Ҳар ким меҳнат қилиш ва эркин касб танлаш ҳуқуқига эга

17:44 01 Декабрь 2020 Сиёсат
415 0

Йигирма саккиз йилдирки, кўп миллатли Ўзбекистон ўзининг Асосий Қонуни — Конституцияси ҳимоясида яшаб келмоқда. Чунки унинг барча моддаларида инсон ва фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳаётини яхшилаш, хавфсизлигини таъминлаш йўлида ҳар биримизнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ҳуқуқларимиз аниқ мустаҳкамлаб қўйилган.

Масалан, Конституциямизнинг 37-моддасида ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканлиги, суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланиши алоҳида белгиланган.

Аслида ҳам, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш ва адолатли меҳнат шароитларида ишлашга тўла ҳақли. Фуқароларнинг ушбу конституциявий ҳуқуқлари амалдаги меҳнат қонунчилигида ҳам ўз ифодасини топган. Хусусан, Меҳнат кодексининг 7-моддасига биноан, мажбурий меҳнат, яъни бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали (шу жумладан меҳнат интизомини сақлаш воситаси тариқасида) иш бажаришга мажбурлаш тақиқланади.

Шу жиҳатдан сўнгги йилларда Асосий Қонунимизда белгиланган мажбурий меҳнатни тақиқлаш тўғрисидаги қоидага қатъий амал қилишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилди. Таъсирчан парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатилиб, фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича парламент комиссияси тузилди.

Ҳозирги кунда комиссия инсон ҳуқуқлари соҳасида мамлакатнинг халқаро мажбуриятларига риоя этилишига ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон миллий стратегиясини амалга оширишга кўмаклашишда асосий таянч вазифасини ўтамоқда. Ушбу муҳим масала қаттиқ назоратга олингани сабабли жорий йилда бундай салбий ҳолатлар аниқланмади. Бу эса халқаро ташкилотлар, кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилаётир.

Конституция – давлатни давлат, миллатни миллат сифатида танитадиган қомусномадир. Зеро, унинг ҳар бир моддасида миллий ва умуминсоний қадриятлар, халқимиз манфаатлари акс этган. Шу сабабли у мустақил давлатимизнинг Асосий Қонуни сифатида мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, демократик ислоҳотлар ва янгиланишларга мустаҳкам ҳуқуқий замин сифатида хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда барча жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳиятимиз юксалиб, фуқароларимизнинг дунёқараши тобора ўсиб бораётгани ҳам шак-шубҳасиз, Бош қомусимизнинг ҳаётбахш куч-қудрати натижасидир. Негаки, у ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин ва озод, тинч ва осойишта, фаровон яшашнинг қонуний кафолати бўлиб келмоқда.

Бинобарин, Асосий Қонунимиз Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа асосий халқаро ҳужжатлар талабларига тўла мос ҳолда, инсон ва фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини кафолатлаб берди. Инсоннинг маънавий камол топиши ва ҳар томонлама уйғун ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратди.

Ўтган давр мобайнида Конституциямизда муҳрлаб қўйилган тамойил ва қоидалар негизида юртимизда миллий қонунчилик тизими барпо этилди. Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳияти юксалишига, ҳаётимизнинг барча соҳаларида амалга оширилган самарали ислоҳотларга асос бўлди. Унинг фуқароларимиз ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, уларнинг сиёсий фаоллигини оширишда ҳам ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.

Дунёдаги «қонун устуворлиги индекси» юқори даражада бўлган 30 та давлат қаторига Ўзбекистоннинг киришини таъминлаш ва аҳолининг адолатли судловга ишончини ошириш – партиямиз сайловолди дастурида устувор вазифа сифатида белгиланган. Биз инсоннинг фундаментал ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоялаш тарафдоримиз. Асосий мақсадимиз ҳам – Ўзбекистонда инсон ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ҳамда унга тўлиқ барҳам беришга доир аниқ чора-тадбирлар амалга оширишдан иборатдир.

Конституциямиз халқимизнинг орзу-умидлари, иродасини ўзида жамлаган қомусий ҳужжат ҳисобланади. У башарият ҳаётида илк бор инсоннинг озод ва эркин яшаш, мулкка эга бўлиш, таълим олиш, меҳнат қилиш каби ҳуқуқларини, сўз ҳамда эътиқод эркинликларини олий қадрият даражасига кўтарди. Шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳамда уларнинг кафолатларини аниқ-равшан белгилаб берди.

Хулоса қилиб айтганда, Бош қомусимизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият сифатида мужассам этилгани бежиз эмас. Зотан, у жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, юртимиз фуқаролари тенглигининг кафолатланишини эътироф этди ва замонавий демократик тараққиёт учун замин яратди.

Абдулла РЎЗМEТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?