Ҳар бир ишга қунт, илм ва ақл билан ёндашсак, муаммоларни бартараф эта оламиз

03:33 12 Март 2021 Жамият
1024 0

Иллюстратив фото

2020 йилги “кўринмас ёв” халқимизни турли синову имтиҳонлардан ўтказди. Ўтган ўтди, қолганлар оёққа туриш, йўқотишлар ўрнини тўлдириш устида бош қотирмоқда. Мамлакат раҳбарияти пандемия асоратларини бартараф этишга интилмоқда. Бу борада давлатнинг бош ислоҳотчилик маҳорати яна бир карра ўзини оқлаётир, дейишга ҳақлимиз.

Ўтган йилнинг март ойида бошланган пандемия халқимиз учун жуда машаққатли кечди, албатта. Сардобадаги техноген, Бухородаги табиий офатлар... Аммо қишлоқлардаги одамлар билан жонли мулоқотни кечиктириб бўлмаслигини англаган раҳбарият олимлар, адиблар, шоирлар, санъаткорлардан иборат гуруҳларни шакллантириб, туманларга юборди. Бундан кўзланган мақсад — одамларга маънавий ва руҳий мадад бериш, келажагига ишонч туғдириш ва ижтимоий фаолликка ундаш эди.

Меҳнаткаш, сабр-иродали халқимизнинг менталитетида улкан қудрат яширинган. Тарихдан аёнки, ҳар қандай давлат халқ билан кенгашиб ишлагандагина кўзлаган мақсадига эришади. “Салтанатда тўрт нарсага амал қилгин, яъни: биринчиси, кенгаш; иккинчиси, машварату маслаҳат; учинчиси, қатъий қарор, тадбиркорлик ва ҳушёрлик; тўртинчиси, эҳтиёткорлик. Шунда қилган ишларинг бошга пушаймонлик ва надомат келтирмагай”, дейди буюк давлат арбоби Амир Темур ўз тузукларида.

Мамлакатимизда ҳам Соҳибқирон бобомизнинг ўгитларига амал қилиниб, халқ билан маслаҳатлашиш, қонун ва қарорларни муҳокама қилиш жараёнлари кечмоқда. Халқ қабулхоналари, Президентнинг виртуал қабулхонаси, вилоятларда навбати билан сайёр қабуллар тизими ишлаётгани, жумладан, кейинги тўрт йилда аҳолининг 4 миллиондан зиёд мурожаатлари юқори идоралар томонидан кўриб чиқилиб, аксар қисми ижобий ҳал қилингани фикримизнинг исботи бўла олади.

Аммо вақт кутиб турмайди. Глобаллашув жараёни ҳокимиятдан тезкорлик ва аниқликни талаб қилади. Биз, фуқаролар 2020 йил сўнгида ўтказилган бир қанча сиёсий тадбирлар, жумладан, декабрь ойида Ўзбекистон ёшлари форуми, Президентимизнинг парламентга Мурожаатномаси шоҳиди бўлдик. Телевидение экранларидан кўз узмай халқимиз бўладиган ўзгаришларнинг дастлабки садосини эшитди: Ўзбекистонда сиёсий ислоҳотлардан нима кутилмоқда? Нега қарорлар ижроси секин кетмоқда? Биз замон талаби даражасида қачон ўзгарамиз? Албатта, бу саволлар бугун кўпчиликни қизиқтирмоқда.

Февраль ойида “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ижросини самарали ташкил этиш масаласи юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз юқоридаги саволларга муфассал жавобни айтди: бу дастурни ҳануз давом этаётган пандемия шароитида, глобал инқироз кучайиб бораётган мураккаб бир вазиятда амалга оширишимизга тўғри келади. Ҳар қанча қийин бўлмасин, 500 минг нафар ёш ва 200 минг аёлни иш билан таъминлаш ҳамда 300 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш лозим. Агар маҳаллабай тизимини жойига қўйиб, давлат идоралари дастурдаги вазифаларни қунт билан, илм билан, ақл билан бажарса, кескин ўзгариш бўлади.

Пандемия шароитида, ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистонда камбағаллик даражаси ошди. Бугунги кунда “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”га киритилган юртдошларимизни улардан чиқаришда қунт билан, илм билан, ақл билан ишлашимизга тўғри келмоқда.

Жаҳон тажрибаси шуки, ҳар қандай шароитда ҳам инсон ресурси, шахс омили, раҳбарларнинг билим даражаси ва салоҳияти, профессионализм мавжуд муаммоларнинг калитини топишга муваффақ бўлади. Ношуд, билимсиз, лоқайд ва бугунги сиёсатдан бехабар раҳбарлардан воз кечилади, албатта. Зеро, Соҳибқирон таъбири билан айтганда, “Ишбилармон, мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий, тадбиркор ва ҳушёр бир киши минг-минглаб тадбирсиз, лоқайд кишилардан яхшидир”. Демак, жамият ҳаётига дадил кириб келаётган иқтидорли, фидойи ёшлардан умидимиз катта.

Жамият ҳаётининг жони ва руҳи — маънавият

Кўпчилик кутганидек, 2021 йил мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида туб бурилиш даври бўлади. “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” деган шиордан келиб чиқиб, кадрлар сиёсатида кескин қадамлар ташланади.

Фуқаро фикрлаш тарзи, дунёқараши, одамлар билан муносабатида янги қарашлар пайдо бўлиши лозим. Ҳуқуқий демократик давлатнинг қонун-қоидалари биздан шуни талаб қилмоқда. Агар фуқаро жамиятда кечадиган жараёнлар оқимидан орқада қолгудек бўлса, давлат ҳокимияти томонидан қабул қилинган қонунлар “ишламайди”, ҳар қандай жамоатчилик назорати ҳам кутилган натижа бермайди. Қачонки, фуқаро дунёқараши ва интилиши амалдаги давлат ҳокимияти фаолиятидан олдинда бўлсагина, миллат ҳамда юрт ривожланади, акс ҳолда, жамият ҳаётида битта жойда депсиниш, турғунлик юз бераверади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббусига кўра, мактаб, лицей ва институт муаллимларининг маоши оширилиб, жамиятда ўқитувчининг обрў-нуфузини юксалтиришга эътибор қаратилаётгани нақадар тўғри қарор эканлигини кўпчилик чуқур англаб етди.

Ҳар бир мамлакат тақдири муаллимга, таълим тизимининг сифатига боғлиқ. Мактаблар суст ишласа, дарслар хўжакўрсинга ўтилса, фарзандларимиз муҳитдан безийди ва савияси тушиб кетади. Ўқитувчи — келажак бунёдкори.

Илм ва маърифатсиз одам йўлини йўқотиши, орзуларини рўёбга чиқаришига ақли ҳамда тажрибаси етишмаслигини Беҳбудий, Ибрат, Фитрат, Авлоний сингари жадид боболаримиз эрта англашган, аҳволни ўнглашга уринишган ва афсуски, қаттол тузум уларни мукофотлаш ўрнига жазолаган эди.

Жадидларнинг ички оғриқлари ва бугунги кун муаммоси миллий-маънавий уйғониш жараёнининг кечикаётганида, деб биламиз. Шахс ички дунёси, тафаккурини ўзгартириш билан боғлиқ бундай нуқсонларни фақат мактабларимиз тузата олишга қодир.

Жанубий Африка Республикасидаги университетга кираверишда: “Ҳар қандай миллатни йўқ қилиш учун атом бомбаси ёки узоқ радиусга таъсир қиладиган ракеталарга ҳожат йўқ. Фақат таълим сифати пасайтирилса ва имтиҳонларда талабаларга алдаш учун имконият яратилса бас”, деб ёзиб қўйилган экан. Нақадар аччиқ ҳақиқат.

Мактабда фикр чархланади. Фикрсизлик — маданият кушандаси, фикри йўқ одамнинг қиёфаси бўлмайди. Тафаккур йўқ жойда оломонлик ва жоҳилликни кўрамиз. Жаҳоннинг турли минтақаларида юз бераётган талатўплар, тўнтаришлар илдизларига чуқур разм солайлик. Ўқимаган, уюшмаган ёшларга жиддий эътибор қаратиш зарурлиги шунинг учун кун тартибига чиқмоқда. Халқ таълими тизимидаги энг катта нуқсон — ёшлар ўртасида ўз фикрига эга бўлмаганларнинг пайдо бўлаётганидир.

