Ҳарбийлар Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига меҳру саховат улашди

19:21 12 Август 2020 Жамият
238 0

Меҳр-мурувват, саховат ва биродарлик инсоннинг зийнатидир. Халқимизда муҳтожларга, боқувчисини йўқотганларга, жисмоний заифликка эга бўлганларга меҳр улашиш, уларга кўмак бериш ва эътибор қаратиш каби олижаноб фазилатлар болаликдан тарбияланади, бора-бора шакллантирилади.

Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманида жойлашган 1-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳолидан хабар олиш, уларнинг кўнглини кўтариш, имкон қадар моддий ва маънавий кўмак беришни одат қилган ҳарбий хизматчиларнинг бир гуруҳи бу сафар ҳам хайрли тадбирни амалга оширди. Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати​ хабар берди.

Қайд этилишича, Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган Мудофаа вазирлигининг Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинларига қарашли ҳарбий қисм вакилларининг ташаббуси билан ташкил этилган хайрия тадбири давомида Коронавирус пандемиясининг тарқалишига қарши курашиш мақсадида ўрнатилган карантинда болажонлар ҳолидан хабар олиниб, уларга совға-саломлар, бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари ва ширинликлар улашилди.

Таъкидлаш керакки, Меҳрибонлик уйи 1922 йилда ташкил топган бўлиб, 1988 йили янги бинога кўчирилган. 2004 йили Меҳрибонлик уйи 140 та тарбияланувчига мўлжалланиб, қайта таъмирдан чиқарилди. Ҳозирда муассасада болалар тарбияси учун барча имкониятлар яратилган. Жумладан, 80 ўринли ўқиш хоналари, ўғил ва қиз болаларга алоҳида 140 ўринли ётоқхона, 100 ўринли ошхона, кутубхона, компьютер хонаси, спорт зал, спорт майдончалари, кичик футбол майдончаси, ювиниш хонаси, бассейн, иссиқхона, ўйингоҳлар, тренажёр хонаси ва бошқалар мавжуд.

Меҳрибонлик уйида 18 та ҳар хил турдаги тўгараклар ташкил этилган бўлиб, улардан компьютер саводхонлиги, соз асбоблари, хор, фартепиано, дутор, театр, пазандачилик ва шахмат-шашка тўгараклари, футбол ва кураш, баскетбол спорти секциялари, рақс ва ёш китобхон тўгараклари ва бошқалар фаолият кўрсатмоқда.

Муассаса тарбияланувчиларидан ташкил топган «Тонг ғунчалари» миллий фольклор жамоаси ва «Қарс» мусиқий гуруҳлари турли нуфузли кўрик-танловларда совринли ўринларни қўлга киритмоқда.

Болажонларнинг фаунага бўлган қизиқишлари инобатга олиниб, ҳарбийлар томонидан уларга қуён ва хонаки каптарлар ҳамда ҳовли жойга мўлжалланган тебранма курси совға қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?