​​​​​​​Ҳукуматга инсон ҳаётига дахлдор бўлган муҳим масалада парламент сўрови юборилди

17:50 20 Ноябрь 2020 Сиёсат
236 0

Олий Мажлис Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига мамлакатимизда тошқинлар, сел оқимлари, кўчки хавфи мавжуд тоғ ва тоғолди ҳудудларда жойлашган аҳоли пунктлари ва иқтисодий объектлар хавфсизлигини таъминлашга оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.

Аҳоли билан мулоқотлар, уларнинг мурожаатлари, жойлардаги ўрганишлар, тармоққа оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили ушбу соҳада ҳали ҳам қатор тизимли муаммо ҳамда камчиликлар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Мамлакатимизнинг гидрометеорологик ва геологик хавфли ҳудудларда истиқомат қилаётган фуқароларни хавфсиз ҳудудга кўчириш юзасидан таъсирчан назорат тўлиқ ва самарали ўрнатилмаганлиги сабабли гидрометеорологик ва геологик хавфли ҳудудлардаги 602 та хўжаликдан 117 таси, ушбу хўжаликларда истиқомат қилаётган 2476 нафар фуқародан 624 нафарини хавфсиз ҳудудга доимий яшаш учун кўчириш лозимлиги аниқланган бўлса-да, биргина 2020 йил ўн ой якунига кўра фақатгина 9 та хўжаликнинг 59 нафар фуқароси доимий яшаш учун хавфсиз ҳудудларга кўчирилган холос. Қолган хўжаликлар эса вақтинчалик яшаш учун хавфсиз ҳудудга кўчирилган. Бу дегани вақтинчалик кўчирилган фуқаролар хавфли ҳудудга қайтиб бориб, яшашни давом эттиради.

2019 йилда эса доимий яшаш учун кўчирилиши лозим бўлган 113 та хўжаликнинг 569 нафар фуқаросидан 34 та хўжаликнинг 132 нафар фуқароси хавфсиз ҳудудларга кўчирилган холос.

Бундан ташқари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари хавфли геологик жараёнлар кучайиши мумкин бўлган жойлардаги саноат ва хўжалик қурилишларининг лойиҳаларини Хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизмати билан келишиши белгиланган бўлсада, вилоят ҳокимликлари томонидан 2019-2020 йилларда тоғ ва тоғ олди ҳудудларида тадбиркорлик фаолияти, уй-жой қуриш учун Хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизмати хулосаларисиз юзлаб ер ажратиш ҳолатлари кузатилган.

Бугунги кунда тоғ ва тоғ олди ҳудудларида Хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизмати хулосаларисиз қурилган саноат ва хўжалик объектларининг сони ҳақидаги аниқ маълумотлар ҳеч бир мутасадди идораларда мавжуд эмаслиги аниқланган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизмати ходимлари томонидан гидрометеорологик ва геологик хавфли ҳудудларда жойлашган аҳоли пунктлари ва иқтисодий объектларни тошқин сувлари, сел оқимлари ва кўчки ҳодисаларидан муҳофаза қилиш мақсадида мутасадди идора раҳбарларига киритилган тақдимнома ва кўрсатмаларга юзаки ёндашиш, ижросини тўлиқ таъминланмаслик ҳолатлари мавжуд.

Хусусан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва бошқармалари ходимлари томонидан мутасадди идора раҳбарларига 2019 йилда киритилган 251 та тақдимноманинг 152 таси, яъни 60 фоизи, 2020 йилнинг 10 ойи давомида эса киритилган 307 та тақдимноманинг 206 таси, яъни 67 фоизи инобатга олинган холос.

Хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизмати ходимлари томонидан 2020 йилда киритилган 41 та кўрсатманинг 6 таси ижроси бажарилмаган, 18 тасининг ижроси эса қисман бажарилган.

Бу каби камчиликлар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизмати ходимлари томонидан киритилаётган тақдимномалар ижросини таъминламаган мутасаддиларга нисбатан таъсирчан чоралар кўришни тақозо этмоқда.

