Гулистонда Президент сайлови мавзусига бағишланган халқаро конференция ўтказилади

19:08 30 Июнь 2021 Сиёсат
1278 0

Эртага, 1 июль куни Гулистон шаҳрида «Президент сайловининг конституциявий-ҳуқуқий асослари: Ўзбекистон ва хориж мамлакатлар тажрибаси» мавзусида онлайн ва офлайн шаклда халқаро конференция бўлиб ўтади.

Конференциянинг ташкилий қўмитаси тақдим этган ахборотга кўра, у Ўзбекистон Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти, Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази ва Барқарор ривожланиш маркази ва Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилмоқда.

Конференция халқаро шериклар - Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури (БМТТД), Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги (SDC) кўмагида бўлиб ўтади.

Конференцияда сайловларнинг конституциявий-ҳуқуқий асослари ва сайлов қонунчилиги ривожланиш тенденцияларини илмий таҳлил қилиш, шунингдек, сайлов қонунчилиги ва амалиётини янада такомиллаштириш юзасидан тажриба ва фикр алмашинади. Шунингдек, Ўзбекистонда сўнгги йилларда сайлов меъёрларини тизимли ва изчил демократлаштириш ва либераллаштириш бўйича эришилган натижалар, шунингдек, жамият ва давлат ҳаёти, чинакам демократия, адолатли сайловларни ташкил этиш ва ўтказишда очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш бўйича яратилган шарт-шароитлар тўғрисида халқаро жамоатчилик ва экспертларни хабардор қилиш мазкур анжуманнинг асосий мақсадларидан бири ҳисобланади.

Халқаро конференция ишида парламент, суд тизими, Марказий сайлов комиссияси, мамлакатнинг етакчи илмий-таҳлилий марказлари, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институти вакиллари, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури (БМТТД), Парламентлараро Иттифоқ, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ, шунингдек, Тошкентдаги дипломатик корпус вакиллари қатнашадилар.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури (БМТТД), Парламентлараро Иттифоқ, Россия ва Марказий Осиё бўйича тадқиқотлар маркази вакили, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) ҳамда Қирғизистон Республикаси Тараққиёт сиёсати институти, Ж. Неру университети (Ҳиндистон) вакиллари маърузалари билан чиқиш қиладилар.

Конференцияда пандемия шароитида сайлов жараёнига янги технологияларни жорий этиш, сайлов тизимида рақамли технологиялардан фойдаланиш ва уларни ҳуқуқий тартибга солишни янада кенгайтириш масалалари ҳам кенг муҳокама қилинади.

Якунда Ўзбекистоннинг сайлов сиёсати ва қонунчилигини такомиллаштиришга оид тавсиялардан иборат Гулистон ҳужжатини қабул қилиш назарда тутилган.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ
(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?