«Ҳар биримиз кучли бўлган тақдирдагина ШҲТ ҳам кучли бўлади»

10:24 12 Ноябрь 2020 Сиёсат
251 0

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтган навбатдаги мажлисида иштирок этди.

Мазкур анжуманда давлатимиз раҳбари ташкилотга аъзо ва кузатувчи мақомидаги давлатлар делегацияларининг раҳбарлари эътиборини халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар ечимига қаратди. Бугунги халқаро ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ҳамда пандемия даври таъсиридан келиб чиққан ҳолда ШҲТнинг долзарб вазифалари юзасидан ўз нуқтаи назарини билдирди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари алоҳида эътибор талаб қилаётганлигини, савдо-иқтисодий алоқалар ва саноат кооперациясини жонлантириш масалалари устувор вазифа бўлиб қолаётганлигини таъкидлади.

Шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ривожлантиришда ўзаро савдодаги тўсиқларни бартараф этиш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, уларни уйғунлаштириш ва рақамлаштириш, аъзо мамлакатлар ўртасидаги электрон тижоратни ривожлантириш, ўзаро инвестицияларни рағбатлантиришга қаратилган қўшма дастурларни амалга ошириш таклифларини илгари сурди.

Бугунги кунда бутун дунёда бошланган рақамлаштириш жараёнлари пандемия сабаб янада тезлашди. Ахборот технологиялари иқтисодий ўсиш «драйвери»га айланиб бормоқда. Шу боисдан Президентимиз томонидан ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги алоқаларни ҳар томонлама юқори босқичга олиб чиқиш учун ўқув дастурлари асосида аҳолини ўқитиш, соҳа мутахассисларини тайёрлашга қаратилган ШҲТнинг рақамли саводхонликни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Бугунги пандемия даврида барча давлатлар олдида турган энг муҳим муаммолардан бири бу аҳоли саломатлигини асраш бўлиб қолмоқда. Бугун инсоният илгари маълум бўлмаган инфекциялар билан дуч келмоқда. Уларга қарши курашиш кундалик турмушимизнинг бир қисмига айланмоқда. Шу боисдан ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш орқали аҳоли соғлиғига хавф туғдираётган янги хатар ва таҳдидларга қарши биргаликда курашиш ҳар қачонгидан-да муҳим бўлиб қолмоқда.

Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари саммитда Эпидемия таҳдидларига қарши кураш бўйича қўшма чора-тадбирларнинг комплекс режасини қабул қилиш ташаббусини ҳам илгари сурди.

Шунингдек, саммит доирасида ҳар доим кун тартибининг энг асосий масаласи бўлиб келаётган Афғонистонда узоқ кутилган тинчликка эришиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳамда амалга оширилиши лозим бўлган режаларга ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, ушбу мамлакатдаги хавфсизлик ва тинчлик масаласига бутун ШҲТ минтақасининг барқарорлиги ва иқтисодий тараққиётини таъминлашнинг муҳим таркибий қисми сифатида қаралиши лозим. Ўзбекистоннинг доимий ташаббуси ҳамда ШҲТ давлатларининг саъй-ҳаракатлари туфайли Афғонистонда низони тинч йўл билан бартараф этишда умидбахш истиқболлар кўзга ташланмоқда.

Саммит доирасида давлатимиз раҳбари томонидан Афғонистон халқига иқтисодий ёрдам кўрсатиш йўлидаги ижобий интилишларни қўллаб-қувватлаш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, «ШҲТ-Афғонистон» мулоқот гуруҳи доирасида Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш юзасидан амалий чора-тадбирлар режасини тез фурсатда ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ҳақидаги ташаббус ҳам илгари сурилди.

Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбари томонидан бугун ШҲТга аъзо ва кузатувчи давлатлар ривожланишининг устувор йўналишларидаги энг муҳим вазифалар юзасидан ҳаётий кечиктириб бўлмас ташаббуслар илгари сурилди. Галдаги вазифа сифатида биз парламент аъзолари мазкур ташаббуслар доирасида Ўзбекистонда амалга ошириладиган ишларнинг натижадорлигини тўлақонли назорат қилишимиз ҳамда ШҲТ доирасидаги парламентлараро алоқаларни ҳар қачонгидан-да кучайтириш орқали белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлашимиз зарур.

Зуҳра ИБРАГИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?