Жамиятда фикр бўлсагина, у янгиланади, деган гап тўғри, аммо шарқона босиқлик, вазминликда гап кўп. Ижтимоий тармоқларни ўқиганда баъзи юртдошларимизнинг манманлиги, нокамтарлиги тафаккурдаги ноқисликдан бошқа нарса эмас.

Маърифатли мамлакатга айланиш йўли

Азалдан алломалар юрти бўлган Ўзбекистонни маърифатли мамлакатга айлантириш йўлида янада жипслашишимиз лозим. Бунинг учун эса янги таълим муассасалари, она тилидаги адабиётлар, ёшлар бирлашмалари ва волонтёрлар хизмати керак бўлади.

Нега ўқувчилар адабий асарларни ўқимай қўйишди? Китоб дўконлари ёпилишига сабаб нима? Бунинг боиси шуки, бадиий асарлар мазмунида оддий халқ ҳаёти, ўй ва туйғулари акс этмайди. Сохталик, бачканаликнинг телевидение, интернет сайтларида урчиб кетиши одамларнинг билимсизлиги, моддиюнчиликка ишониб қолиши боисидандир.

Ўқувчи ва томошабин дидини ўстириш масаласи негизида ҳам китоб ўқимаслик муаммосини кўрамиз. Дейлик, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романида, Тоғай Муроднинг асарларида, японларнинг “Ошин” фильмида тасвирланган ҳаққоний драматик ҳаёт воқеалари, одамлар турмушидаги оддийлик, табиийлик ҳаммага бирдай ёқади. Олди-қочди, енгил-елпи нарсалар бугун ўқилади, эртага унутилади, чунки у инсон қалбидан ўрин ололмайди. Жамиятда инсон ички оламида инқилоблар ясайдиган, уни руҳан ўзгартирадиган китоблар ҳамда фильмларга катта эҳтиёж сезилмоқда. Бунинг учун Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда телеканаллар таҳририятларида миллат руҳини тарбияловчи бадиий фильмлар, юксак савиядаги адабиётлар рўйхати бўлиши тарафдоримиз.

“Оила кутубхонаси” лойиҳаси ҳақида тегишли вазирлик, идора ва ёшлар марказлари аллақачон ўйлаб кўриш вақти келди. Олий маълумотли ҳар бир ўзбек хонадони маънавиятни, ўз касбий маҳоратини оширувчи янги адабиётларни кўплаб миқдорда харид этиши даркор.

“Ўзбекистон почтаси” АЖ янги хизматларни йўлга қўйиши, китоблар, газеталарнинг (волонтёрлар хизмати) уйга етказилишини замон талабларига мос тарзда, тезкор ташкил қилмоғини сўрардик. Шу тариқа мажбурий-ихтиёрий равишда кутубхоналар тизимига асос соламиз. Туғилган кун, тўй, мактабни битириш сингари турли сабабларга кўра, китобларни хонадонма-хонадон улашиш анъанаси юзага келади (бир-бирига китобларини совға қилиш ҳам яхши анъана). Таҳлиллар шундан далолат берадики, уйда китоблар қанчалик кўп бўлса, болалар ҳам улардан шунчалик кўпроқ фойдаланиши мумкин.

Айрим мутасадди агентлик ва идоралар ёрдамида шаҳарларда ҳамда қишлоқ ҳудудларида айланиб юрувчи кўчма кутубхоналарни ҳам ташкил қилиш имкониятини унутмайлик. Агар шундай ташаббусларга қўл урилса, фуқароларимизнинг янада маърифатли бўлишига имкониятлар ошади...

Китоб — фикр булоғи, маънавий юксалиш ва кенг мушоҳада этиш қуроли. Нашрлар ҳамда оммавий ахборот воситаларининг халққа етиб боришини таъминлаш — давлат раҳбари ғоялари ва ташаббусларининг тўлақонли рўёбга чиқиши, инсон омили ишга тушиб кетишининг гарови ҳисобланади.

Юртбошимизнинг “Янги Ўзбекистон — мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ҳаётбахш ғоясида улкан маъно мужассам. Янги Ренессанс моҳиятига етиш ва тушунишда барибир китобхонлик, маърифийлик, илмлилик асосий ролни ўйнайди.

