Ҳарбийлар урганчлик уруш қатнашчисининг уйини таъмирлаб берди

16:30 12 Март 2020 Жамият
7337 0

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини Ўзбекистон аҳли, айниқса ўша йиллари жанггоҳларда қон ютган ва урушнинг даҳшатларини кўрган нуронийларимиз ўзгача руҳда қарши олишга тайёрланмоқда. Урганч шаҳрининг фахри бўлмиш Собир ота Қурбонов ҳам бу муҳим санани ҳарбий хизматчилар шарофати билан энди янгидан таъмирдан чиққан уйда, оиласи билан кутиб оладиган бўлди.

1923 йилда Шовот туманида таваллуд топган ва ҳозирда шаҳарнинг Дўстлик маҳалласидаги Наманган кўчасининг 10 уй, 13 хонадонида истиқомат қилаётган Собир отанинг хонадони ўзгача файзли гўшага айланди. Шу йилнинг февраль ойи охирида Урганч гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бири томонидан нуроний отахоннинг муаммолари ўрганиб чиқилганида, уруш қатнашчиси яшаётган икки хонали уйнинг меҳмонхонаси таъмирга муҳтож эканлиги аниқланган. Подполковник Бобур Валиев бошчилигидаги ташаббускор гуруҳ отахоннинг бу муаммосини ҳал қилишга ваъда бериб, уйнинг меҳмонхона қисмида жорий таъмир ишларини ўтказди. Энди Собир ота 9 май санасини янгидан таъмирдан чиққан уйда меҳмонларини қарши олади.

Кириб келаётган байрам муносабати билан отахонни қутлаш учун келган ҳарбий хизматчилар, нуроний ва ёшлар ташрифидан нуронийнинг кўзлари қувонч ёшларига тўлди.

Талабларга биноан уруш қатнашчиси ўша суронли йиллардаги воқеаларни бошидан сўзлай бошлади:

“Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида ота-онамни вилоятимизнинг кўплаб бойлари қатори мол-мулки тортиб олиниб, қулоқ қилинганидан кейин мени Хивадаги Меҳрибонлик уйига топширишган эди. 1942 йилнинг 
20 июнида Москвадан келган ҳарбийлар кўпчиликни фронтга олиб кетишади. Мен ҳам улар қатори урушга сафарбар этилдим. Бизларни Урганч шаҳрига келтириб, вилоят военкоматида бир неча кун сақлашди. Чолишда 200 нафарга яқин йигитларни кичкина баржага юклаб, дарё бўйлаб олиб кетишди. Кейин бир ҳафта деганда зўрға Чаржоу (ҳозирда Туркманистондаги Туркманобод шаҳри)га келтиришди. У ердан Россияга жўнаб кетди.

Россияга боришимиз билан рус тилини биладиган йигитларни саралай бошлашди. Русчани билганим учун мени ҳам саралаб, кейин ҳаммамизни Пензадаги артиллерия муҳандислари олий ҳарбий билим юртида ўқиш учун олиб кетишди. У ерда 2-3 ой тайёргарликдан ўтганимиздан кейин кичик лейтенант унвонини бериб, Сталинградга юборишди.

45 мм.ли тўп бўларди. Ўшани ё отда, ё ўз кучимиз билан у ердан, бу ерга судраб юрардик лой-қорларда. Шу тўп билан аёвсиз жангларда қатнашдик. Паулюс деган фашист генерали 200 минг нафар аскари билан Сталинградни қамал қилиб, ўраб олган эди. Уларга қарши тўғри наводка билан тўплардан жуда кўп снаряд отдик. Бизнинг тўпимиз ҳатто душманнинг иккита танкини йўқ қилди(!). Биз томонга душман танкидан отилган снаряд мени ҳам яралади. Кўзларимни очсам, госпиталдаман. Бир неча ой даволаниб, яна фронтга қайтаришди. Белорус ва Украинадаги жангларда қатнашиб, Прибалтикага борганимда яна ярадор бўлдим. Осколка келиб чап қўлим кафтини кесиб, суякларни синдириб ташлади. Даладаги ҳарбий шифокорларга раҳмат, ўз ҳолига қайтариб, қўлимни қайта тикиб қўйишди. Ўшанда яна 2-3 ой госпиталда даволандим ва яна фронтга кетдим.

1945 йилнинг апрель ойида Прибалтикани фашист босқинларидан тозалаганимиздан кейин Германия чегарасига бориб қолдик. Шундай қилиб фашистларни Берлингача қувиб бордик. Ғалаба байрамини нишонлаганимиздан кейин 1945 йилнинг 26 май куни мени уйга қайтаришди.

Она юртимга эсон-омон қайтганимга шукур. Урушдан кейин 20 йил ички ишлар органларида, кейинчалик яна кўп йил ДОСАФ (ҳозирги мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти)да меҳнат қилдим. Нафақага чиққанимга қарамасдан ҳар вақт ёшлар билан ўтказиладиган ватанпарварлик тадбирларида, ҳарбий хизматчилар билан турли учрашувларда иштирок этиб келаман.

Президентимизга раҳмат биз, уруш қатнашчиларини сийлаб турибди, ҳар вақт ғамхўрлик кўрсатяпти. Вилоят ҳокимлиги, ҳарбий хизматчилар ва бошқа ташкилот вакиллари ҳолимдан хабар олиб, муаммоларимни бирпасда ҳал қилишяпти.

Мамлакатимиз охирги йилларда жадал ривожланиб, шаҳар ва қишлоқларда катта қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилаётганини кўриб қувониб кетаман. Телевизор орқали кундан-кун тараққий этиб бораётган янги Ўзбекистонни кўриш менга завқ олиб келади. Юртимизга ҳеч вақт кўз тегмасин. Уруш деган бало чегараларимизга яқинлашмасин.
 

Ўтган ойда Урганчдаги ҳарбий қисмнинг вакиллари келиб муаммоларимни ўрганиб кетишган эди. Ўшанда уйнинг меҳмонхонасига кирган меҳмонлар “Ота, шу меҳмонхонангизни бир таъмирдан чиқарсак. Яқинда катта байрамда ҳали кўп меҳмонлар келади”, деган эди, тўғриси нима дейишимни ҳам билмай, уялиб қолдим. Раҳмат азаматларга. Бир неча кунда меҳмонхонамни шундай гўзал қилиб беришди. Кексалари эъзозланган юртда камол топиб, шу ерда яшаётганимдан жудаям ғурурланаман”.

Бу сафарги меҳмонларнинг ташрифи ўзгача бўлди. Ҳарбий окрестр садолари остида ижро этилган Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги куй ва қўшиқлар Собир отанинг ғурурини баланд қилиб, қалбига қувонч олиб келди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?