Ҳунарманд темурийлар давридаги чолғулар ҳақида қўлланма ёзди

16:04 09 Сентябр 2022 Жамият
376 0

Фото: Халқ сўзи

Мамлакатимизда шундай ҳунармандлар борки, улар даромаддан кўра халққа фойдаси тегишини кўпроқ ўйлайдилар. Ана шулардан бири бўлмиш андижонлик Абдумалик Мадрайимов ўзбек миллий чолғу асбобларини ясаш билан шуғулланади. Унинг оилавий устахонасида ортда қолган йиллар давомида 11 та Ўрта асрга тегишли мусиқа асбоблари қайта тикланган. У яратган созлар нафақат, республикамизда, балки, хорижда ҳам мусиқа санъатини ривожлантиришда қўлланиб келинмоқда. 50 йилдан буён мусиқа тарихи билан машғул ҳунарманд бугун ўзининг янги китобини чоп эттирди. «Амир Темур ва темурийлар давридаги чолғулар» номли ушбу тўпламда темурийлар давридаги созлар ҳақида етарли маълумотлар ва уларга олимлар томонидан берилган изоҳлар ўрин олган.

— Бу тўпламни яратиш учун минглаб тарихий китобларни ўқиб чиқишга, миниатюра санъатини таҳлил қилишга тўғри келди, — дейди Абдумалик Мадрайимов. — Тарихий манбаларда маълум бўлишича, темурийлар даврида мусиқага ниҳоятда катта эътибор қаратилган. У санъат даражасида ривожланган. Ҳар бир сознинг овози, оҳанги бир-бирини такрорламас даражада мукаммал бўлган. Афсуски, буни китобдаги ёзувлар орқали тинглаб бўлмайди. Шу боис келгусида тингловчига ўша овозларни етказиб бера оладиган созларни яратишни ният қилдим.

Тан олиш керак, бугунги кунда мусиқа мактаблари ва коллежларда темурийлар даври мусиқа санъати ҳақида маълумот берувчи қўлланмалар мавжуд эмас. Шу боис ҳам ҳунарманднинг ушбу тўплами бўлажак мусиқасозларни янги машғулот даврасига жалб этиши, шубҳасиз.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?