Гулистонда ўтган семинарда янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси мазмун-моҳияти тушунтирилди

18:47 04 Ноябрь 2022 Жамият
510 0

Фото: Халқ сўзи

Маълумки, давлатимиз раҳбари шу йилнинг 28 октябрь куни «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Бошқача айтганда, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси қабул қилинди. Расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач, кучга кирадиган ушбу кодексда, 1995 йилдаги биринчи таҳриридан фарқли ўлароқ, мажбурий меҳнатни тақиқлаш, ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўйилмаслик кабилар асосий принцип этиб белгиланди. Унга кўра, давлат эҳтиёжманд аҳолини ишга жойлаш бўйича қўшимча кафолатларни таъминлайди.

Гулистон шаҳрида сенаторлар, Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳуқуқшунос олимлар томонидан янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишлаб ўтказилган семинарда шулар хусусида сўз борди.

Семинарда Меҳнат кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш чоғида ўндан ортиқ халқаро ташкилот, жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг қатор конвенциялари, 60 дан зиёд давлат тажрибаси ўрганилгани, кодекс лойиҳаси Қонунчилик палатасида 1 йил давомида жуда чуқур таҳлил этилиб, маромига етказилгани қайд этилди.

— Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг ҳажми амалдагига нисбатан деярли 3 баробар катта бўлиб, 600 га яқин моддани ўз ичига олган, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шерзод Қулматов. — Ҳужжатда бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқишни назарда тутувчи нормалар қўшилди.

Янги кодексдаги нормаларнинг тўғридан-тўғри ишлашида, ҳаётда самарали татбиқ этилишида меҳнат бозори иштирокчилари, ишчи-ходимлар, иш берувчилар, иш изловчилар ҳамда ваколатли ташкилот ва идоралар масъулларига қонунчилик мазмун-моҳиятини содда, аниқ ва тўғри тушунтириш муҳим аҳамият касб этади.

Меҳнат бозорининг келажакдаги ривожи учун хизмат қиладиган янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси мамлакатимизда ижтимоий соҳа ва иқтисодиётни ривожлантириш, жумладан, инвестиция муҳитини яхшилаш борасида мамлакатимиз меҳнат қонунчилигини такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини белгилайди.

Мазкур кодекс истиқболда кичик бизнес субъектлари ва якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланадиган аҳоли меҳнатини ҳуқуқий тартибга солишга имкон беради.Расмий ва норасмий тармоқда мавсумий иш билан банд бўлганларнинг меҳнат ҳуқуқларини тартибга солишдаги бўшлиқлар ва қарама-қаршиликларни бартараф этади. Меҳнат муносабатларида коррупция хавфи камайиб, «Ягона миллий меҳнат тизими» рақамлаштирилади.

Гендер тенглик, нейтраллик тамойиллари, имконияти чекланган шахслар, норезидентларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқи таъминланади. Иш берувчиларнинг меҳнат бозоридаги янги меҳнат турларидан фойдаланиш имконияти яратилади, меҳнат шартномаси турлари кенгайтирилади ва норасмий тармоқларда ишловчиларни легаллаштиришга эришилади.

Мухтасар айтганда, ушбу ҳужжат мазкур соҳадаги қатор муаммоларни, меҳнат бозоридаги вазиятни инобатга олиб, бозор иқтисодиёти талабларидан келиб чиққан ҳолда қонуний ҳал қилишда, ишлаган ишига, иш берувчи эса киритган сармоясига муносиб тарзда эътибор ва рағбатга эга бўлишини кафолатлайдиган муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?