Гўзалликка чўмилган диёр

21:40 18 Май 2022 Жамият
314 0

Фото: Халқ сўзи

22 майдан 5 июнгача Наманганда анъанавий

халқаро гуллар фестивали ўтказилади

Дунёни гўзаллик қутқаради, у борлиқни яшнатган яшиллик, айниқса, ранг-баранг гулу чечаклар билан жозибадор. Табиатнинг беназир туҳфаси бўлган бу неъматдан кўнгил баҳра олади, гулдаста тутган инсонларнинг бир-бирига меҳри товланади, қолаверса, наботот олами ҳаёт учун зарур бўлган кислород ишлаб чиқаришнинг безавол манбаи. Бинобарин, шаҳару қишлоқларимизга зеб берадиган гулларни ардоқлаб, ранго-ранг гулзорлар яратиш миллий қадриятларимиз қаторидан ўрин олгани бежиз эмас. Наманганда анъанага айланган гуллар байрами эса халқимизнинг нафосатга нақадар ошно эканини амалий тасдиқлайди.

Олтмиш бир йил муқаддам ва бугун

Даставвал Наманган шаҳридаги мўъжазгина истироҳат боғида уюштирилган гул кўргазмаси, шундан кейин Наманганни гуллар шаҳри сифатида жаҳонга танитган саъй-ҳаракатлар ва халқаро гуллар фестивали. Нафосат байрамининг 61 йил ичида босиб ўтган йўли бу. Йилма-йил ўтказилаётган байрам тадбирларида узоқ ва яқин тарихда ўзига хос из қолдирган анжуман манзаралари, уста гулчиларнинг ёрқин сиймоси мудом ёдга олинади. Ўтган йили ташкил этилган юбилей фестивали олдидан манбашунос олим Аҳмадхон Убайдуллаев ва тадқиқотчи журналист Раҳимжон Ирисов гул сайлининг тарихи ҳақидаги айрим маълумотларни эълон қилди.

1961 йил 19-20 август кунлари Наманганда илк гул байрами – «Гул виставкаси» бўлди. Бу ҳақида «Наманган ҳақиқати» газетасида эълонлар чоп этилган. Боғ радиоузелида «Гул ва гуллар байрами» мавзусида махсус эшиттиришлар ташкил қилинган. Якунда шаҳар марказий шифохонаси, энергокомбинат, 2-пахта тозалаш заводи, 3-мактаб, ёш техник ва натуралистлар станциясининг кўргазмалари эътироф этилади. Келгуси йили ҳам Наманган шаҳрининг бош раҳбари Турсун Рўзибоев, ижроқўм раиси Мелихон Иброҳимова, боғ директори Ҳошимжон Нурматов гулчиларга аъло даражадаги шароитлар яратишади. Вилоят газетасининг 1962 йил 13 май сонида «Наманган гул шаҳри бўлсин!» чақириғи эълон қилинади. Унинг муаллифлари атоқли гулчилар – Эшондада Алихонов, Солихон Носиров, Йўлдош Раҳимов, Абдусамад Абдуллаев, Йўлдош Обидхонов, Абдураҳим Ғаффоров, Александра Масленникова, Рамазон Муродрасуловлар эди. Шундай қилиб, 1962 йилнинг 18-19 август кунлари шаҳарда иккинчи гул байрами нишонланади. Унда 15 ташкилот ва 30 га яқин гул ишқибозлари қатнашган.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор 1962 йилда «Ўзбекистон маданияти» газетасида шундай ёзади: «Киши Наманганга кирган замони бир нарсани пайқайди: шаҳар гул шаҳри, бўстон шаҳар бўлиб боряпти. Гап гул ва дарахтнинг кўплигида эмас, ҳар бир туп гул, ҳар бир туп дарахтга биттадан ишқибоз гулчи-боғбон гиргиттон бўлиб, эртаю кеч шохини тараб, баргини санаб турганга ўхшайди».

Наманганда гул байрамининг мазмун-моҳияти кенгайиб борди. Бу анъанага ўнлаб, юзлаб тадбирлар омихта қилинади. Гулчилик шаҳар ҳудудидан бутун туманларгача кенгайди. Жаҳон гуллари Наманганни танлади ва ҳар йили уларнинг янги-янги навлари яратилмоқда. Биргина магнолия гул дарахти тарихига назар солайлик: 1967-1973 йиллар вилоятга раҳбарлик қилган Асадулла Хўжаев вилоят марказини ободонлаштиришга, кўкаламзорлаштиришга катта эътибор қаратган. Ўша вақтда Наманган шаҳри раҳбари бўлган Қодиржон Мамарасулов ҳамда шаҳар ободонлаштириш идорасининг раҳбари Семён Фаражев Қора денгиз бўйидан бир неча туп магнолия кўчатини олдириб келишган. Кўчатлар вилоят маъмурий идорасининг рўпарасига ўтқазилган ва кўкартириб олиш учун машаққатли меҳнат сарф қилинган: ёзнинг жазирамасидан асраш учун устидан кунига уч-тўрт марта сув сочиб, Қора денгиз иқлими шароитини яратилиб, қишнинг изғиринидан ўраб-чирмаб олиб чиқилган.

Гуллар байрами тарихида «ГАЗ-21» автомашиналарида гуллар карвони уюштирилгани маълум. Кейинги пайтларда бундай парад Ўзбекистонимизда ишлаб чиқарилган замонавий автомобиллар иштирокида ташкил этилаётгани кишида фахр туйғуларини уйғотади. Фестивалнинг ўтган йилги тадбирлари ҳам айнан шаҳар кўчалари бўйлаб ҳаракатланган гуллар қуршовидаги 200 га яқин транспорт воситалари карвони билан бошлангани ёдингизда бўлса керак.

Бугунга келиб тадбир нуфузи ортган, иштирокчи ва томошабинлар географияси кенгайган. Хусусан, охирги уч йилда ўтказилаётган байрам халқаро миқёс касб этаётгани билан аҳамиятли. Бултур фестиваль тадбирларидан бир миллион киши баҳраманд бўлди. Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида барпо этилаётган юздан зиёд тематик кўргазмалар, анжуман доирасидаги маданий-маърифий тадбирлар, кўнгилочар томошалар Наманган аҳлининг табиатга меҳри, гулчиликка садоқатининг рамзи, десак тўғри бўлади. Жорий йил 22 майдан бошланиб икки ҳафта давом этадиган байрам тадбирлари ҳам ўзига хос мазмун-моҳияти ва бетакрор манзаралари билан гул сайли тарихининг янги саҳифаларини безайди, албатта.

Халқ ижодиётига айланган соҳа

Айтишларига қараганда, Наманганда узоқ йиллардан буён гулчилик билан шуғулланиб келаётган юздан ортиқ сулолалар бор. Катта авлод анъаналарини маҳкам тутган ҳолда ҳовлиси, қолаверса, кўча бўйи ва хиёбонларни анвойи чечакларга буркаётган бу инсонлар шарофати билан гулчилик халқ ижодиётининг ажралмас бўлагига айланган. Соҳанинг чинакам устаси сифатида ўз мактабини яратган гулчилар нафақат вилоят маркази, балки олис қишлоқларда ҳам анчагина.

Жўрахон ота Мўминов бутун умрини гулчилик равнақига бағишлаган. Унинг кактусчиликни кенг йўлга қўйиш борасидаги саъй-ҳаракатларига бутун шаҳар аҳли тан берган. Икки фарзанди ва неваралари ҳам ота изидан бориб, ўзи тиканли, бироқ ажойиб кўринишга эга бу гулларни ардоқлаб келмоқда. Мўминовларнинг 25 сотихли гулхонасида 120 турдаги 10 мингдан ортиқ кактуслар бор. Отанинг кенжа ўғли Баҳромжон ўтган йилги байрамга 61 ёшли кактусни олиб келди. Жўрахон ота уни Украинадан олиб келиб, парваришлаган экан. Қанча ёзу қишни бошидан ўтказган тиканли гул ҳамон тетик.

Наманган гулчилиги ривожига муносиб ҳисса қўшган сулолалардан бири Уйчи туманининг Йоркатай қишлоғида яшаб ўтган Абдукарим ота Қосимов номи билан боғлиқ. 1961 йилда ўтказилган биринчи кўргазманинг фаол иштирокчиси бўлган бу инсон ўз ҳунарини фарзандларига қолдирди. У кишининг ўғли Абдураҳим Каримов узоқ йил шу касб билан шуғулланиб, ўн бир нафар қизини ҳам гулчи қилиб тарбиялади.

— Одатда ота ва оналар қиз узатганда қўша-қўша буюмлардан иборат сарпо қилишади, — дейди Абдураҳим отанинг ўнинчи қизи Тоҳира. — Падари бузрукворим эса бизнинг ҳар биримизга ихчам-ихчам гулзорларни тўёна қилганлар. У асосий юмушимизга айланиб, рўзғоримизга барака киритяпти.

Бултурги фестивалда Абдураҳим отанинг қизларига гул кўргазмаси ва савдосини ташкил этиш учун алоҳида майдон ажратиб беришди. Бу ерда Тоҳира, Моҳира, Ҳамида ва қолган қизлар ихлосмандларни гуллар билан батафсил таништириб, улар парвариши бўйича зарур маълумотларни беришди. Намойишга қўйилган табиат неъматлари оз эмас, 200 дан ортиқ турдаги 10 минг тупдан зиёд гулу чечаклардан иборат эди.