Бундан ташқари, тошқинга қарши ҳудудий комиссиялар томонидан ҳудудий манзилли дастурлар шакллантирилиши белгиланган бўлса-да, манзилли дастурларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, яъни муҳандислик-ҳимоя ишлари учун тегишли ҳокимликлар ва Молия вазирлиги томонидан етарли миқдорда маблағлар ажратилмай келинмоқда.

Муҳандислик-ҳимоя тадбирлари ўз вақтида олиб борилмаслиги оқибатида қирғоқлари мустаҳкамланиши, дамба тикланиши лозим бўлган ҳудудлар кенгайишига, тошқин сувлари ва сел оқимлари хавфи ортишига шу ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолининг ҳақли эътирозлари, шунингдек, ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларидаги ҳаражатларнинг кескин кўпайишига сабаб бўлмоқда.

Биргина мисол: Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани “Кетмон “МФЙ га қарашли «Октам» маҳалласи аҳолисини муҳофаза қилиш учун «Бойсун-Оккапчиғой» сойининг қирғоқларини мустаҳкамлаш ишлари бўйича

2019 йилда зарур бўлган 1 млрд. сўм маблағ ажратилмаган, шу ишлар учун 2020 йилда зарур бўлган маблағ 2 млрд. сўм бўлган лекин ажратилмаган, эндиликда мазкур ишларни 2021 йилда бажариш учун 3 млрд. сўм маблағ ажратилиши режалаштирилиб, дастурга киритилган.

Дарёлар ва сойлардан ўзбошимчалик билан ноқонуний қум-шағал қазиб олиниши натижасида дарё ва сой ўзанлари чуқурлашиб, сув оқимлари тезлашиб, ўзанлари ўзгариши оқибатида қирғоқлар ювилиши, дамбалар бузилиши, кўприкларнинг таянч устунлари емирилиши кузатилиб, дарё қирғоғига яқин масофада яшовчи аҳоли хонадонлари ва иқтисодиёт объектларига хавф юзага келмоқда, автомобиль кўприклари муддатидан олдин авария ҳолатига келиб қолмоқда.

Бунинг натижасида Андижон, Наманган, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент ва Сирдарё вилоятлари ҳудудидан оқиб ўтувчи дарё ўзанларидан ноқонуний қум-шағал қазиб олиниши оқибатида 300 га яқин аҳоли хонадонларига хавф юзага келган.

Шунингдек, Андижон, Самарқанд, Сурхондарё, Жиззах, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида 26 та магистраль йўллардаги кўприкларнинг таянчлари критик ҳолатга келиб қолган.

Қолаверса, тошқин сувлари, сел оқимларидан зарар кўрган маҳаллий йўллардаги ички кўприкларни таъмирлаш, қайта тиклашда муаммолар мавжуд.

2019-2020 йилларда республика бўйича ёғингарчилик мавсумида сел оқимлари натижасида маҳаллий йўллардаги ички йўлларнинг 31 та жойида йўл қопламаларига ҳамда 90 та ички автомобиль кўприкларига етказилган зарар бўйича маҳаллий бюджетда маблағ етишмаслиги сабабли шу кунга қадар таъмирланмаган.

Бундан ташқари, «Ўзтрансгаз» АЖ тасарруфидаги магистраль газ қувурларининг дарё ўзанлари ва каналлардан очиқ ҳолатда кесиб ўтган участкалари яқинида ташкил этилган норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишлари натижасида мазкур дарё ўзанларининг ўзгариши дарёдан кесиб ўтувчи магистраль газ қувурларнинг тиргакларини ушлаб турувчи қирғоқларнинг ювилиб кетишига сабаб бўлмоқда. Бу ҳолатлар ўз навбатида магистраль газ қувурлари очиқ ҳолатда кесиб ўтган дарё ва каналлар қирғоқларини тиклаш ва қурилиш ишларига катта маблағларни сарф бўлишига олиб келмоқда.

Шу жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига мамлакатимизда тошқинлар, сел оқимлари, кўчки хавфи мавжуд тоғ ва тоғолди ҳудудларда жойлашган аҳоли пунктлари ва иқтисодий объектлар хавфсизлигини таъминлашга оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан парламент сўрови юбориш тўғрисида Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?