Ҳамкорлик шартномаси имзоланди

19:17 01 Июль 2022 Жамият
757 0

Фото: "Халқ сўзи"

Ўз соҳасининг билимдони бўлган кадрлар доимо қадрланади. Дейлик, пахта-тўқимачилик кластерлари учун ҳозир малакали агроном, энтомолог, конструктор, дизайнерларга эҳтиёж катта. Хитой файласуфи Конфуций таъкидлаганидек, агар халқингни бир йил муддатга боқмоқчи бўлсанг, ғалла эк, ўн йил вақт мобайнида боқмоқ эсанг, мевали дарахт кўчати ўтқаз. Мабодо, халқим асрлар оша фаровон турмуш кечирсин десанг уни илмли қил.

Бухоро давлат университетида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи, иқтисодиёт фанлари доктори, «Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари» уюшмаси раиси, сенатор Муртазо Раҳматов билан ўтказилган учрашув  чоғида  айнан етук, билимли, зукко кадрлар тайёрлаш масаласи устувор ўрин тутди. Зеро, бирор бир миллат илмсиз тараққиёт йўлига тушган эмас. Жадидлар ўз вақтида бу ҳақида жон куйдириб сўзлаганлар, ёшларни одобли илм олишга даъват этганлар.

Фото: "Халқ сўзи"

— Кейинги беш йил ичида барча жабҳаларда инқилобий ўзгаришлар юз берди, — дея таъкидлади тадбир аввалида М. Раҳматов. — Бу бевосита қишлоқ хўжалигига ҳам дахлдордир. Негаки, мамлакатимизда аҳолининг 50 фоиздан зиёди қишлоқ хўжалигида банд. Қолаверса, соҳани молиялаштиришга алоҳида эътибор қаратилиши бежиз эмас. Чунки аграр соҳа давлатнинг озиқ- овқат захираси саналади. Унинг бандлик масаласини ҳал этишдаги, экспортдаги ўрни ҳам катта. Масалан, Вьетнамда пахта етиштирилмайди. Лекин бу давлат пахта-тўқимачилик саноатидан йилига 50 миллиард доллар даромад олмоқда. Бизда эса бултур 3 миллиард АҚШ долларига яқин миқдорда тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинди.

Сенатор Ўзбекистонда пахта-тўқимачилик кластерлари фаолияти йўлга қўйилгани, бу борадаги қийинчилик ва муаммолар ҳақида ҳам атрофлича фикр-мулоҳаза юритди. Кластерларнинг афзал жиҳатларига тўхталди. Илмни амалиёт билан уйғунлаштириш масалаларига эътиборни қаратди.

— Европа давлатларида билим олиш, ўрганишни энг зарур ҳаётий масала деб билишади, — деди жумладан сенатор. — Европаликларнинг қўлидан китоб, газета тушмайди. Биз ҳам аҳоли, хусусан, ёшларимизда ана шунга кўникма ҳосил қилишимиз даркор.Токи, улар орасидан  кучли мутахассислар етишиб чиқсин. Бусиз тараққиётни тасаввур этиб бўлмайди.

Фото: "Халқ сўзи"

Учрашувда мамлакатимизда Конституциявий ислоҳотлар муҳим босқичга киргани таъкидланиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан эълон қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамасига фаол қатнашиш зарурлиги таъкидланди.

Тадбирда университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар. Якунда иқтисодиёт фанлари доктори М. Раҳматовнинг «Янги Ўзбекистон Учинчи Ренессанс остонасида» номли китоби тақдимоти ўтказилди. Бухоро давлат университети ҳамда «Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари» уюшмаси ўртасида ҳамкорлик шартномаси тузилди.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер