Ҳинд компанияси Деҳлидан Лондонга автобусда саёҳатни йўлга қўймоқчи. У Ўзбекистондан ҳам ўтади

09:40 10 Сентябр 2020 Дунё
436 0

Ҳиндистоннинг Adventures Overland сайёҳлик агентлиги ўз мижозларига Деҳлидан Лондонгача автобусда боришдек ноёб саргузашт турини таклиф этмоқда. Ушбу рейс 70 кун давом этади ва қарийб 20 минг км. масофани қамраб олади. Бунда автобус Ҳиндистон пойтахтидан Буюк Британия марказига тўғридан-тўғри эмас, балки кўп манзилларни ўз ичига олган айланма йўллар орқали йўл олади. Бу ҳақда CNN Travel хабар берди.

Деҳлидан манзили сари чиққан транспорт воситаси аввалига Мьянма орқали Таиландга йўл олади, Буюк Хитой девори бўйлаб юради, Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонни ҳам кесиб ўтади-да, Москвага етиб боради. Сўнг Болтиқбўйи ва Марказий Европа давлатлари орқали Лондонга ташриф буюради. Шундай қилиб саргузашт шинавандалари Европа ва Осиёдаги 18 та мамлакатда бўлиш имкониятини қўлга киритишади.

Бу борадаги биринчи саёҳатни 2021 йил ўрталарида ташкил этиш режалаштирилмоқда, сабаби ҳамон кўп мамлакатларда пандемия сабаб чекловлар амалда.

«Апрель ва июнь ойлари бундай саёҳат учун энг яхши вақтдир, чунки бу палла Ҳиндистондан Мьянма орқали Хитой ва Қирғизистон тоғларини кесиб ўтиш имконини беради», — дейди агентлик эгаларидан бири.

Бир киши учун мазкур саёҳатнинг нархи тахминан 20 минг доллар, йўловчиларнинг умумий сони эса 20 киши бўлади. Гарчи ариза топширганлар орасида Делидан Лондонгача йўлни тўлиқ босиб ўтишни хоҳловчиларга устуворлик берилса-да, маршрутнинг маълум қисмидан ушбу турга қўшилиш имконияти ҳам яратилади.

Қайд этилишича, саёҳатнинг ҳар бир босқичида меҳмонларни маҳаллий гидлар кузатиб боради. Айни пайтгача ушбу саргузаштларга 40 мингдан ортиқ киши қизиқиш билдирмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?