Гулистон шаҳрида экспортчи корхоналар сони яна биттага ортди

17:45 07 Июнь 2022 Жамият
134 0

Фото: Халқ сўзи

Сирдарё вилояти марказида полипропилен қоп ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги корхона иш бошлади. “World of techno” масъулияти чекланган жамияти қошида ташкил этилган мазкур корхона “MMX-PRO” бренди остида йилига 45 миллиард сўмлик 30 миллион дона полипропилен қоп тайёрлаш қувватига эга. Лойиҳани амалиётга жорий этиш учун 3,1 миллион АҚШ долларига тенг инвестиция йўналтирилди. Унинг 1,7 миллион доллари «Асака» акциядорлик тижорат банки кредити ҳисобидан қопланди.

— Полипропилен қоплар ишлаб чиқариш бугунги кунда даромадли, шу билан бир вақтда долзарб тадбиркорлик турларидандир. Полипропилен қоплардан асосан мустаҳкам саноат қадоқлари сифатида фойдаланилади. Бундай қоплар мустаҳкам полипропилен иплардан тайёрланади, — дейди корхона раҳбари Қобилжон Тўраев. — Корхонамиз 2021 йил август ойида тест режимида иш бошлаб, бугунги кунда тўлиқ қувватда фаолият кўрсатмоқда. Лойиҳа учун зарур бўлган 2,5 миллион АҚШ долларлик асбоб-ускуналар Хитойдан келтирилган.

Корхона маҳсулотларининг асосий қисми МДҲ давлатларига экспорт қилинади. Лойиҳа ишга тушиши натижасида 180 та иш ўрни яратилди.

Корхона фаолият бошлаши муносабати билан ўтказилган тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев, «Асака» акциядорлик тижорат банки бошқарувининг раиси Нодирбек Сайдуллаев иштирок этди.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер