Гормонларни ўзбошимчалик билан қабул қилиш оғир асоратларга олиб келади — мутахассис

12:37 16 Август 2022 Жамият
217 0

Фото: Иллюстратив фото

Коронавируснинг энг оғир асоратлари сон суяги, елка, тизза бўғимларининг емирилиши билан кечаётгани кўпчиликка яхши маълум. Бу — нафақат юртимиз, балки дунё тиббиёт олимларининг илмий хулосаси.

Агар статистик таҳлилларга мурожаат қилсак, пандемиягача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бу хасталикка чалинган беморлар сони 3-4 баробар ортганини кўрамиз.

Оқибатда мазкур касалликнинг оғир босқичларида юқори технологик операция ҳисобланадиган эндопротезлаш амалиётига муҳтож беморлар сони кўпайиб бормоқда.

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мурод Ирисметов билан бунинг асосий сабаблари ҳақида суҳбатлашдик.

— Коронавирус пандемияси бошланмасидан аввал ҳам аваскуляр некроз хасталигидан азият чекувчи беморлардан мурожаатлар бўларди, — дейди мутахассис. — Аммо уларнинг сони ҳозирги пайтдаги сингари кўп эмасди.

Асосан ревматологик касалликларни даволашда қўлланилган гормон препаратлари асоратлари суяк бўғимларининг емирилишига сабаб бўлган, деб айта оламан.

Бироқ 2020 йилнинг 15 мартида юртимизга COVID-19 вируси кириб келгач, қолаверса, ўша йили июль, август, сентябрь ойларида эпидемиологик вазият мураккаблашгач, одамларда саросима ва ваҳима кучайди.

Шу даврда юртимизда ҳам мазкур вируснинг олдини олиш бўйича махсус протоколлар ишлаб чиқилди. Бироқ айрим беморлар уй шароитида белгиланган дори воситаларидан ўзбошимчалик билан фойдаланиши, айниқса, антибиотик, гормон препаратларини палапартиш қўллаши уларда турли асоратларни юзага келтирди.

Мисол учун, гормон препарати фақат бемор реанимация бўлимига ётқизилганда, касалликнинг энг оғир даражасида, тиббий кўрсатмага мувофиқ буюрилади. Бошқа ҳолларда эса ундан ўзбошимчалик билан фойдаланиш тақиқланади.

Ҳозир тиббиёт марказимизда шундай дардга чалинган мингдан ортиқ беморларнинг реестрини шакллантирганмиз. Таҳлиллар асносида кўряпмизки, уларнинг деярли барчаси 2020 йилда коронавирусдан ўзбошимчалик билан даволанган ва палапартиш равишда гормон қабул қилган беморлардир.

СОVID-19ни даволаш протоколи янгиланиши, оммавий ахборот воситалари орқали олиб борилган тарғибот ишлари, шунингдек, аҳолининг бу борадаги тиббий маданияти ўсиши натижасида 2021 йилда коронавирусдан муолажа олган беморлар орасида ҳозир некрозга чалинганлари деярли учрагани йўқ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер