Ҳоким ёрдамчиси кўп ишга қодир

09:15 28 Сентябр 2022 Жамият
522 0

Фото: Халқ сўзи

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси лавозими ташкил этилиб бу вазифага ёш, ғайратли ва изланувчан кадрларнинг жалб этилиши қисқа вақт ичида ўз самарасини кўрсата бошлади. Масалан, Наманган вилояти Тўрақўрғон туманининг Қодиробод маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият олиб бора ётган Қодиржон Ғаниев ҳудудни ривожлантириш, бандликни таъминлаш борасидаги амалий ишлари билан аҳоли турмушида ижобий ўзгаришлар ясашга муваффақ бўлди.

У иш бошлаган дастлабки кунлардаёқ хонадонларни обдон ўрганиб, ким билан қандай ҳамкорлик қилиш зарурлигини аниқ белгилаб олган эди. Биринчи навбатда тадбиркор маҳалладошлари кўмагига суяниш, улар қаторига янгидан-янги ишбилармонларни тортишни кўзлагани тўғри бўлган экан. Айланма маблағ, технология сотиб олиш масаласида қийналиб юрган тадбиркорларга 351 миллион сўм миқдорида кредит олиб берилиши билан 30 та истиқболли лойиҳа ижросини топди. Хунармандчилик, бошқа кундалик касблар эгаси бўлган 110 фуқаро ўзини-ўзи банд қилиш имкониятидан фойдаланди. 62 нафар аёл-қизларни касб-ҳунарга йўналтириш орқали уларни даромадли юмушларга жалб қилинди. Деҳқончиликка уқувли 117 нафар ишсиз фуқарога эса аукцион орқали ер олишга ёрдам кўрсатилди.

— Одамларни иш билан таъминлаш учун энг кичик имкониятларни ҳам ҳаракатга келтиряпмиз, — дейди Қ. Ғаниев. — Мисол учун, ҳудуддаги анчадан буён бўш турган каттагина бино эътиборимни тортди. Наманган шаҳрида фаолият олиб бораётган «Мега стиль гроуп» хорижий қўшма корхонаси мутасаддиларига шу жойдан фойдаланиш таклифини бердим. Филиал очишди, бугун 20 нафар хотин-қиз тикувчилик қилиб, 2 миллион сўмдан кўпроқ маош оляпти.

Бундан ташқари каттагина анорзорини оилавий бизнес манбаига айлантирган Собиржон Обиджонов ҳоким ёрдамчиси маслаҳати билан етиштирган ҳосилини қайта ишлаб, шарбат тайёрлашга ўтди. Даромади уч баравар ортди. Абдураҳмон Азизовга эса кредит ҳисобига 10 бош қўй олиб бериб, хонадон чорваси ташкил қилинди.

Маҳалладошларига мотивация бериб, уларнинг мақсад ва режаларига қанот бағишлаётган ҳоким ёрдамчисидан аҳоли мамнун.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ. «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер