I МДҲ ўйинлари: бу сафар боксчи ўсмир йигитлардан ёрқин натижалар — 4 та олтин ва 2 та кумуш

21:21 05 Сентябр 2021 Спорт
917 0

5 сентябрь куни «Қозон — 2021» Биринчи МДҲ ўйинлари доирасида ўтказилаётган баҳсларда 48 кг.гача бўлган вазнда боксчимиз Жавоҳир Куйсинов финалда россиялик рақиби Артём Тамразянга қарши жанг олиб борди ва ўсмир йигитлар ўртасидаги бокс беллашувининг илк олтин медалини қўлга киритди.

Яна бир ҳамюртимиз 50 кг.гача оғирликда Саят Илясов ҳам россиялик рақиби Артём Назаровга қарши ҳал қилувчи баҳсда ишончли ҳаракат қилиб, шоҳсупанинг энг юқори қисмидан жой олди.

Делегациямизга учинчи олтинни 54 кг вазн тоифасида рингга чиққан ҳамюртимиз Фаррух Тўлаганов келтирди. У арманистонлик рақиби Гайк Тадевосянга қарши кечган шиддатли баҳсда ғалаба қозонди ҳамда биринчи ўринни қўлга киритди.

63 кг.гача бўлган вазнда эса Бунёджон Амиров россиялик Семён Степановни финалда бир очко фарқи билан ортда қолдирди ва навбатдаги олтин медални қўлга киритди.

46 кг.гача бўлган вазнда Илҳомжон Эргашев ва 57 кг.гача оғирликда Қаҳрамонжон Фозилов кумуш медаль соҳиби бўлдилар. 



Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?