Ҳоли забун мадраса, ниҳоят, реставрация қилинмоқда

14:52 12 Август 2022 Жамият
217 0

Фото: Халқ сўзи

Гап Бухоро шаҳридаги Абдулазизхон мадрасаси ҳақида бормоқда. У 1651-1652 йилларда барпо этилган. Маҳобатли бу обида ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган «Бухоро тарихий маркази»да жойлашган. Мирзо Улуғбек мадрасаси рўпарасида қурилган бу гўзал иншоот кейинги йилларда ташқи таъсирлар (ёғингарчилик) ва эътиборсизлик оқибатида абгор ҳолга тушиб қолган эди. Унинг шарқий девори бир қисми қулади ҳатто.

Ниҳоят, беш йилдан буён шу аҳволда ётган мадрасани асл ҳолига келтириш борасида амалий ҳаракатлар бошланди. У Бухоро минтақавий реставрация марказининг малакали усталари томонидан амалга оширилмоқда.

— Бу тарихий ёдгорликни гавҳарга ўхшатиш мумкин, — дейди таъмирловчи-усталар бригадаси бошлиғи Жўрабой Жумаев. — Жуда муҳташам. Уни асраб-авайлаш билан боғлиқ ишлар шунга яраша нозик ёндашувни талаб қилади. Бизда бу каби ёдгорликларни рисоладагидек таъмирлаш, реставрация қилиш учун тажриба етарли. Шахсан ўзим 26 йилдан буён шу соҳада ишлайман. Яна бир устамиз Толиб Обиддинов эса тарихий обидаларни реставрация қилиш борасида қирқ йиллик тажрибага эга.

Уста-реставраторларнинг таъкидлашларича, маданий мерос объектларини асраб-авайлаш ва реставрация қилишда уни барпо этишда фойдаланилган материаллар ҳамда тупроқ, сувоқ таркибини ўрганиш жуда муҳим.

— Бухоро мухандислик технология институти олимлари мадраса шарқий деворидан намуналар олиб, таркибини ўрганиб чиқишди, — дея давом этади Ж. Жумаев. — Аниқланишича, унда ота-боболаримиз қирганчдан ҳам фойдаланишган экан. Биз шундан келиб чиқиб, аралашма таркибига оҳак, ганч, гипсдан ташқари кул ҳам қўшяпмиз. Шарқий девор пойдевор қисмига эса худди қадимда қилинганидек, қамишни горизонталь ҳолда қўйдик. Қамиш намлик ва захга тўсиқ вазифасини ўтайди. Гумбазларни, шунингдек, мадраса девор ташқи қисмини шу ёдгорликка тегишли обиғиштлар билан таъмирлаяпмиз. Деворнинг бир қисми қулаган пайтда обиғиштларни ажратиб олиб қўйган эдик.

Маълумотларга қараганда, айни пайтда Бухородаги 8 та маданий мерос объектида реставрация, консервация, таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилмоқда.

Абдулазизхон мадрасасига келсак, унинг таъмирталаб ва ҳатто авария ҳолатига тушгани тўғрисида «Халқ сўзи»да икки бор танқидий чиқиш қилинган эди.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер