ИИВ академиясида курсантларнинг қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди

21:27 03 Сентябр 2022 Жамият
3147 0

2022 йилнинг 3 сентябрь куни Ички ишлар вазирлиги академиясида кундузги таълим бакалавриат йўналиши 1-ўқув курси курсантларининг қасамёд қабул қилиш маросимига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тантанали тадбирда Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, соҳа фахрийлари, Академия профессор-ўқитувчилари, курсантларнинг ота-оналари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Саф майдонига оркестр садолари остида Академия жанговар байроғи олиб кирилгандан сўнг, таълим муассасаси бошлиғи, полковник Рустам Хатамов барчани она Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги билан муборакбод этди.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 15 апрелдаги «Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-5076-сон қарори билан Ички ишлар вазирлиги академиясида бакалавриат ва магистратурадан иборат икки босқичли олий таълим тизими жорий этилди.

2022/2023 ўқув йилида таълим муассасасининг кундузги таълим бакалавриат йўналишига уч мингдан зиёд номзод ҳужжат топширди. Номзодларнинг аксариятини вазирлик академик лицейлари ва ҳарбий академик лицейлар битирувчилари, ишлар органи ходимлари, профилактика инспектори ёрдамчилари, шунингдек фуқаролик таълим муассасаларини тамомлаган ёшлар ташкил этди. Махсус касбий танлов ҳамда якка тартибдаги якуний суҳбат натижаларига кўра, кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган 701 нафар ўғил-қиз ўқишга қабул қилинди. Курсантлар Ички ишлар вазирлиги Ўқув-дала марказида бир ойлик бошланғич ҳарбий тайёргарликдан ўтиб, касбий ва жанговар-жисмоний кўникмаларга эга бўлдилар.

Тантанали маросимда шарафли ва масъулиятли касбни танланган курсантлар ички ишлар органи ходимининг хизмат қасамёдини қабул қилдилар.

Шундан сўнг, ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов сўзга чиқиб, ички ишлар органларини халқчил тузилмага айлантириш, соҳа учун профессионал кадрлар тайёрлаш, ходимларнинг интеллектуал ва касбий салоҳияти, маънавий-маърифий савияси, жанговар-жисмоний ҳамда руҳий тайёргарлигини ошириш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳақида тўхталди. Тантанали қасамёд қилган курсантларни муборакбод этиб, замонавий билимларни мукаммал эгаллашга, билдирилган юксак ишончни оқлаб, халқимиз, она Ватанимиз ва Президентимизга садоқат билан хизмат қилишга даъват этди.

Тадбирда ички ишлар вазири стипендияси ҳамда Жалолиддин Мангуберди номидаги стипендияга сазовор бўлган бир гуруҳ курсантлар ҳам тақдирланди. Ўқув йили давомида фанларни аъло баҳоларга ўзлаштирган, ижобий фазилатлари билан тенгдошларига намуна кўрсатган курсантлар вазирлик ҳамда Академия раҳбариятидан Фахрий ёрлиқларни қабул қилиб олдилар.

Ота-оналар ва курсантлар сўзга чиқиб, давлатимиз томонидан ёшларнинг баркамол вояга етишиши ҳамда ҳаётда муносиб ўрин эгаллаши учун яратилган улкан имкониятларни эътироф этишди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?