Ҳоким ёшларни вилоятнинг драйверлари, дея эътироф этди

21:15 29 Октябр 2020 Жамият
304 0

Наманган шаҳридаги «Ёшлар маркази»да «Ҳоким ва ёшлар» учрашуви бўлиб ўтди.Тадбир арафасида БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси (UNODC ROCA) номидан юридик клиника — ҳуқуқий клиника маркази очилди. Мазкур клиникани очилиши бўйича вилоят адлия бошқармаси ва Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси раҳбарлари иштирокида меморандум имзоланди.

«Ҳоким ва ёшлар» учрашувида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчиШавкатжон Абдураззоқов, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси (UNODC ROCA) раҳбари Ашита Миттал, БМТ Тараққиёт Дастурининг (UNDP) Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска иштирок этдилар.

Уларнинг чиқишларидан сўнг тадбир очиқ мулоқот шаклида давом этди. Айни жараёнда жойларда ёшлар марказлари, инклюзив таълим мактаблари очиш, Ёшлар парламенти аъзоларининг маҳаллий кенгашлар фаолиятидаги иштирокини таъминлаш, имтиёзли асосда ёшлар уйларидан хонадонлар олиш ва бошқа масалалар юзасидан таклифлар тингланди, саволларга жавоб қайтарилди.

—Ёшлар бандлигини таъминлаш устувор вазифаларимиздан. Бунда уларни бизнес юритиш ва тадбиркорликнинг бошқа соҳаларига жалб этиш имкониятларидан кенг фойдаланяпмиз. Айни мақсадда махсус кичик саноат зонаси ташкил этилмоқда. Унинг 30 гектарли ҳудудида 65 та лойиҳа жойлаштирилади, 3,5 мингта янги иш ўрни яратилади. IT park, касб-ҳунарга ўргатиш марказлари очилмоқда. Буларнинг барчаси вилоятимиз аҳолисининг 60 фоизини ташкил этадиган ёшлар учун ва уларга барча шароитларни яратишга тайёрмиз. Уларни бемалол вилоятимиз драйверлари деб атасак бўлади, — деди Ш.Абдураззоқов.

Тадбир якунида бир гуруҳ фаол ёшларга вилоят ҳокимлигининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?