Ҳарбийларга хонадон калитлари топширилди

17:42 14 Январь 2022 Жамият
218 0

Фото: Халқ сўзи

Термиз шаҳрида мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил топганининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари учун беш қаватли, 40 хонадондан иборат хизмат уйлари фойдаланишга топширилди. Янги хонадонларни эгаларига топширишга бағишланган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, фахрийлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш, яшаш ва хизмат вазифаларини ўташ учун муносиб ва хавфсиз шарт-шароитларни яратишга юксак даражада эътибор қаратилмоқда. Замонавий лойиҳа асосида бунёд этилган мазкур кўп қаватли уйда ҳам зарур коммуникация-муҳандислик тармоқлари мавжуд бўлиб, болалар майдончаси ва ёзги дам олиш жойлари барпо этилган. Ҳар бир хонадон кенг ва ёруғ, меҳмонхона, ошхона, болалар хонаси зарур мебель ва маиший техникалар билан жиҳозланган.

Шубҳасизки, барча қулайликларга эга янги уй-жойлар тақдимоти ўз бурчини шараф билан адо этаётган ҳарбий хизматчиларга муносиб байрам туҳфаси бўлди.

— Бугунги байрамни оилам билан янги хонадонда нишонлаётганимиз қўшалоқ қувонч улашмоқда, — дейди ҳарбий хизматчи Ашурбек Рўзиматов. — Биз, ҳарбийларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, оилавий хотиржамлигимизни таъминлашга қаратилаётган юксак эътибордан мамнунмиз.

Илҳом Раҳматов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?