— Отажонимдан оддий герандан тортиб хорижнинг ноёб гулларигача мерос бўлиб қолган, — дейди Ҳамида. — Масалан, Ҳиндистондан келтирилган алкария арчасини маҳаллий шароитга мослаштирганмиз. Кейинги пайтларда цитрус мевалар - киви ва банан кўчатлари парваришини ҳам йўлга қўйдик. Биргина менинг иссиқхонамдаги гуллар тури 4 минг, кўчатлари сони 100 мингдан ошади.

Уйчилик гулчилар учун бу соҳа яхшигина бизнес, оиланинг доимий тирикчилик манбаига айланган. Абдураҳим ота фарзандларининг ҳар бири йилига кам деганда 50 миллион сўмгача даромад топишади.

Хорижликлар ҳам ҳайратда

Гул сайлининг довруғи кейинги йилларда мамлакатимиз доирасидан чиқиб, узоқ ва яқин хорижгача етиб борди. Буни Наманганга ташриф буюраётган чет эллик сайёҳлар оқими йил сайин кўпайиб бораётганидан билиш мумкин. Биргина 61-фестивалда чет эллардан 10 мингдан ортиқ сайёҳ нафосат байрамини ўз кўзи билан кўриш истагида навқирон шаҳарга келди. Анжуман жаҳоннинг 31 давлатидан келган ОАВ мухбирлари, телевидение ва Интернет нашрлари томонидан дунё бўйлаб кенг ёритилди. Ўшанда Замбия Республикаси фуқароси Миллимо Мундияни боғдаги кўргазмаларни мароқ билан томоша қилаётган паллада учратган эдик.

— Ўтган йилдан буён Наманган муҳандислик-технология институти магистратурасида таҳсил оляпман, — деган эди замбиялик қиз. — Бу шаҳар, энг аввало, ўзига хос яшил табиати билан кишини ўзига ром этади. Ҳозиргача кўча ва хиёбонлардаги манзаралардан завқланиб келган бўлсам, минглаб инсонларни ўзига чорлаган фестиваль ҳайратимни оширди. Бунча гулларни қандай ўтқазиб улгуришди экан... Ҳар бири ўзига хос кўриниш, мазмунга эга композициялар. Сон-саноқсиз чечаклар ифорига чўмилган шаҳар. Экзотика! Бетакрор кўринишларни суратга тушириб, Ватанимдаги яқинларим, дўсту дугоналаримга ҳам юборяпман. Ҳаммаси ҳайратда.

Аник ва Раҳик Тахирлар ҳам Наманган муҳандислик-технология институтида ўқишади. Ака-ука талаба маҳаллий курсдошлари билан гул сайлига келишган экан. Суҳбат чоғида она шаҳарлари - Лаҳорда ҳам гулларга ҳавас билан қарашлари, бироқ Намангандаги сингари экофестивални биринчи бор кўраётганларини сўзлашди.

Ташкилотчиларнинг айтишича, бу йилги фестивалга чет мамлакатлардан 15 мингга яқин сайёҳ ва гул ишқибозлари ташрифи кутилмоқда. Ташкил этиладиган кўргазма ва томошалар меҳмонларга унутилмас таассуротларни туҳфа этиши тайин.

Гулчиликни саноат даражасига кўтарса бўладими?

Гулчилик санъатми, ишлаб чиқариш ёки ҳавас? 61-фестиваль доирасида ташкил этилган илмий-амалий анжуманда бу саволга турлича жавоблар бўлди. Анжуман иштирокчилари Ўзбекистонда гулчилик соҳасини янада ривожлантириш, ҳатто саноат даражасига кўтариш, янги гул ва манзарали дарахтлар турлари селекциясини кўпайтириш учун чет элдан интродукция қилиш ва келтирилган ўсимликларни муҳитга мослаштириш ишлари юзасидан фикр алмашдилар.

