Ҳаракатлар стратегияси — муҳим дастуриламал ҳужжат

01:32 06 Октябр 2021 Сиёсат
113 0

Фото: Абдумуталиб Тойиров / "Халқ сўзи"

Пойтахтимизда “Ўзбекистон: беш йил давомида амалга оширилган жадал ислоҳотлар” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Сенати, “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Адлия вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган ислоҳотлар асосий натижаларига бағишланди.

Конференцияда Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев, Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари Ш. Адриан, Европа Кенгаши Венеция комиссияси вице-президенти Ф. Дмитров, шунингдек, Европа Тикланиш ва тараққиёт банки ваколатхонаси раҳбари иштирок этди ва сўзга чиқди.

Таъкидланганидек, Ҳаракатлар стратегияси Ўзбекистонда сиёсий-ҳуқуқий ҳамда иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга ошириш бўйича дастуриламал ҳужжатга айланди.

Тадбирда Стратегиянинг ҳар бир йўналиши бўйича ялпи мажлислар ўтказилди. “Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш” йўналиши хусусида иштирокчилар миллий парламентнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги роли мустаҳкамланаётганини, Ҳукумат соати институти жорий этилганини, Олий Мажлис палаталари соғлиқни сақлаш, ташқи ишлар, ички ишлар, адлия вазирларининг ҳамда ҳукуматнинг бошқа аъзолари ҳисоботларини мунтазам эшитиб бориш йўлга қўйилганини алоҳида қайд этди. 2019 йилда эса Давлат дастури ижроси бўйича Ҳукумат ҳисоботларини ҳар чоракда эшитиш амалиёти жорий қилинди.

Бюрократияга қарши курашиш натижасида давлат хизматларини олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар сони 2 баравар қисқартирилди. Тўрт йил ичида “Ягона дарча” тамойили бўйича кўрсатиладиган хизматлар сони 10 баравар оширилди.

Суд ҳокимияти мустақиллиги кучайтирилгани ўтган беш йилдаги яна бир муҳим воқеа бўлди. Бизнес-омбудсман институтининг пайдо бўлиши эса тадбиркорлар ҳимоясини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Қайд этилганидек, Стратегиянинг “Иқтисодиётни ривожлантириш ва эркинлаштириш” йўналишидаги ислоҳотлар солиқни камайтириш имконини берди. Шунингдек, давлат фондларига ажратмалар ва суғурта бадаллари ҳам бекор қилинди ҳамда солиқ текширувлари турлари 13 тадан 4 тагача қисқартирилди.

Қатнашчилар томонидан 2017 — 2020 йиллар давомида мамлакатнинг ташқи савдо айланмаси 1,4 баробар ошгани, инфляция даражаси 18,8 фоиздан 11,1 фоизга пасайтирилгани алоҳида айтиб ўтилди. Бу даврда ижтимоий соҳа ҳам изчил ривожланди, яъни аҳоли турмуш даражаси ошди, соғлиқни сақлаш тизими мустаҳкамланди.

Мактабгача таълим тизимида катта ўзгаришлар рўй берди. 2016 йилда 5,2 мингта болалар боғчаси фаолият кўрсатган бўлса, 2020 йилда уларнинг сони 18,3 мингтага етди. 2020 йилда мактабгача таълим билан болаларни қамраб олиш даражаси 2016 йилдаги 27,7 фоиздан 61 фоизга ошди.

Олий таълим тизимида ҳам катта натижалар қўлга киритилди. 80 дан ортиқ янги олий ўқув юрти ташкил этилди, хорижий олий ўқув юртларининг 20 га яқин филиали очилди, 10 та хусусий олий ўқув юрти ўз фаолиятини бошлади.

Педагогик ва тиббиёт ходимларини мажбурий меҳнатга жалб этиш амалиётига барҳам берилди.

Мамлакатда қашшоқликни камайтириш бўйича ҳам фаол иш олиб бориляпти. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар касб-ҳунарга ўқитиш, ишга жойлашиш ва молиявий ёрдам шаклида давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 86 та мамлакат фуқаролари учун визасиз режим амал қилмоқда, республика бу йўналишда халқаро рейтингларда бир неча поғонага кўтарилди.

Конференцияда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Э.Туляков томонидан Reforms.uz ягона электрон платформаси тақдимоти ўтказилди. Айтиб ўтилганидек, эндиликда қизиқувчилар Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар натижалари ҳақидаги батафсил маълумотни ушбу платформа орқали олишлари мумкин.

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?