Ҳудудларда йўловчи ташиш транспорти тизими йўлга қўйилганлик ҳолати қандай?

15:15 17 Ноябрь 2022 Жамият
261 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракцияси ҳамда Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ҳамкорлигида «Ҳудудларда йўловчи ташиш транспорти тизими йўлга қўйилганлик ҳолати ва истиқболдаги режалар» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда қуйи палата депутатлари, Транспорт вазирлиги мутасаддилари, вазирликнинг ҳудудий бошқармалари, “Uzbekistan Airways” АЖ, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда йўловчи ташиш транспорти тизимини ривожланиш соҳасида Транспорт вазирлиги томонидан қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, автомобиль транспортида йўловчи ташувчи 3502 та тадбиркорлик субъектлари ва 32976 та жисмоний шахслар томонидан жами 110808 та автотранспорт воситаларида йўловчи ташиш хизматлари кўрсатиб келинмоқда.

Ҳозирги кунда республика бўйича аҳолининг ўртача 22 фоизи, (Тошкент шаҳрида 33 фоиз) жамоат транспортидан фойдаланяпти. Жумладан, республикада йўлга қўйилган 3447 та йўналишларнинг 1172 тасида автобус, 305 тасида микроавтобус, 1970 тасида эса «Дамас» автомобиллари қатнови амалга оширилаётир.

Транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида 112 та инвестиция лойиҳа доирасида 522,2 млн. АҚШ доллар маблағ ўзлаштирилмоқда. Жорий йилнинг январь-сентябрь ойлари якуни билан ҳудудларда республика бўйича 586 та янги автобус ва микроавтобуслар харид қилиниб, йўловчи ташиш йўналишларига жойлаштирилди.

Шу даврда Қорақалпоғистон Республикасида 15 та, Бухорода 2, Навоийда 3, Наманганда 5, Самарқандда 5, Сурхондарёда 1, Сирдарёда 4, Фарғонада 4, Хоразмда 2, Тошкент вилоятида 12 та ва Тошкент шаҳрида ҳам 12 та янги ички автобус йўналишлари ташкил этилди.

Шунингдек, Бухоро вилоятининг Олот ва Бухоро туманларида 2 та янги замонавий охирги тўхташ бекатлари қурилиб, йўловчилар учун фойдаланишга топширилди. Тадбиркорлик субъектлари томонидан қурилган 2 та автостанциялар фаолияти йўлга қўйилди.

Аҳолига жамоат транспорти хизматларини кўрсатиб келаётган ташувчиларнинг тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида эса январь-сентябрь ойларида ҳудудларда норентабел бўлган шаҳар атрофи ва вилоят ичи шаҳарлараро автобус йўналишларида кўрган зарарлари ўрнини қоплаш учун маҳаллий бюджет маблағларидан 4 610,0 млн, шаҳар йўналишларида фуқароларнинг айрим тоифаларини бепул ташилиши натижасида кўрилган зарарларни ўрнини қоплаш учун 4 802,2 млн. сўм субсидиялар ажратилди.

Бугунги кунда «Автоматлаштирилган транспорт тўлов тизими оператори» МЧЖ томонидан дастлаб вилоят марказларидаги Гулистон, Қарши, Урганч, Нукус, Самарқанд, Андижон шаҳарларидаги автобус ва микроавтобусларига 686 та валидатор ва 44 та мобиль валидаторлар ўрнатилиб, автоматлаштирилган тўлов тизимига ўтказилган. Йил якунига қадар қолган вилоят марказларидаги автобус ва микроавтобусларга босқичма-босқич татбиқ этилади.

Семинарда жорий йил якунига қадар эса ўз ечимини кутаётган қатор ишлар амалга оширилиши, хусусан, 85 дона ўрта сиғимли “SAZ LE-60» русумли ва 190 дона катта сиғимли “MAN” русумли автобуслар харид қилиш, 17 та ер усти жамоат транспортининг янги йўналишларини жорий этиш ҳамда 50 та тирбанд чорраҳаларнинг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш белгиланаётгани ҳақида ҳам маълумот берилди.

Шу билан бирга, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ижроси юзасидан қўшни давлатлар билан тўғридан-тўғри боғлайдиган туристик автобуслар қатновини жорий этиш назарда тутилган. Бу борада жорий йилда қўшни давлатлар билан музокаралар олиб бориш, музокараларнинг ижобий натижасига кўра, мамлакатимиз томонидан бажариладиган чоралар учун тармоқ жадвал ишлаб чиқиш мақсад қилинган.

Йил якунига қадар эса қишлоқни туман маркази билан, туман марказини вилоят маркази билан боғлайдиган жами 200 та янги автобус йўналишларини ташкил этиш белгиланган. Қолаверса, халқаро автобус йўналишларини қайта тиклаш бўйича Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида «Самарқанд — Иргели» ва «Янгийўл — Иргели» янги мунтазам халқаро автобус йўналиши очиш назарда тутилган. Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида «Янгиер — Шаҳристон» янги мунтазам халқаро автобус йўналишини очиш режалаштирилган.

Тадбир давомида амалга оширилган ишлар эътироф этилиб, мавжуд камчилик ва муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича тегишли тавсиялар берилди. Муҳокамалар давомида депутатлар томонидан ўртага ташланган барча саволларга мутасаддилардан атрофлича жавоблар олинди.

Якунда муҳокама этилган масалалар юзасидан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди ва тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?