канал, сувни унга олиб ташлайверсак яна уларни баттарроқ сув босарди. Улар бундай қилманглар деб илтимос қилди. Мен уларга бошдан кафолат бердим Дўстлик каналидан сенга бир томчи ҳам сув бормайди деб ва шуни таъминладик. Шунинг учун миннатдорчилик хатлари берилди, Бош вазир имзоси билан. Биз жуда кўп тадбирларни ҳамжиҳатликда ўтказдик. Биз ўзимизни ҳам уларни ҳам талофатдан асраш учун, ҳамкорликда ишладик. Халқимизда дўст қийинчиликда билинади деган гап бор. Улар фалокат вақтида бизнинг вазиятимизни тушунди», деди Шавкат Ҳамроев.
Инобат АҲАТОВА,
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Азиз Тошпўлатов Ички ишлар вазири бўлди
- Элдор Шомуродов «Рома» клубининг февраль ойидаги энг яхши футболчиси деб топилди
- ИИВ собиқ раҳбари Пўлат Бобожонов янги лавозимга тайинланди
- Навоийда 8-синф ўқувчиси фарзандли бўлди
- Ўзбекистонда 8 июндан чиқиндидан қарздорлар электр учун тўлов қилолмайди
- «Тилимизга бефарқ бўлманг!» Атамалар комиссияси 30 та хорижий сўз учун ўзбекча муқобил таклиф қилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг