Ҳар жабҳада инсон манфаатлари устувор

16:02 11 Май 2021 Жамият
470 0

Ҳасан ПАЙДОЕВ - “Халқ сўзи”

Сўнгги йилларда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида том маънода янги саҳифа очилди, десак, айни ҳақиқат. Халқимиз учун муносиб турмуш шароитларини яратиш билан бирга, аҳоли кенг қатламида бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш бош мақсадга айланди. 

Бошқача айтганда, ҳамма жабҳада инсон манфаатлари устуворлигига қаратилган ислоҳотлар бугунги шиддатли замон талабига мос равишда жадаллашди. Бу борада тарихий аҳамиятга эга қатор қонун ҳужжатлари, давлат ва ҳудудий дастурлар ижрога йўналтирилди.

Бу жараёнларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар ҳам муносиб ҳисса қўшиб келаётганини қуйидаги мисоллар ҳам яққол тасдиқлайди.

Биргина, Хива тумани прокурори Ш.Абдалниязовга 2-сектор раҳбари сифатида 11 та маҳалла бириктирилган бўлиб, уларда яшовчи аҳоли билан мунтазам равишда юзма-юз мулоқотлар олиб бориляпти.

Натижада, ушбу сектор ҳудудида кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, ишсиз фуқароларни бандлигини таъминлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. 

Айни пайтда 215 та хонадон “темир дафтар”га киритилган бўлиб, асосий эътибор, аввало, ушбу оилалардаги ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминланлашга қаратилиб, ҳозирги қадар 204 та хонадон “темир дафтар”дан чиқарилди.

Бугунги кунда рўйхатдаги 11 хонадонни ҳам қўллаб-қувватлаш чоралари кўриляпти. Чунончи, уларга 44 млн. 242 минг 260 сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, 105 млн. 660 минг сўм миқдорда пластик тўлов карточкаси орқали ёки нақд пул маблағлари, 618 минг 500 сўмлик дори-дармон берилди.

Хива тумани прокурори Ш.Абдалниязов кўмаги билан яна кўплаб ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларнинг коммунал қарздорлигини қоплаб берилиши билан бирга, чорва моллари, парранда ва асалари уяси ҳам олиб берилди. 21 та хонадонга иссиқхона ва 1 та ногиронлиги бўлган оилага 7 млн. сўмга тикувчилик устахонаси (12 м2) қуриб берилди. 

Ишсиз фуқаролардан, хусусан, 73 нафари ўзини ўзи банд қилиш орқали, 26 нафари қишлоқ хўжалиги лойиҳаларига, 2 нафари ҳунармандчилик йўналиши, 15 нафари саноат лойиҳалари, 4 нафари такрорий экин ер майдонлари бериш орқали, 8 нафари қурилиш объектларига, 3 нафари оилавий тадбиркорлик йўналиши орқали ишга жойлаштирилди. 82 нафари бошқа фаолият тури орқали бандлиги таъминланди. 

Прокурор секторида жойлашган “Истиқлол” маҳалласидаги 18 та ногиронлиги бўлган оилага ва 6 та шароити оғир аёлларга Ирдимзон Луббон фермер хужалигидан 1,4 га. ер ажратилиб, ушбу ер лазерли мослама текисланиб, кузги буғдой экилиши, ушбу оилаларнинг 7 тасига имтиёзли кредит асосида 50 кв.м дан иссиқхона ташкил этилиши таъминланди.

Шунингдек, туман прокурори сектори ташаббуси билан “Парчанхос маҳалла фуқаролар йиғини биносида Имконинг бўлса бер, имконинг бўлмаса ол шиори остида Саховат ва кўмак хонаси ташкил этилиб, темир дафтарда рўйхатда турган эҳтиёжманд оилалар учун турли кийим-кечаклар ташкиллаштирилди.

Яна бир муҳим янгилик. 2-сектор раҳбари Ш. Абдалниязовнинг ташаббуси билан туман марказидаги Тинчлик кўчасида жойлашган 5-умумтаълим мактаби яқинида сиёсий, тарихий, бадиий, ҳуқуқий, детектив, фантастик, драматик асарлар, шунингдек, эртак ва шеърий жанрдаги 500 та кодли китоблар жамланган “Bookland” (“Китоблар диёри”) ташкил қилинди. 

Бу эса ҳудудда китобхонликни ривожлантириш, ёшларни ижодкорлик соҳасида ҳам қўллаб-қувватлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказилишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Раҳим ШЕРҚУЛОВ

“Халқ сўзи”
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?