Глобал экологик муаммолар барқарор тараққиётга катта таҳдид солмоқда. Бунинг олдини олиш учун нима қилиш керак?

14:16 13 Ноябрь 2020 Жамият
1833 0

Бундан роппа-роса 10 йилдан сўнг дунё манзараси қандай бўлиши ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Инсониятнинг ҳаёт кечириш тарзи қай тарзда ўзгариши мумкинлиги ҳақида-чи? Ҳозирги анъаналаримиз қай даражада ўзгариши мумкин деб ҳисоблайсиз? Шуниси маълумки, ер шарининг экологик вазияти ўтган асрга нисбатан мисли кўрилмаган даражада ўзгаришга улгириши билан бир қаторда авлодларнинг чинакамига қарғишига сабаб бўлувчи муаммоларни ҳам вужудга келтирди. Гарчи ушбу ҳодисалар дунё ҳамжамиятини глобал экологик муаммолар тўғрисида кўпроқ маълумотларга эга бўлиш, тадқиқотлар олиб бориш ва бу муаммоларни бартараф этиш борасида амалий чора-тадбирларни амалга оширишга ундаб келаётган бўлса ҳамки, кўпчилик мамлакатлар ва миллатлар бу муаммоларнинг кўлами шабадасини сеза олишмаяпти ёхуд улар ўзларини мутлақо хабарсиздек тутишмоқда. Экологик барқарорликни таъминлаш, аҳолининг қулай табиий муҳитда ҳаёт кечириши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш, табиий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланиш, юзага келаётган ва юз бериб бўлган муаммоларга ечим топиш, уларни оқилона ҳал қилиш каби масалаларга қай даражада аҳамият бериб келинмоқда? Бу мавзуда шунчаки режа ва концепциялар ишлаб чиқилиб, конференция мавзуси сифатида қараб келинмоқдами? Афсуски, шундай!

Глобал экологик ўзгаришларнинг салбий оқибатлари нималарда акс этади? Муаммоларнинг илдизи қаерда?

Глобал экологик ўзгаришларнинг салбий оқибатлари нималарда акс этади? Мамлакатларнинг иқтисодий ва сиёсий ҳукмронликка интилиб, улкан обрў қозониш мақсадида мамлакат ишлаб чиқаришига алоҳида урғу бериб келаётганлиги глобал экологик инқирозни келтириб чиқармаяптимикан? Ёки бу муаммоларга биз инсонларнинг яшаш тарзимиз сабаб бўла оладими?

Ўтган асрга нисбатан инсоният яшаш тарзи шунчалик даражада ўзгардики, инсоният цивилизациясида ҳали мутлақо кузатилмаган глобал исиш, денгиз ва ер экотизимларининг мисли кўрилмаган даражада камайиб боришию, ер юзининг турли минтақаларида қурғоқчилик, сув тошқинлари каби бир қатор салбий ҳолатлар ҳам юз бераётганлиги барчамизга бирдек аёндир. Бир сўз билан айтганда инсоннинг табиатга аралашуви ақлга сиғмайдиган даражага етишга улгурди.

Хўш, бизда муаммолар бор, лекин уларга ечимлар-чи? Наҳотки ҳозирги дунёнинг глобал экологик ҳолати ҳеч кимни заррачалик қизиқтирмаса? Биз ўзимидан кейинги авлодга қандай келажакни мерос қилиб қолдирмоқдамиз? Ҳар сафар бундай оғриқли саволлар бизни қачонгача қийнаб келади? Наҳотки дунёнинг ҳозирги қиёфаси кундан кунга бундан-да ёмонлашиб бораверадию, биз инсонлар шунчаки бир оддий ҳодисадек қараб тураверамиз? Мамлакат раҳбарларинию, ҳукумат вакилларини, бутун инсониятни бойлик орттириш, иқтисодий ўсиш, сиёсий ҳукмронлик, мамлакатлар ўртасида улкан обрўга эга бўлишдан бошқа ҳеч нарса қизиқтирмаса?! Ҳа, албатта биз бунга кўникиб, яшаб келмоқдамиз!

Мина Гули ҳақида ҳеч эшитганмисиз ёки қаердадир ўқиганмисиз? Ёки сув излаш учун еттита саҳрони пиёда кезиб чиққан аёлни танирсиз?! Ўқимаган бўлсангиз ёки эшитмаган бўлсангиз, сизни мутлақо дунё аҳолисининг сувсизликдан ҳалок бўлаётганлиги ҳам қизиқтирмайди! Балки, 15 йилдан сўнг сиз сувсизлик натижасида вафот этасиз десам-чи?! 

