Иброҳим Абдураҳмонов АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник билан учрашди

21:16 25 Январь 2023 Сиёсат
450 0

25 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Хеник билан учрашди.

Учрашувда АҚШ элчихонаси вакиллари – Жамоатчилик билан алоқалар бўйича маслаҳатчи Алексис Салливан (Alexis Sullivan) ва Сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчи Абдумалик Исмоилов иштирок этди.

Учрашув давомида университетлар ўртасида ҳамкорлик, талабалар, докторантлар ва тадқиқотчилар алмашинув дастурлари, инглиз тилини қўллаб-қувватлаш каби лойиҳалар доирасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири И. Абдураҳмонов Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида АҚШ томонига батафсил маълумот берди. Ўзбекистонда олий таълим сифатини оширишга қаратилган дастурларни жорий этиш, кадрларни тайёрлашни такомиллаштириш билан боғлиқ бўлган ҳамкорликка янада кўпроқ эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Жумладан, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва муқобил энергия манбалари, машинасозлик, архитектура ва қурилиш, тўқимачилик ва кимё саноати технологиялари, тиббиёт ва фармацевтика, шунингдек, математика, физика, химия, биология ва геология фанларини ўқитишга алоҳида урғу берилаётгани айтилди.

Профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, инглиз тилини ўқитиш, шунингдек, республика олий таълим муассасаларига маъруза ўқиш, семинарлар ва маҳорат дарсларини ўтказиш мақсадида америкалик мутахассисларни жалб қилиш ҳамда Ўзбекистонда АҚШ университетлари филиалларини очиш Ўзбекистон томони учун манфаатли эканлигига алоҳида тўхтаб ўтилди.

Қўшма таълим дастурларини (Double-degree Program) яратиш, америкалик мутахассисларни республика олий таълим муассасаларига жалб қилган ҳолда қисқа ва узоқ муддатли маърузалар, маҳорат дарсларини ташкил этиш орқали ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳам катта аҳамиятга эгалиги ҳақида сўз юритилди.

Ўз навбатида, Ж. Хеник элчи жаноблари Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида таълим соҳасидаги икки томонлама алоқалар жадал ривожланиб бораётганлигини таъкидлаб ўтди ва келгусида алоқалар янада юқори даражага кўтарилишига умид билдирди.

Элчи Ж. Хеник Халқаро таълим бўйича Америка кенгашлари (ACIE) томонидан Марказий Осиё университетлари ҳамкорлиги дастури (UniCEN), Ўқитувчилар малакасини ошириш дастури (Faculty Enrichment Program – FEP) ҳамда Инглиз тили стипендияси дастури (English Language Fellow Program – EL Fellow) республика олий таълим муассасалари иштирокида амалга оширилаётганлигини ҳамда келгусида ушбу дастурлар ҳамкорлик алоқаларини ривожланишига яна бир туртки бўлишини таъкидлаб ўтди. Шулар қаторида, 2023 йил октабр ойида Ўзбекистонда АҚШ университетлари ҳамда республика ОТМлари иштирокида форум ёки конференция ўтказиш таклиф этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер