ҲАМАС ва Исроил ўт очишни тўхтатишга келишиб олди

13:21 16 Январь 2025 Дунё
2738 0

Қатар бош вазири Шайх Муҳаммад бин Абдулраҳмон ат-Тани Исроил ва ҲАМАС Ғазо секторида 2023 йил октябрь ойидан бери давом этаётган урушни тугатишга келишиб олганини маълум қилди.

Бу битим вақтинчалик ўт очишни чеклаш ва гаровга олинганларнинг бир қисмини озод этишни кўзда тутади. Натижада, кўчириб юборилган фаластинликлар ўз уйларига қайтиши мумкин бўлади. Қайд этиш керакки, отишма ва бомбардимонлар туфайли аксарият бинолар вайронага айланган.

Маълум қилинишича, сулҳ 19 январь, якшанба кунидан кучга киради. Дастлабки босқич 6 ҳафта (42 кун) давом этиб, Исроил қўшинларининг қисман олиб чиқилиши ва секторга ёрдамнинг кўпайишини ўз ичига олади.

Исроил тинч аҳолига секторнинг қамал қилинган шимолий қисмидаги уйларига қайтишга рухсат беради. Бу ҳудудда ёрдам ташкилотлари очарчилик юз бериши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда. Тель-Авив анклавга кунига 600 тагача юк машинасида ёрдам етказиб берилишига рухсат бериши мумкин.

Яҳудий давлати ўз қўшинларини Ғазонинг аҳоли яшайдиган марказларидан чиқариб, Ғазо-Исроил чегарасидан 700 метрдан ошмаган ички ҳудудларга жойлаштиради ҳамда Миср ва Ғазо ўртасидаги чегара ҳудудида жойлашган «Филаделфия йўлаги»даги ўз иштирокини қисқартиради.

Агарда келишувнинг 2-босқичигача шартлар бажариб борилса, кейинги босқич доирасида ҲАМАС қолган барча гаровдагиларни, Исроил қамоқхона тизимида сақланаётган фаластинликларни озод қилиш эвазига қўйиб юборади.

Яхши муждаларнинг борлигига қарамасдан, ушбу келишувнинг барча шартларини амалга оширилиши Биньямин Нетаньяхунинг позицияларига зид бўлганлиги туфайли ноаниқлигича қоляпти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?