Тўрт йил муқаддам жамиятда бошланган эркинлик ва ошкоралик шамоллари олий таълим тизимига ҳам етиб келди. Қисқа вақт ичида институтлар сони қарийб икки баробар кўпайди. Абитуриентлар учун бир неча олийгоҳни танлаш ва тест топшириш шароити яратилди. Хориж институтларининг ўттиздан зиёд филиаллари очилди. Назаримизда, энди олий ўқув юртларидаги коррупция ҳолатларига барҳам берадиган тизимга доир қонунчиликни такомиллаштириш лозим.

Жаҳонда бўлганидек, университетлар тизимида мақсадли институт, техникум, амалий лабораторияларни очиш, уларни ишлаб чиқариш корхоналари билан боғлаш, битирувчиларни ишга тўғридан-тўғри жойлаштириш сингари масалалар устида бош қотириш зарурга ўхшайди. Шундагина таълим иқтисодиётнинг “драйвер”ига айланади ва жамиятга наф келтиради. Шу ниятда “Осиё аждарлари” номини олган Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари (Малайзия, Сингапур, Жанубий Корея, Хитой, Япония, Таиланд)нинг миллий ривожланиш моделларини ўрганувчи илмий-амалий марказларни давлат томонидан очиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз.

Мамлакатимизда олий таълим тизими тарқоқлиги, параллель бўлган мутахассис институтларнинг мавжудлиги ва илмий тадқиқот ишлари учун етарли даражада замонавий талабларга жавоб берадиган муҳитни яратишга қодир эмаслигини ҳисобга олиб, айнан бир шаҳарда жойлашган етакчи олий ўқув юртларини бирлаштиришни (ҳам иқтисодий, ҳам маънавий, ҳам психологик фойдали) даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Олий таълимда шу орқали университетлар ва иқтисодиёт тармоқлари ўртасида ривожланган ҳамкорлик тармоғини кучайтириш, ихтирочиликни, инновацияларни ривожлантириш, янги халқаро ҳамда илмий алоқалар йўлга қўйилса, бошқа мамлакатлардан катта миқдорда талабаларни қабул қилиш имкони яратилади, қўшимча маблағлар ҳам тушади.

Ёшларимизни сифатли таълимдан маҳрум этар эканмиз, уларни келажакдан маҳрум қилган бўламиз. Аммо фарзандларимизга яхши илм бериш, уларнинг дунёқарашини шакллантириш биз, катта авлоднинг қўлида. Соҳага салмоқли инвестиция жалб этилаётган бугунги даврда таълим тизимимиз тубдан янгиланиши ва жаҳон андозасига мослашиши жоиз.

Президентимизнинг 2020 йил 29 октябрдаги Фармони билан тасдиқланган Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида қайд этилишича, мамлакатимизнинг илм-фан сектори 100 дан ортиқ академик ва тармоқ илмий муассасаларидан иборат бўлиб, ҳозирги кунда 65 та илмий-тадқиқот институти, 31 илмий марказ (шундан 14 таси ихтисослаштирилган илмий-амалий марказ) ва 8 та бошқа турдаги илмий ташкилот фаолият кўрсатмоқда.

Бундай кенг имкониятдан тўлақонли фойдаланиш ҳозирдан бошланишини хоҳлаймиз. Яқинда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига креатив фикрлайдиган раҳбар тайинланди. Биз миллат келажагини ўйлаган янги вазирнинг илғор ташаббусларини ҳар жиҳатдан қўллашимиз керак. Фикримизча, олий таълим соҳасида замонга мос чуқур ислоҳотлар бошланиши ва коррупцион ҳолатларнинг камайиши кутилмоқда.

Рeнeссанс — янгидан туғилиш демак

Ренессанс (уйғониш, янгидан туғилиш)нинг асосий аломатлари: тафаккурда ва илму ижодда догматизм, жаҳолат ҳамда мутаассибликни ёриб ўтиб, инсонни улуғлаш, унинг истеъдоди, ақлий, фикрий имкониятларини юзага чиқаришдир.

Маълумки, XVII асрдан истилочилар дунёни, жумладан, Шарқ мамлакатларини бирма-бир бўйсундиргандан кейин, биринчи навбатда, Қуръоннинг нуфузи ва мақомини пасайтиришди. Инсон қалби, руҳияти, фикрларини чеклашга ўтилди, мусулмонларнинг тўғрилик, иймонлилик, комиллик сари интилиши иккинчи даражага туширилди. Шарққа йўл олган инглизлар, испанлар ва кейинроқ рус мустамлакачилари: “Маънавий бой бўлишинг нимага керак: биринг икки бўлмайди, болаларинг оч қолади. Сен моддий тарафдан бой бўлгин, қалб тарбиясини йиғиштириб, моддиюнчиликка берилгин, ўарб шу йўл туфайли тараққий қилди”, деган ёлғончи, ёт ғояни сингдиришди. Натижада Қуръондан аста-секин чекиниш юз берди, чунки одамлар очкўзлиги туфайли бой бўла бошлади. ўарб ғоялари ҳамда технологиялари ахлоқ ва маънавиятдан кучли чиқди. Шарқ олами қалб билан нафснинг курашида боши ерга тегди ва ютқазди. Тариқатлар йўқола борди. Бу эса Шарқнинг таназзулини бошлаб берган омиллар эди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг учинчи Ренессанс асосларини яратиш борасидаги ўта муҳим, айни пайтда, мураккаб вазифани кун тартибига қўйганлиги негизида ана шу пойдеворни қайта кўтариш вазифаси ётибди. Бу эса мамлакатда таълим ва бошқарув тизимини қайта қуришни билдиради.

Шу ўринда айтиш лозимки, ҳокимият бошқарувининг замонавий услубларидан айрим маҳаллий раҳбарлар, ҳокимларнинг бехабарлиги, уларнинг собиқ шўролар даврида шаклланган бошқарувнинг дўқ уриш ва қўрқитиш услубларидан фойдаланаётгани тараққиётимиз учун ҳамон тўсиқ бўлиб қолмоқда. Биз дунёнинг ривожланган давлатларига эргашар эканмиз, шахс тарбияси ва кадрлар тарбиясини бутунлай ўзгартиришимиз даркор.

Сир эмаски, бугун эскича услубларни механик равишда қабул қилаётган раҳбар кадрларнинг, мамлакатимизда камбағалликда ҳаёт кечираётган аҳоли қисмининг мавжудлиги шароитида учинчи Ренессанс ҳақида фикр юритиш тўғримикин, деган саволни бераётганлар топилади. Шуни таъкидлаш жоизки, Марказий Осиёда содир бўлган иккала Ренессанснинг бирортаси ҳам фуқаролар фаровон яшаган, ҳокимиятда барқарор бошқарув тизими ишлаган даврларда содир бўлмаган. Уларнинг барчаси жамиятда қарама-қаршилик ва муаммоларнинг мавжудлиги шароитида рўй берганлигини тарихий маълумотлар тасдиқлайди.

Буюк аллома Абу Райҳон Берунийнинг ёзишича, юртимизда IX — XII асрларда содир бўлган биринчи Ренессанс тарихига назар солсак, V — VII асрларда ўлкани босиб олган араблар “Хоразмийларда мавжуд бўлган фанларни ўрганган кишиларни йўқ қилган”. Шунда маърифатпарвар ал-Маъмун ташаббуси ва фаол ҳаракати туфайли Ренессанснинг асоси бўлган Маъмун академияси 1004 йилда ташкил топди. Академия атиги ўн уч йил (1004 — 1017) фаолият олиб борган бўлса-да, XI асрда Марказий Осиёнинг Ренессанс марказига айланишини таъминлаб берди. Бу даврда сарой нотинч, ташқи хавф-хатарлар кучайган замон бўлишига қарамасдан, ўз халқининг истиқболини ўйлаган маърифатпарвар хоразмшоҳ олимларни моддий жиҳатдан тўлиқ таъминлаб турган. Алломалар амалга оширган аниқ фанлардаги кашфиётлар ўн аср давомида бутун инсониятга хизмат қилиб келиши бараварида, ўзбек халқининг жаҳон миқёсидаги нуфузини дунёга кўз-кўз қилмоқда.

Ушбу тарихий маълумотларни келтиришдан мақсад, бугун Президентимизнинг учинчи Ренессанс асосларини яратиш ҳақидаги илғор ғоялари ўз вақтида қўйилган вазифа эканлигини яна бир бор таъкидлашдир. Агар биз мавжуд муаммоларни ҳал қилганимиздан сўнг, Ренессанс ҳақида бош қотирамиз, деган фикрга келсак, битта жойда депсиниб турамиз ва муаммолар кўламининг янада кенгайишидан нарига ўта олмаймиз.

“Кўрдимки, экмаган ўрмайди”, дейди шайх Нажмиддин Кубро. Улуғ ишларга қадам қўйган фуқароларимиз меҳнатларининг мевасини кўришни чиндан хоҳласа, қалбига билим, қаноат, жасурлик уруғларини экиб, уни доимо парваришлаб бормоғи лозим.

Олдимиздаги долзарб вазифалар

Юртбошимиз 2020 йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтган Ёшлар форумида минбардан туриб, навқирон авлодга қарата “Ёшлик — умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ва билим — ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг!” деган ажойиб ўгитларни айтди. Шунингдек, болаларнинг таҳлилий ва креатив фикрлаш қобилиятини ривожлантириш ҳақида гапирилди.

Фикримизча, учинчи Ренессанс асосларини яратиш ушбу муҳим вазифаларни ўз ичига қамраб олади: биринчидан, илм, маърифат ва маънавиятни юксак даражада ривожлантириш учун мактабга катта маблағларни сарфлаш; иккинчидан, маблағларни ўзлаштирадиган замонавий тафаккур салоҳиятига эга, фидойи, ватанпарвар тадқиқотчилар ва етук маърифий тарғиботчиларнинг армиясини шакллантириш; учинчидан, илм, фан ва маърифат соҳасида қўлга киритилган натижаларни мамлакат тараққиётига, миллат ҳамда халқ фаровонлигини таъминлашга йўналтира биладиган таваккалчи тадбиркорлар ва ноанъанавий (креатив) услубга эга бўлган бошқарувчиларни топиш; тўртинчидан, Ўзбекистонда интеллектуал мулк ҳуқуқи бозори (ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, бадиий адабиёт, кино, санъатга оид муаллифлик ҳуқуқи эгаларига уларнинг сотилган, телеэфирга узатилган маҳсулотларига доимий ҳақ тўлаб бориш)ни шакллантириш ҳамда республикамизда илмий натижаларни, ихтироларни тижоратлаштиришнинг самарадор механизмини яратиш; бешинчидан, фарзандларимизнинг қалбий руҳий тарбиясини шакллантириш, уларни ақлий меҳнатга ўргатиш, эътиқодини кучайтириш кўникмасини боғча ва мактаблардан бошлаш; олтинчидан, мамлакатимизда “Устоз — шогирд” анъанасини тўлиқ тиклаш; еттинчидан, таълим тизимининг жамиятдаги амалий эҳтиёжлардан узилиб қолганлиги, ижтимоий фанлар (инсон қалби, маънавий олами ва эътиқодини шакллантириш) соатларининг камайиб бораётганига барҳам бериш каби муаммоларнинг ечимини тезликда топиш.

Телеканалларда дунёни лол қолдирган Нобель мукофоти соҳиблари, машҳур композиторлар, рассомлар, шоирлар ва адибларнинг ҳаётига бағишланган қисқа метражли фильмлар намойиш этилади. Инсоннинг эволюцион ўсиш нуқталари моҳирона тасвирга олинган санъат асарлари ҳар қандай кишини фикрлашга, янгича қарашга даъват қилади. Шу ўринда бир савол қийнайди: буюк аждодларимиз ҳақида шундай фильмлар яратишга қурбимиз етмайдими?

Ислоҳотларнинг олдинги сафида ўрта синф ва сиёсий элита боради, биз мустақиллик йилларида ушбу қатламларни шакллантиришга улгурмадик ёки яхши шакллантира олмадик. Демак, Ренессансни амалга оширувчи, жамиятни ортидан эргаштирувчи қатламга эҳтиёж ортиб бораверади. Бу — биринчидан. Иккинчидан, Япония, Хитой, Сингапур, Малайзия тажрибасида кўрилганидек, аграр соҳага урғу бермасдан, замонавий хизматларнинг сони ва сифатини кўпайтиришга ўтишимиз керак.

Пандемиядан кейин давлатимиз раҳбари янги хизматларни ва иш ўринларини очишга улкан маблағ ажратаётгани даврнинг талабига жуда мос тушади. Дунёда пандемия шароитида ўнлаб касблар йўқолиб, яна шунча касблар пайдо бўлмоқда. Ахборот-коммуникация технологиялари билан боғлиқ мактаблар, лицейлар, техникумларни очсак, у тезда ўзини оқлайди ва янги иш ўринлари ўз-ўзидан яратилади.

Сир эмас, хорижда хизматлар кўрсатиш иқтисодиётнинг энг муҳим тармоғига айланиб, сервисларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши ўртача 65 фоизни ташкил этса, мамлакатимизда у 35 фоизга тенг, лекин 86 фоиз қўшилган қиймат шу соҳада вужудга келмоқда. Хизматлар соҳасида (туризм, меҳмонхона, ўқув, молия-иқтисод, қурилиш, консалтинг ва ҳоказо) кам харажат сарфлаб, ишлаб чиқаришга қараганда 3-4 баравар кўпроқ фойда олиш имкони мавжуд.

Ҳозирги пайтда онлайн хизмат кўрсатувчи компаниялар учун 6,2 миллион ўқувчига эга Ўзбекистон — йирик таълим бозоридир. Пулдор инвестор ва тадбиркорлар келажакни олдиндан кўра билса, таълим улар учун пул тикадиган кучли соҳа бўлиши мумкин. Глобаллашув шароитида замон шитоб билан тезлашмоқда. Яқин йилларда “рақамли дарслик”, “виртуал сумка”, “онлайн мактаб”, “рақамли диплом”, “рақамли ўқитувчи” каби атамалардан кенг фойдалана бошласак, ҳеч ажабланмаймиз. Аммо бундай инновацион янгиликларни қабул қилишга ҳам тайёргарлик кўришга тўғри келади.

«Илоҳи, ғафлат уйқусидамен, бедор қил...»

Хотима ўрнида милоддан олдин қадимги Хитой тарихидан бир ибратли мисолни келтириб ўтамиз. Машҳур файласуф Конфуций Сзи-Чун исмли шогирдининг “Давлатни қандай бошқармоқ даркор?” деган саволига ўйланиб туриб, шундай жавоб берган: “Давлатни тўғри бошқармоқ учун ҳукмдор — ҳукмдорлигича, амалдор — амалдорлигича, ота — оталигича, ўғил — ўғиллигича қолмоғи лозимдир”.

Демак, ҳар бир раҳбар ва оддий фуқаро касбини севиши, ўз ишининг моҳири бўлиши, юрт равнақи учун зиммасидаги вазифаларни виждонан бажариши шарт! Шундагина фаровон жамият қурамиз.

Юртбошимиз бугунги мураккаб шароитда жамиятнинг элитаси бўлган шахслар, яъни зиёлилар ва ўрта қатламдан ўзига маслакдошлик, ҳамфикрлилик, фидокорлик, юртсеварлик ҳамда бир мушт бўлиб бирлашмоқни истамоқда. Давлатимиз раҳбарининг “жамият ҳаётининг жони ва руҳи маънавият”, деган фикри замирида оқ-қорани таниган, давр синовларидан мардона ўтган, илмли ҳамда маърифатли юртдошларимизни ёшларни маънавий тарбиялаш, уларни ҳаёт синовларига маънан ҳозирлашда фаоллик кўрсатишга ундаш бор. Ахир япон, корейс, сингапурлик фуқаролар ҳам тўкин жамиятни қуриш учун ўн йиллар кеча-ю кундуз тиним билишмаган...

Ҳазрат Навоий демишлар: “Илоҳи, ғафлат уйқусидамен, бедор қил ва жаҳолат мастлигидамен, ҳушёр қил”. Азиз юртдошим, ғафлат ва жаҳолатдан тезроқ қутулиб, миллатнинг дардларига дармон бўлайлик!

Бахтиёр ОМОНОВ, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети профессори, сиёсий фанлар доктори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?