Икки халқ куйчиси, ғазалхон шоир Ўлмас Жамол хотираси ёд этилди

18:35 17 Май 2024 Жамият
154 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Ўлмас Жамол икки қардош ва жондош халқ — ўзбек ва тожик халқларининг ардоқли фарзанди, ширинкалом, ғазалхон шоири эди. У Ўзбекистонда туғилиб, Тожикистонда вояга етди, камол топди. Шу боис бир умр ўз ижодида икки халқни тараннум этди. Шоирнинг шеърлари ҳамон ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги абадий ва азалий дўстликнинг муқаддас мадҳияси бўлиб жарангламоқда. Шу боис ҳам бу икки миллат адабиётининг таниқли вакили бўлган Ўлмас Жамол «икки чаман булбули», «ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги кўприк» каби сифатлар билан таърифланади.

Ўлмас Жамол ҳаёт бўлганида бу йил 90 ёшга тўлар эди. Шу муносабат билан шоир туғилиб ўсган Ургут туманида унинг порлоқ хотирасига бағишланган адабий-маърифий кеча бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, адабиётшунос олимлар, тожикистонлик меҳмонлар, Ургут туман жамоатчилиги вакиллари, ўқувчи-талабалар ҳамда шоирнинг оила аъзолари қатнашди.

Тадбир доирасида иштирокчилар шоир яшаган уйда бўлиб, Ўлмас Жамолни ёд этишди. Хонадонда шоирнинг барелфиси очилди, гуллар қўйилди. Шундан сўнг унинг хотирасига Қуръон тиловат қилинди.

Адабий-маърифий кеча Ўзбекистон ва Тожикистон ҳамкорлигида бунёд этилган 154-сонли умумтаълим мактабида давом этди.

Тадбирда Ургут тумани ҳокими Ботир Жабборов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли адиб Фармон Тошев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоира Хосият Бобомуродова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими раҳбари, шоир Тошпўлат Тугалов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Жумагул Сувонова, «Ватандошлар» жамоат фонди раиси Одилжон Сатторов, Тожикистон «Халқ овози» газетаси бош муҳаррири Ёқубжон Абдуманнонзода ва бошқалар сўзга чиқиб, Ўлмас Жамолнинг адабиётга, ўзбек шеъриятини Тожикистонда тарғиб этишга ва бу икки халқ дўстлигини янада мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси ҳақида гапирдилар.

Қайд этилганидек, Ўлмас Жамол 1934 йилда Ургут шаҳрида, Жамол нонвой оиласида дунёга келган. Унинг болалиги Ургут туман марказида ўтган. Шоир мактаб ёшида ҳаёт ташвишлари билан банд бўлиб мактабга боролмай ўқишдан қолиб кетган. Улар Ургутнинг марказидан чойхона очиб, оилавий шу ерда ишлаганлар.

Тожикистонда яшаётган қариндошларининг даъвати билан 1947 йилда Ўлмас Жамол оиласи билан Тожикистоннинг пойтахти Душанбе шаҳрига кўчиб кетишади.

Ўша ерда 1956 йили ўрта мактабни битириб, шу йили Тожикистон Давлат университетининг тарих-филология факультети, тарих бўлимига ўқишга киради. Кейинчалик Тожикистон радио ва телевидениеси ҳамда «Халқ овози» газеталарида самарали фаолият кўрсатди.

1969 йили «Ирфон» нашриётида шоирнинг «Меҳр булоғи» номли, 1988 йилгача Тошкент ва Душанбе нашриётларида шоирнинг 9 та поэтик тўпламлари босилган.

1974 йили Тожикистон Ёзувчилар уюшмасига қабул қилинади. Ўлмас Жамол «Тожикистонда хизмат кўрсатган журналист» унвони, «Дўстлик» орденлари билан мукофотланган. Шунингдек, Абулқосим Лоҳутий номидаги мукофот лауреатидир.

Адибнинг 70 йиллиги арафасида «Сурур» номли, 75 йиллиги муносабати билан «Масрур», сўнгра «Манзур» номли девонлари, 80 ёшлиги арафасида эса «Маъмур» номли тўртинчи девони нашр этилди. У ижоди билан ғазал жанрини қайта жонлантиришга катта ҳисса қўшган шоирлардан ҳисобланади.

Тадбирда СамДУнинг Ургут филиали талабалари ва 154-мактаб ўқувчилари томонидан шоир шеърларидан намуналар ўқилди.

Шоирнинг юзга яқин ғазаллари қўшиқ қилиниб, Ўзбекистон ва тожикистонлик машҳур санъаткорлар томонидан ҳамон севиб куйлаб келинмоқда. Адабий-маърифий кеча ҳам санъаткорлар ижросидаги Ўлмас Жамол шеърлари асосида яратилган қўшиқлардан тузилган концерт дастури билан давом этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?