Ҳар қандай таҳдидлар шамолида тебранадиган оломон эмасмиз

12:12 15 Январь 2022 Жамият
324 0

Ўзбекистон ёшларининг бахти бутун, толеи баланд, десак, муболаға бўлмайди. Зеро, уларнинг тақдири, келажаги ҳақида қайғуриб, Ватанга содиқ, ҳар томонлама комил инсонлар бўлиб етишишлари учун давлатимиз раҳбари томонидан туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ён-атрофимизда, айрим қўшни давлатларда бўлаётган турли кўнгилсизликлар, нотинчликларни кўриб, бугунги осойишта ва фаровон ҳаётимизга яна бир бор шукроналар айтиб, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш ҳамда бундай улуғ ишга ҳисса қўшиш нақадар олий саодат эканини англаб етасан, киши.

Мулоҳаза қилиб кўрайлик, бир қарашда ҳаммаси осондек, бу — тинчлик, фаровонлик, инсон қадри, халқ манфаатлари, яратиб берилаётган кенг имкониятлар, гендер тенглик, болалар қувончи, адолат тантанаси.... Буларнинг барчаси ўз замирида одилона сиёсат, халқпарвар ислоҳотлар, тараққиётни кўзлаган муҳим стратегия мужассам. 

Атрофимиздаги воқеалар эса бепарволик, лоқайдлик оғир мусибатларга дучор қилиши мумкинлигини теранроқ англамоқ даркор. Сабаби, бугун биз ҳаётга энди кириб келаётган ёшларимизнинг тафаккурида ватанпарварлик, онадай бетаъма севиладиган Ватаннинг барча имкониятларидан баҳраманд бўлиш баробарида, унга садоқатли бўлиш, ўз фуқаролик позициясига эгалик, юрт тақдирига дахлдорлик туйғуларини уйғотишга бурчлимиз.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Қозоғистондаги воқеаларга муносабат билдириб, сўнгги кунларда биз учун яқин қўшни ва қардош бўлган Қозоғистон Республикасида содир бўлган воқеалар ҳаммамизни жиддий ташвишга солганини, қўшни мамлакатдаги вазият аста-секин ўз изига тушиб, давлат тузилмалари ва ижтимоий муассасалар ўз фаолиятини қайта тиклаётганини, одамлар осойишта ҳаётга қайтаётганини таъкидлади.

Шу билан бирга, ушбу йиғилишда давлатимиз раҳбари айрим давлат раҳбарларининг сўзларига ҳам муносабат билдириб ўтди. Жумладан, баъзи давлат раҳбарлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Қозоғистонда бўлиб ўтган воқеалардан сабоқ чиқариши лозимлиги ҳақида асоссиз баёнот берилганини қайд этиб, «Биз минтақадаги вазиятни, хавфсизликка бўлган барча хавф-хатарларни диққат билан кузатиб боряпмиз. Ҳар қандай таҳдидга нисбатан муносиб жавоб қайтариш ва зарба бериш учун биз етарли куч ва салоҳиятга эгамиз», деди Президентимиз.

Булар ҳақда гап кетганда, шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати/мудофаа доктринасида учта асосий принцип мавжуд бўлиб, биринчиси, Ўзбекистон ҳудудида бошқа давлат ҳарбий базаси бўлмайди, иккинчиси, Ўзбекистон ҳарбий блокларга қўшилмайди ва учинчиси, Ўзбекистон аскари мамлакат ҳудудидан ташқарида ҳеч қачон қадам босмайди.

Мана шу муҳим принциплар мамлакатимизнинг қатъий позициясини яққол намоён этади.

Дарвоқе, Президентимиз фаолиятининг дастлабки йиллариданоқ мамлакат хавфсизлиги ҳамда тинчлиги, яқин ва узоқ давлатлар билан яхши қўшничилик алоқаларини тиклаш, ривожлантириш борасида муҳим ҳужжатлар қабул қилинишига алоҳида эътибор қаратди. Юқорида айтганимдек, бу борада Мудофаа доктринаси бу қонунлар учун мустаҳкам қўрғон бўлди.

Такрор айтишим мумкинки, давлатимиз раҳбарининг мазкур масалада билдирган муносабати эса халқимизга янада куч, ишонч ва далда берди. Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон ҳар қандай таҳдидга нисбатан муносиб жавоб қайтариш учун етарли куч ва салоҳиятга эга. Бундан биз фахрланамиз. Мустаҳкам пойдевор асосларига барпо этилган ўттиз йиллик давлатимиз бугун ўз қудрати, халқаро ҳамжамият орасида ўз ўрни ва ўз сўзига эга. Халқимиз эса ҳар қандай таҳдидлар шамолида тебранадиган оломон эмас.

Ишонч билан айта оламизки, Янги Ўзбекистон халқи Ватанга дахлдорлик ҳиссини теран англаб яшаяпти. Ёшларимиз эса, жаҳонда содир бўлаётган ҳар қандай воқеликларга соғлом ва оқил фикр билан муносабат билдиришга қодирдир.

Баҳодиржон ШEРМУҲАММАДОВ,

Фарғона давлат университети ректори,

педагогика фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?