Глобал муаммоларнинг оқилона ечимлари

18:57 09 Ноябрь 2021 Жамият
355 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқини том маънода ҳар бир соҳадаги янгиланиш учун муҳим қадам дейиш мумкин. Давлатимиз раҳбари томонидан Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси бўйича етти устувор йўналиш илгари сурилди. Хусусан, эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш, адолат ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, маънавий-маърифий соҳаларни ривожлантириш, глобал муаммоларнинг миллий ва минтақавий даражадаги ечимларини топиш, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш соҳасида устувор вазифалар белгилаб берилди.

Юртбошимиз томонидан барча соҳалар қатори экологик муаммоларни ҳал этиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳам амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, иқлим ўзгаришлари, экологик муаммоларни ҳал этишда куч ва имкониятларни бирлаштириш, бу борадаги барча саъй-ҳаракатларни уйғунлаштириш, глобал муаммоларнинг миллий ва минтақавий даражадаги ечимларини топиш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Масалан, яқинда содир бўлган қум бўронлари юртимизда экологик таҳдидларнинг салбий таъсири ортиб бораётгани, Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ вазият тобора кескин тус олаётганини яна бир бор тасдиқлагани алоҳида таъкидланди.

Шу ўринда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонлаштириш ишларини олиб бориш юзасидан узоқни кўзлаб амалга оширилган ишлар бундай табиий офатларни юмшатишга, олдини олишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлаш лозим.

Президентимиз томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг минбаридан туриб илгари сурган барча ташаббуслар қатори экология соҳасидаги таклифлар ҳам дунё ҳамжамияти томонидан тан олинмоқда. БМТ ҳузуридаги Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосидаги Траст фондининг таъсис этилиши ҳамда Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюциянинг қабул қилиниши том маънода ўзбек дипломатиясининг ютуғи бўлди.

Бу борада махсус резолюциясини ҳаётга татбиқ этишга доир тизимли ва комплекс чора-тадбирларни амалга оширишимиз лозимлиги, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги экологик сиёсати асосларини ташкил этишга қаратилган Бутунжаҳон экология хартиясини ишлаб чиқиш борасидаги фаолиятимизни жадаллаштириш кераклиги қайд этилди.

Айтиш жоизки, Ўзбекистон ташаббусларни илгари суриш билан бирга глобал экологик муаммоларнинг миллий ва минтақавий ечими бўйича амалий ишларни рўёбга чиқармоқда. Жумладан, ўтаётган ҳафта давомида бутун дунё ҳамжамияти томонидан Глазго шаҳрида Иқлим ўзгариши муаммолари БМТ анжуманида муҳокама қилинаётган бир вақтда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасига старт берилганлиги мамлакатимизнинг халқаро ҳужжатлар, хусусан, Париж келишуви доирасида олган мажбуриятларини самарали ижро этилишининг яққол намунасидир.

Шу ўринда, Ўзбекистон Экологик партияси ва унинг фракцияси маърузада илгари сурилган ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишда Юртбошимиз таъкидлаганидек, «бир мушт бўлиб ҳаракат қилишга» тайёр эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Умуман олганда, давлатимиз раҳбари томонидан Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси бўйича илгари сурилган таклифларнинг рўёбга чиқарилиши мамлакатимиз янада тараққий этишига, халқимиз фаровонлиги таъминланишига, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Хайрилло ҒАФФОРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?