Ҳеч бир инсон эътибордан четда эмас

14:52 07 Сентябр 2022 Жамият
288 0

«Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!». Бу йилги истиқлол байрами — мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллик шодиёналари айни шу шиор остида кенг нишонланди.

Барча ҳудудларда бўлгани каби пойтахтимизнинг Сергели туманида ҳам ушбу қутлуғ байрам юқори савияда ташкил этилди. Эътиборлиси, байрам шукуҳи тўхтагани йўқ, аксинча, халқимизнинг юқори кайфияти остида давом этмоқда. Зеро, ҳар бир тинч ва осуда кунимиз биз учун байрам, аслида.

Мустақиллигимизнинг 31 йиллиги муносабати билан Республика Маънавият ва маърифат маркази Сергели тумани бўлинмаси ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши ҳамкорлигида 1-сон тергов ҳибсхонасида давра суҳбати ташкил этилди.

«Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!» шиори остида ўтказилган мазкур тадбирда қайд этилганидек, сўнгги йилларда юртимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Эътиборлиси, инсон қадр-қиммати, унинг шаъни янада улуғланмоқда. Шу юрт фарзанди бўлган ҳеч бир инсон эътибордан четда эмас. 

Давра суҳбатида сўзга чиққанлар истиқлол йилларида эришилган ютуқлар билан бирга, Ватанимиз мустақиллигини асраб-авайлаш, унинг тараққиётига ҳисса қўшиш, бу йўлда сидқидилдан меҳнат қилиш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи экани тушунтирилди.

Шу билан бирга, маънавий-маърифий тадбир давомида маҳкумларга Республика Маънавият ва маърифат маркази Сергели тумани бўлинмаси томонидан давлатимиз раҳбарининг «Янги Ўзбекистон стратегияси» номли китоби ҳамда бошқа турли хил бадиий китоблар тақдим этилди.

Тадбир концерт дастури билан давом этди ва бу иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Отабек Ёрқинов,

Республика Маънавият ва маърифат маркази Сергели тумани бўлинмаси раҳбари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер