Ҳиндистонда дунёда энг кўп сайловчи иштирок этадиган парламент сайлови бошланди

08:53 19 Апрель 2024 Дунё
258 0

Бугун Ҳиндистонда парламент сайлови бошланди.

1 июнда якунланадиган мазкур сайлов дунёдаги энг узоқ вақт давом этадиган сиёсий тадбир бўлади ва унда бир миллиардга яқин сайловчи овоз бериши кутилмоқда.

Парламент сайловида амалдаги ҳукмрон «Бҳаратия жаната парти» ва унга асосий мухолиф сиёсий куч бўлган «Ҳиндистон миллий конгресси» партияси аъзолари асосий рақобат олиб боради.

Ҳиндистон парламент демократияси жорий қилинган ва дунёда аҳолиси энг кўп бўлган мамлакатдир. Парламентнинг қуйи палатаси – 543 ўринли Лок Сабҳанинг амалдаги фаолият муддати 16 июнь куни тугайди. Ушбу муддатгача Лок Сабҳанинг янги таркиби шакллантирилиши ва ҳукуматга кейинги 5 йилда раҳбарлик қиладиган Бош вазир номи эълон қилиниши керак.

28 та штат ва 8 та иттифоқ ҳудудларида овоз бериш жараёни бир неча босқичда ўтади ҳамда овозларни санаш 4 июнь куни якунланиши зарур. Сайловда 968 миллион нафарга яқин сайловчи қатнашади.

Сайлов арафасида ўтказилган сўровлар амалдаги Бош вазир Нарендра Модининг «Бҳаратия жаната парти» партиясининг ғолиблик учун имкониятлари кўплигини башорат қилмоқда. Бироқ «Ҳиндистон миллий конгресси» партияси етакчилигидаги ҳамда 28 та умуммиллий ва ҳудудий партияларни бирлаштирган I.N.D.I.A. (Indian National Developmental Inclusive Alliance) мухолиф альянси аъзолари ҳам ўз сўзини айтишга аҳд қилган.

Ҳиндистон бугун иқтисодиёти жадал ривожланаётган давлатлардан бири ҳисобланади. Хусусан, халқаро рейтинг агентликларининг башоратига кўра, 2028 йилда Ҳиндистон ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) ўсиш суръати бўйича дунёда биринчи ўринга чиқиб олиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?