Таъкидлаш лозимки, Наманганда айни йўналишдаги ишлар қамрови тобора кенгаймоқда. Масалан, ўтган уч йил ичида вилоят ҳокимлиги билан Наманган муҳандислик-технология институти ҳамкорлигида Нидерландия давлатидан 16 турдаги лола кўчатлари келтирилди ва маҳаллийлаштириш билан бир қаторда янги навларни яратиш борасида илмий-тадқиқот ишлари, агротехник тадбирлар олиб борилмоқда. Айни пайтда институтда «Манзарали боғдорчилик ва кўкаламзорлаштириш» кафедраси ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунда 10 дан зиёд профессор-ўқитувчилар 130 нафар бўлажак мутахассисларга таълим бериб келмоқда. Ўтган қисқа вақт мобайнида 5 та дарслик, 3 та ўқув қўлланма, 10 дан зиёд монографиялар ҳамда 70 га яқин илмий мақолалар чет эл ва Ўзбекистон илмий журналларида чоп эттирилди. Олийгоҳ олимлари, шунингдек, умумий қиймати 720 млн. сўмни ташкил этадиган «Наманган шароитида ноёб архидея гулини кўпайтириш технологиясини ишлаб чиқиш» мавзусидаги лойиҳаси билан Инновация вазирлигининг грант лойиҳасини қўлга киритди.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 4 августдаги «Республика ҳудудларида гулчилик ва кўчатчилик соҳаларини янада ривожлантириш тўғрисида»ги қарори наманганликлар ифтихори ва севимли машғулотига айланган тармоқ ривожида янги босқични бошлаб берди. Айни ҳужжат асосида Давлатобод тумани гулчиликка ихтисослаштирилиб, алоҳида кластер ташкил этилди. Унда истиқболли навларни кўпайтириш, хориждан келтирилган кўчатларни маҳаллийлаштириш орқали янги навлар яратишга йўналтирилган илмий-амалий марказ ҳам шакллантирилган. 10 сотихли иссиқхонада йил давомида олиб бориладиган машғулотларга барча ёшдаги ҳаваскорлар жалб этилиб, бир ярим ойлик сабоқдан сўнг махсус сертификат олишмоқда.

— Республика гулчилар ассоциацияси ҳамкорлигида уч гектар майдонда барпо қилинган яна бир замонавий иссиқхонада 52 турда 4 миллион туп гул етиштирилмоқда, — дейди Наманган вилоят гулчилар ассоциацияси раиси Обидхон Қодиров. — Парвариш ва селекция ишлари билан 70 га яқин киши банд. Туркиядан таклиф қилинган мутахассис Элдар Йилмас халқаро тажрибаларни ўзлаштиришимизда яқиндан ёрдам бермоқда.

Давлатободда олиб борилаётган изланишларнинг дастлабки натижаси ҳам кўзга ташланиб қолди. Масалан, хориждан келтирилган бегониянинг 10 дан ортиқ турини маҳаллийлаштириш устида олиб борилган тадқиқотлар давомида ушбу гулнинг Ўзбекистон иқлимига чидамли навлари яратилди. Илгари бу гуллар бизнинг шароитимизда бор-йўғи 15 даражагача бўлган ҳароратга дош берган бўлса, эндиликда 35 даража иссиқда ҳам яшнаб турибди. Жорий йил фестивали олдидан 1,5 минг тупга яқин бегония кўчати байрам манзилларига ўтқазилди.

Давлатобод тумани ўсиш нуқталаридан бирига айланган гулчиликдаги бу сингари амалий ишлар яқин вақт орасида айни йўналишда фаолият олиб бораётган бизнес эгаларини бирлаштириш орқали соҳани саноат усулига кўчириш истиқболидан далолат беради.

Энг ҳаяжонли лаҳзалар

“Namangan flowers festival – 2022» ранг-баранг дастурлари мундарижаси кўпчиликни қизиқтириши табиий. Ўша кунлари маданият ва истироҳат боғи меҳмонлари фақат гуллар кўргазмасини томоша қилибгина қолмай, кўплаб маданий-маърифий ва кўнгилочар тадбирларнинг гувоҳи бўладилар. Ҳунармандчилик буюмлари, миллий либослар, фото ва тасвирий санъат асарлари намойиш этилади. Модельерлар чиқиши, мақом, миллий рақс, эстрада жамоаларининг концертлари, дорбозлар шоуси, спорт усталарининг маҳорат сабоқлари ҳам иштирокчиларни асло бефарқ қолдирмайди. Ва, албатта, иштирокчилар меҳнат ва интилишларини муносиб тақдирлаш фестиваль дастуридан ўрин олган муҳим тадбирлардан бири бўлиб қолади. Маҳаллий ҳокимият масаланинг айни жиҳатига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Катта авлод вакиллари авваллари гул танлови ғолиблари ва фаол иштирокчилар махсус диплом ва эсдалик совғалари билангина тақдирланганини яхши эслашади. Бир неча йилдирки, фахрли ўрин соҳибларига замонавий енгил автомобиллар тақдим этилаётир. Ўндан ортиқ номинация ғолибларига эса телевизор, ноутбук ва бошқа қимматбаҳо буюмлар совға қилиняпти. Ўтган йилги байрам якунларига кўра, ўзининг ажойиб кўргазмаси билан томошабинларда катта таассурот қолдирган Поп тумани, вилоят қурилиш бош бошқармаси, Миллий гвардия вилоят бошқармаси жамоалари ҳамда дизайнер гулчи Обидхон Қодиров олий ўринга муносиб топилиб, “Nexia-3» автомашинаси билан тақдирланган эди. Бу йил бош совриндорларни “Lasetti” автомобиллари кутмоқда.

Қани, улар кимларга насиб этаркин?

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер