Ҳокимларнинг ер ажратиш бўйича ваколатлари бекор қилиши мумкин

22:00 18 Декабрь 2020 Жамият
1005 0

Бугун, 18 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда адлия вазири Р.Давлетовнинг вазирликнинг норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги мавжуд муаммолар ва уларни ечимларига оид ахбороти эшитилди.

Мажлисда Сенат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, 2020 йил давомида вазирлик томонидан 142 та шундан, 31 та қонун, 19 та Президент фармонлари ва 15 та Президент қарорлари ҳамда 64 та Ҳукумат қарори лойиҳалари ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилган.

Биргина лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштиришга қаратилган фармон тадбиркорлик соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди. Мазкур Фармон билан лицензияларнинг 26 фоизи ва рухсат берувчи ҳужжатларнинг 25 фоизи тўлиқ бекор қилинди.

Тарихда биринчи марта электрон шаклда қонун ҳужжати қабул қилинди ҳамда бугунги кунга қадар 70 дан ортиқ электрон шаклдаги идоравий ҳужжатлар давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу орқали, вазирлик ва идораларга кўплаб енгиллик ва қулайликлар, шунингдек ортиқча сарф-харажатлар камайишига, вақтнинг тежалишига имконият яратилди.

Шунингдек, вазирлик томонидан қонун ҳужжатларини “Тартибга солиш гильотинаси” усули жорий этилди. Бу усул орқали 2019 ва 2020 йилнинг ўтган даври давомида жами 800 дан ортиқ идоравий ҳужжатлар ўз кучини йўқотган деб топилди.

Қолаверса, адлия вазири томонидан вазирлик ва идораларнинг норма ижодкорлиги фаолиятида камчиликларга ҳам тўхталиб ўтилди. Жорий йил ўтган даври давомида вазирликка экспертизадан ўтказиш учун жами 2 478 та лойиҳа келиб тушган улардан 2 310 таси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган, 168 таси эса ўтказилмасдан Регламентга мувофиқ қайтарилган.

Бунга сабаб: лойиҳаларда кўтарилган муаммолар, чуқур таҳлил қилинмаяпти ва таклиф этилаётган янги механизмларни ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсири баҳоланмаяпти, соҳани тартибга солувчи ҳужжат бўла туриб, айнан шу масалада янги ҳужжатлар ишлаб чиқилмаяпти, шу билан бирга давлат органлари томонидан лойиҳаларни иқтисодий, молиявий, илмий ва бошқа турдаги экспертизаларини ўтказишда сусткашликка йўл қўйилмоқда.

Шунингдек, ер қонунчилигига оид нормаларни амалиётда қўллашда мутассади давлат органлари ва ташкилотлари томонидан кўплаб камчиликлар аниқланмоқда. Мисол тариқасида мутасадди идоралар томонидан тизимга фақат энг чекка ва зарур инфратузилмага эга бўлмаган ерлар номигагина ҳамда расмиятчилик учун киритилиб келинаётганлигини келтириш мумкин.

Бундан ташқари, ҳозирги кунда тепадан қуйи поғонагача бўлган давлат хизматчиларининг функционал вазифалари ва амалда бажараётган ишлари бир бирига тўғри келмаслиги таъкидланди.

Мазкур муаммоли ҳолатларни бартараф этиш мақсадида адлия вазири томонидан бир қатор таклифлар илгари сурилди.

Жумладан,

· ҳокимларнинг ер участкаларини ажратиш бўйича қарорлар қабул қилиш институтини бекор қилиш;

· ер участкаларини тоифасига қараб тадбиркорлар ва фуқароларга электрон онлайн-аукцион, танлов, энг яхши таклифни танлаш орқали ҳамда давлат-хусусий шериклик битими асосида ажратиш;

· ер қонунчилигини бузганлик учун биринчи навбатда иқтисодий ҳамда маъмурий чоралар қўллаш ҳамда ер участкасига бўлган ҳуқуқларни тугатишнинг асосларини кескин камайтириш;

· тегишли қонунларда барча даражадаги давлат хизматчисининг функционал вазифаларини аниқ белгилаш.

Мажлис давомида адлия вазири томонидан Қонунни нафақат аҳолига, балки давлат хизматчиларига айниқса давлат бошқарувининг энг қуйи бўғинлардаги ҳуқуқни қўлловчиларига тўғирлаб тушунтириш кераклиги алоҳида таъкидланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?