Ҳарбий қисмда беш ташаббус ижросига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди

18:11 08 Июль 2019 Жамият
825 0

Поп туманидаги Ғурумсарой гарнизонига қарашли ҳарбий қисмда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ташаббуси билан “Адолат” социал демократик партияси вилоят Кенгаши ҳамкорлигида ёшлар маънавиятини юксалтиришга қаратилган 5 та муҳим ташаббус ижроси бўйича тадбирлар ташкил этилди. “Кучли тарғибот-юксак натижа“ шиори остидаги тадбирлар давомида ҳарбий хизматчилар ва аскарларнинг маънавий-маърифий даражаси синовдан ўтказилди.

Бунда ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишни ўз ичига олган тўртинчи ташаббусга устувор аҳамият қаратилди.“Ёш китобхон” республика кўрик-танлови вилоят босқичи йўлланмасини қўлга киритган талаба Орифжон Олимжонов ҳар бир вилоятга бир миллион донадан бадиий, тарихий, илмий ва оммабоп мавзулардаги адабиётлар етказиб бериш юзасидан бошланган хайрли ишнинг аҳамияти ҳақида сўзлади.

Шундан сўнг аскарлар ўртасида китобхонлар викторинаси ўтказилди.Унда Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи бош мавзу бўлди. Кейин эса Лев Толстой ва Жек Лондон каби даҳо адибларнинг асарларига бағишланган савол-жавобларга навбат келди. Энг билимдон китобхонларга совғалар топширилди.

Аскарлар бундан ташқари спортнинг оммавийлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижасини мусобақалар орқали намойиш этдилар. Ҳарбий қисм қошидаги бадиий ҳаваскорлик тўгарагининг концерт дастури эса дилларга завқ бағишлади. Якунда ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун “Ёзни “Камалак” билан!” лойиҳаси тақдим қилинди.

Айтиш лозимки, бугунги кунда ҳарбий қисмда ҳарбийлар оилалари ҳамда уларнинг фарзандлари учун спорт, мусиқа, тасвирий санъат, ахборот технологиялари, китобхонлик бўйича тўгараклар изчил фаолият кўрсатмоқда. Тикувчилик йўналишидаги кичик ишлаб чиқариш корхонаси эса хотин-қизлар бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда..

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ.“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?