Ҳар йили 3,5 миллион киши нобоп сув келтириб чиқарган касалликлар туфайли вафот этади

19:12 07 Сентябр 2022 Жамият
377 0

Фото: Халқ сўзи

Бутунжаҳон Ресурслар Институтининг маълумотларига кўра, сайёрамиздаги чучук ва фойдаланишга яроқли сув захираси 125 минг километр кубни ташкил этиб, ер юзи аҳолисининг учдан бир қисми сув тақчиллигининг азобини тортмоқда. Ҳар йили 3,5 миллион киши, ҳар саккиз сонияда эса бир гўдак нобоп сув келтириб чиқарган касалликлар туфайли дунёдан кўз юмаётгани ҳам ўша маълумотда келтирилади.

Тўғрисини айтсак, узоқ йиллар аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мамлакатимизда ҳам ниҳоятда ачинарли аҳволда қолиб, яқин ўтмишимизда болалар ва гўдаклар ўлимининг юқорилиги, айнан ичимлик суви муаммосининг бевосита асорати эканлиги бугун барчага аён.

Шукрки, истиқлол туфайли мамлакатимизда 1991 – 94 йилларнинг ўзида 13,5 минг километр узунликдаги сув тармоқларининг тортилиши Республикамизда аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланиш даражаси ва натижада болалар ва гўдаклар ўлими икки баравардан кўпроққа камайиб, аҳоли саломатлиги бир мунча яхшиланишига эришилди.

Бугун биргина Навоий вилоятида аҳолининг 68,2 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланиб, қолган қисми муқобил манбаларнинг (сув ташиш техникалари, ер ости қудуғи ва булоқлар) орқали ичимлик сувини истеъмол қилади.

Вилоят аҳолисини марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ошириш, сифатли ва барқарорликни сақлаш мақсадида бир қатор чора-тадбир ва дастурлар асосида хайрли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятнинг сув таъминоти оғир ёки умуман таъминланмаган ҳудудларида давлат дастурлари ва маҳаллий дастур доирасида йўналтирилган жами 28 668,4 млн. сўм маблағ ҳисобидан 165,8 км.дан ортиқ ичимлик сув тармоқлари монтаж қилинди.

Мазкур бунёдкорлик ишлари асосан Республикамиз Президентининг «2022-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2022-2026 йилларда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари доирасида молиялаштирилиб, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан эса 830,1 млн.сўм эвазига 10,2 км. ичимлик сув тармоқлари тортилди.

Бундан ташқари, «Навоий сув таъминоти» МЧЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан мавжуд тармоқ ва иншоотлардаги носозликларнинг олдини олиш ҳамда юзага келган авария ҳолатларини зудлик билан бартараф этиш бўйича йил бошидан буён 110,9 млн.сўм маблағ эвазига жами 1,9 км. ичимлик сув қувурлари ва 26 дона сув ҳайдаш насослари жорий, 2,1 км. ичимлик сув қувурлари ҳамда 3 дона сув ҳайдаш насослари мукаммал таъмирланди.

— Йил бошидан бугунга қадар марказлашган ичимлик сув тармоқлари ва иншоотларида юз бераётган авария ҳолатларини зудлик билан бартараф этиш мақсадида хорижда ишлаб чиқарилган, замонавий 6 дона экскаватор ҳамда 2 дона махсус авария тиклаш машинаси харид қилинди, — дейди «Навоий сув таъминоти» МЧЖ раҳбари Отабек Зарипов. — Айни пайтда ушбу техникалар Кармана ва Навбаҳор, Хатирчи, Конимех, Нурота ва Қизилтепа туманларига ажратилиб, йилнинг иккинчи ярми учун режалаштирилган инвестиция дастурлари ижросини таъминлашда унумли фойдаланилмоқда.

Дарвоқе, йил ниҳоясига қадар «Инвестиция» дастури доирасида 34,7 км. ичимлик сув тармоқлари тортилиб, 2 дона ичимлик ва 1 дона оқава сув иншоотларида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилса, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастури доирасида 83,1 км. ичимлик сув тармоқлари тортилиб, 15 та сув иншоотларида бунёдкорлик ишлари поёнига етказилади. Шунингдек, маҳаллий бюджет маблағлари эвазига Қизилтепа, Навбаҳор, Нурота ва Хатирчи туманларидаги марказлашган ичимлик сув таъминоти билан умуман таъминланмаган аҳоли пунктларини тоза марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 35,3 км. ичимлик сув қувурлари тортилади.

— Натижада, йил якунига қадар вилоят аҳолисини марказлашган ичимлик суви таъминоти билан таъминланганлик даражаси 68,2 фоиздан 75,6 фоизгача етказилади, — дейди МЧЖ матбуот хизмати раҳбари Лобар Дўстова. — Шу орқали вилоят аҳолисининг ичимлик суви таъминотидан рози бўлишини таъминлашни асосий мақсад ва вазифамиз этиб белгилаб олганмиз.

Чинданам, сув таъминоти бевосита аҳоли кайфиятини белгиловчи манбалардан бири. Шу жиҳатдан разм солсак, «Навоий сув таъминоти» МЧЖга йил бошидан буён фуқаролардан жами 325 та мурожаат тушган бўлиб, уларнинг 201 таси тўлиқ қаноатлантирилган бўлса, 111 таси бўйича истиқболли чора-тадбирлар белгиланиб, бу ҳақда мурожаатчиларга тушунтирилди. Бир сўз билан айтганда, аҳолининг ичимлик сув борасидаги эътирозлари камайиб бормоқда.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер