Ичимлик суви таъминоти тикланди 

19:21 14 Октябр 2020 Жамият
618 0

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Бешариқ туман жамияти томонидан Ёш авлод кўчасида яшовчи фуқаро Б.Турсуновнинг хонадонидаги тармоққа бир ҳафтадан буён тоза ичимлик суви келмаётганлигидан норози бўлиб Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.

— Биз яшаб турган ҳудуддаги кўплаб хонадонларга тоза ичимлик суви келмай қолди. Бу борада маҳалла фуқаролар йиғинига қилган мурожаатимдан натижа бўлавермагач, Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қилдим, — дейди Б.Турсунов.

Мурожаатни тўлақонли ўрганиб чиқилишини таъминлаш мақсадида истеъмолчи мурожаатини ўрганиш ишларига соҳа мутахассислари ҳам жалб қилинди. Жойида ўтказилган ўрганишлардан маълум бўлишича, ўша кунларда об-ҳавода кузатилган кескин ўзгаришлар оқибатида электр таъминотида тез-тез узилишлар содир бўлган. Натижада ҳудудни тоза ичимлик суви билан таъминлаб берувчи сув насоси ишламай қолган. Юзага келган ҳолат бартараф этилиб, ишдан чиққан сув насосини вақтинчалик бошқа насосга алмаштириш ишлари эса бироз кечиккан.

Ўрганиш ишлари давомида мазкур сув насоси «Фарғона сув таъминоти» МЧЖ Бешариқ туман филиали масъуллари томонидан янгисига алмаштирилиб, аҳоли хонадонларига тоза ичимлик сувини бир маромда етказиб берилишига эришилди. Шунингдек, тоза ичимлик сувини ҳисоблагичларсиз ва ойлик меъёрий тўлов асосида истеъмол қиладиган хонадонлардаги истеъмолчилар ўртасида турли тушунмовчиликлар ва норозиликлар келиб чиқмаслиги учун, ҳудудда насос ишдан чиқиб, сув етказиб берилмай турилган кунлар қайта ҳисоб-китоб қилиниб, мазкур хонадонларнинг ойлик тўловларидан чегириб ташланадиган бўлди.

— Бизнинг пандемия шароитида қилган мурожаатимизни ўз вақтида ўрганиб чиқиб, ижобий ҳал этилишида ўзларининг беминнат меҳнатини аямаган туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари ва туман ичимлик суви етказиб берувчи ташкилот масъулларига ўз миннатдорчилигимизни изҳор этамиз, — дейди мурожаатини ўрганиш натижалари бўйича туман жамиятига берган миннатдорчилик хатида Б.Турсунов. – Мурожаатимизни ижобий ҳал этилиши натижасида бугун нафақат менинг хонадоним, балки шу тармоқдан сув истеъмол қилувчи 17 та хонадонга ҳам тоза ичимлик суви таъминоти тикланди.

Туман жамияти мутахассислари томонидан фуқаро мурожаатини ўрганилиши доирасида ҳар икки томон, ичимлик сувини етказиб берувчи корхона масъуллари ва ҳудуд фуқароларига истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик асосларининг тарғиботи ҳам ўтказилди.

Улуғбек ЖУРАЕВ,
Бешариқ туман ИҲҲҚ жамияти бош мутахассиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?