Ҳабиб Нурмагомедов спортдан ташқари ҳоббиси, ўзбекистонлик спортчилардан кимларни кузатиши ҳақидаги саволларга жавоб берди

23:33 01 Декабрь 2020 Жамият
745 0

 

Аввалроқ енгил вазн тоифасида УФC чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов Тошкентга етиб келгани ҳақида хабар берган эдик.

UFC бўйича мутлақ жаҳон чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов шу кунларда Ўзбекистонда бўлиб турибди. Бугун россиялик таниқли спортчи Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди. У дастлаб МОҚ музейини томоша қилиб, ўзбек спортининг шонли тарихи билан яқиндан танишди ва фахрий меҳмонлар китобига ўз тилакларини ёзиб қолдирди. 

Шундан сўнг матбуот анжуманининг журналистлар иштирокидаги савол-жавоб қисмига ўтилди. Унда ОАВ ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Бу ҳақда МОҚ веб-сайти маълум қилди.

– Ўзбекистонлик спортчиларга йирик жанглар олдидан тўғри тайёргарлик кўриш борасида қандай маслаҳат берган бўлардингиз?

– Аралаш жанг санъатида бўлажак баҳсга тайёргарлик кўришдаги энг яхши йўл – спарринг жангларини тўғри ташкил қилиш. Бунда спарринг рақибни тўғри танлаш катта аҳамиятга эга. Шунингдек, ўзини бошқара олиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Катта жанглар олдидан ОАВ ва бошқа томонлардан ташқи босим бўлади. Бунда тўғри йўл танлай олиш ўта муҳим.

– ММАни Олимпия ўйинлари дастурига киритиш бўйича ушбу ташкилот оиласи қандай иш олиб боряпти?

– Албатта, аралаш жанг санъатининг Олимпия ўйинларига киритилишини ушбу спорт вакилларининг аксарият қисми қўллаб-қувватлайди. Париж-2024 учун кеч қолган бўлишимиз мумкин. Бироқ 2028 йил Лос-Анжелесда ўтадиган ёзги Олимпия ўйинлари дастурига кириш учун ҳаракат бор.

– Ўзбекистонлик спортчилар учун хорижлик мутахассислар билан йиғинлар ташкил қилиш ва тажриба алмашиш қанчалик фойда беради?

– Хорижий мутахассислар билан ҳамкорликда ишлаш ҳамиша ўз самарасини берган. Ўқув-машғулот йиғинлари ҳам юқори савияда ташкил қилинса, албатта, ўз натижасини кўрсатади. Залимиз ўзбекистонлик спортчилар учун доимо очиқ. Ҳозир ҳам бир қатор ҳамюртларингиз у ерда ўз тажрибаларини орттириб келишмоқда.

– Спортдан ташқари қандай хоббингиз бор?

– Кўпчилик қатори футболни алоҳида кузатиб бораман ва қизиқарли ўйинларини ўтказиб юбормасликка ҳаракат қиламан. Шунингдек, яна бир қатор шахсий қизиқишларим бор.

– Жанговар самбо бўйича икки карра жаҳон чемпиони ҳисобланасиз. Ушбу спорт тури билан шуғулланадиган атлетлар учун қандай маслаҳат берасиз?

– Жанговар самбо аралаш жанг санъатига энг яқин спорт ҳисобланади. Ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, ушбу спорт ММАга ўтишимга трамплин вазифасини ўтаб берган. Бизнинг Доғистондан бу йил икки нафар самбочи жаҳон чемпиони бўлди. Аввало, ҳар қандай ҳолатда ҳам кучли рақиблар билан машғулот ўташ катта фойда беради. Фурсатдан фойдаланиб, сизларни ҳам Доғистонга таклиф қиламиз.

– Ўзбекистонлик спортчилардан кимларни кузатиб борасиз?

– Охирги Олимпиада ва жаҳон чемпионатларида боксчиларингиз иштирокини алоҳида кузатиб бордим. Екатеринбургдаги ЖЧда Баҳодир Жалолов, Олимпиадада енгил вазндаги йигитларингиз иштироки ёққан. Умуман, Ўзбекистонда кўплаб яхши спортчилар бор. Спортчи учун қулай шароит яратиб берилса, янги номлар чиқиб келаверади. Ўйлайманки, бу борада мамлакатингизда яхшигина имкониятлар бор. Яқин келажакда янада номдор спортчилар етишиб чиқишига ишонаман.

Тадбир якунида Ҳабиб Нурмагомедов ўзбекистонлик спортчи ва мутахассислар билан ҳамкорликка доимо тайёрлигини билдириб, атлетларимизга омад ва зафарлар тилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?