"Кўпчилик фойдаланишга яроқли сувимиз тугашини билмайди, 2030 йилга келиб сувга бўлган талаб ва мавжуд бўлган сув таъминоти ўртасида 40 % тафовут бўлади. Сув муаммосини ҳал қилиш учун бизда бор-йўғи 15 йил бор холос”, дейди Жаҳон иқтисодий форумининг ёш глобал етакчиси Мина Гули. Таъкидлаш жоизки, 750 мутахассисдан таркиб топган жамоа томонидан ўтказилган сўровда тоза ичимлик сувининг тугаб бориши бутун дунё аҳолиси учун чинакамига глобал хавф деб баҳоланди. Аслида, ичимлик суви муаммоси дунё аҳолисини қийнаб келаётган муаммоларнинг энг олди қаторидан ўрин олиб улгурган. Фойдаланиш учун сув етарли бўлмаган, кунни тоза ичимлик сувини излаш учун сарфлайдиганларга ҳам осон эмас! Бу туйғуларни сувни исроф қилаётганлар қаёқдан ҳам билсин!

Муаммога ечим топилди ҳам дейлик, у қандай натижа беради?

Қуйида глобал экологик муаммоларни бартараф этиш борасида бир қатор тавсиялар ва уларнинг натижалари илмий ва ҳуқуқий жиҳатдан муҳокама қилинади:

1. Таклиф: экологик қонун талабларини бузганлик учун юридик жавобгарликни оғирлаштириш

Таъкидлаш жоизки, экологик-ҳуқуқий жавобгарлик бу бу белгилаб қўйилган табиатни муҳофаза қилиш ва экологик қонун талаблари ҳамда меъёрларини бузганлиги, табиий ресурслардан ортиқча фойдаланиш, муҳофаза қилиш қоида-талабларини бузиш, атроф табиий муҳитни, табиатни ифлослантириш, табиий ресурслардан ноқонуний ва хўжасизларча фойдаланиш оқибатида вужудга келиб, у субъектларни юридик жавобгарликка тортилишида намоён бўлади. Шу ўринда савол туғилиши табиий: Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида экология қонун талабларини бузганлик учун қандай турдаги жавобгарлик назарда тутилган ва ушбу турдаги жавобгарлик турлари бугунги кундаги замон талабига қанчалик даражада мос келмоқда ёхуд бу жавобгарлик кўлами бутун дунё ҳамжамиятини ташвишга солиб келаётган глобал экологик вазиятни юмшатишга ёрдам бериши мумкинми ёки йўқ?

Масалага ҳуқуқий жиҳатдан ёндашадиган бўлсак, экологик қонун талаблари бузилганда амалдаги қонунларимизга мувофиқ экологик-ҳуқуқий жавобгарликнинг қуйидаги жавобгарлик турларини келтириб ўтиш ўринлидир:

  1. Интизомий жавобгарлик
  2. Маъмурий жавобгарлик
  3. Фуқаролик жавобгарлик
  4. Жиноий-ҳуқуқий жавобгарлик

Экологик қонун талабларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлик масаласига тўхталадиган бўлсак, таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг VIII боби «Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик» деб номланган бўлиб, хусусан? ушбу кодекснинг 79-моддасида қуйидагича жавобгарлик масаласи назарда тутилган: “Дарахтлар, буталарни, бошқа ўрмон ўсимликлари ва ниҳолларни ғайриқонуний равишда кесиш, шикастлантириш ёки йўқ қилиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”.

Лекин экологик барқарорликка эришган ва статистик маълумотларга кўра дунёнинг энг тоза мамлакатлар рўйхатидан 3-ўринни эгаллаб келаётган Норвегия давлатининг айнан юқорида келтириб ўтилган жавобгарлик масаласи бўйича қонунчилик тажрибасини ўрганадиган бўлсак, қуйидаги нормани учратиш мумкин:

«Ўрмон хўжалиги тўғрисида»ги қонуннинг 8-моддасида агар ўрмонларни кесиш ушбу Қонунга зид равишда режалаштирилган ёки амалга оширилган бўлса, мол-мулк ишлаб чиқариш базасини сезиларли даражада камайтиради ёки атроф муҳитга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Қадриятлар бўлса, муниципалитет кесишдан бош тортиши ёки қандай бўлиши шартларини белгилаши мумкин. Вазирлик томонидан бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, харидор ва сотувчи буни таъминлаши керак деб белгиланган бўлиб, агар айнан шу қоида бузиладиган бўлса, худди шу қонунинг 26-моддасига кўра, қасддан ёки бепарволик билан бузган ёки бузилишида иштирокчи бўлган шахс 6, 7, 8, 11, 12, 13, 14 ёки 15 бўлимлари қоидалари, уларга мувофиқ чиқарилган қоидаларга мувофиқ жарима ёки бир йилдан ошмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 4-бўлими «Экология соҳасидаги жиноятлар» деб номланган бўлиб, юқоридаги қонунбузарлик ҳолати учун 198-моддада жиноий жавобгарлик масаласи назарда тутилган: Оловга эҳтиётсизлик билан муносабатда бўлиш натижасида экинзор, ўрмон ёки бошқа дов-дарахтларга шикаст етказиш ёки уларни нобуд қилиш кўп миқдорда зарар етказилиши ёки бошқача оғир оқибатларга сабаб бўлса, 

— базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ўрмон ёки бошқа дов-дарахтларни қонунга хилоф равишда кесиш кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Экинзор, ўрмон ёки бошқа дов-дарахтларга қасддан шикаст етказиш, уларни пайҳон қилиш, нобуд қилиш кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш беш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Юқорида қонунчиликдан келтирилган мисоллар натижасида англаш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси жиноий, маъмурий қонунчилигида экологик қонун талабларини бузганлик учун жавобгарлик масаласи қатъий характерда эмаслиги билан намоён бўлади.

2-таклиф: Экологик хавфсизлик доирасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш

Савол туғилиши табиий: инсониятнинг экологик хавфсизлигини таъминлаш, глобал экологик муаммоларни бартараф этиш, рўй бериши прогнозлаштирилаётган салбий ҳодисаларнинг олдини олиш учун халқаро ҳамкорлик қай даражада аҳамиятга эга? Халқлар ва миллатлар ўртасидаги ўзаро бирдамликка асосланган ҳамкорлик қай даражада ўз натижасини бериш мумкин?

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, сайёрамизда халқаро экологик ҳамкорликнинг зарурлиги қуйидаги ҳоллар билан белгиланади:

  1. Ер сайёраси ва унинг ўзига хос табиатини инсонга маълум бўлган оламда ягона эканлиги;
  2. Ер табиати ва биосфера яхлит тизим сифатида мавжуд бўлиб инсон ва жамият унинг таркибий қисми эканлиги;
  3. Инсониятнинг барча ишлаб чиқариш фаолиятини моддий негизи табиат эканлиги;
  4. Табиатдаги салбий ўзгаришлар ва атроф-муҳитга антропоген таъсир кўлами жиҳатидан бутун сайёрага тазйиқ кўрсатувчи жараёнлар эканлиги;
  5. Ҳозирда юзага келаётган экологик муаммоларни ҳал этишга кўп ҳолларда бир ёки бир нечта давлатларнинг имкониятлари етарли эмаслиги;
  6. Барча инсониятнинг биргаликдаги ҳаракати сайёрамиздаги экологик вазиятни яхшилашнинг энг мақбул йўли эканлиги.

Демак, кўриниб турибдики, глобал экологик муаммоларни бартараф этиш учун халқаро ҳамкорлик сув ва ҳаводек муҳимдир. 1945 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) ташкил этилиши муносабати билан экология соҳасидаги халқаро ҳамкорлик ушбу халқаро ташкилот фаолиятининг муҳим таркибий қисми сифатида ривожлана бошлади. БМТ халқаро экологик ҳамкорликни янада тараққий эттириш йўлида кўп ишларни амалга оширди. Ҳозирда БМТнинг мавжуд 14 та ихтисослашган ташкилотлардан 6 таси атроф-муҳит муҳофазасига алоқадор масалалар билан шуғулланади. Ҳозирги кунда бутун инсоният ва унинг прогрессив қатлами инсон-табиат ўртасидаги оптимал ҳолатни белгилаб олишга интилмоқда. «Барқарор ривожланиш концепцияси» шу мақсадга хизмат қилади. Барқарор ривожланиш мақсадлари – 2012 йилда БМТ томонидан ишлаб чиқилган дастур бўлиб, у ҳар бир инсон учун фаровон турмуш тарзини яратишга хизмат қилувчи иқтисодий, ижтимоий, экологик кўрсаткичларни ўз ичига олади. 2015 йил 25-27 сентябрь кунлари БМТнинг 200 дан ортиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этган Саммитда айнан Барқарор ривожланиш масаласи кун тартибига қўйилди ва яқин 15 йилга мўлжалланган тадбирлар режаси эълон қилинди. Мазкур мақсадлар БМТга аъзо барча давлатлар томонидан 2015-2030 йилларда амалга оширилиши кун тартибига киритилган бўлиб, унда дунё мамлакатларининг етакчилари дунёнинг барча нуқталарида барча глобал муаммоларга батамом барҳам беришга ваъда қилиши кутилади. Шу жумладан, дастурнинг 13, 14 ва 15-мақсадлари Иқлим ўзгаришига қарши кураш, ер экотизимларини асраш ва денгиз экотизимларини асраш деб номланган бўлиб, ҳозирги глобал тараққиёт даврида экологик вазиятнинг қанчалик даражада долзарб аҳамият касб этишини кўрсатади. Лекин, буларнинг барчаси улкан кўламдаги экологик муаммоларни бартараф этиш учун кифоя қилмаслиги сизу бизга бирдек аёндир. Жумладан, АҚШ ҳукуматининг глобал экологик муаммоларни менсимасдан келаётганлиги барчани бирдек ташвишга солиб қўйиши шубҳасиздир. «Ҳеч қайси давлат иқтисодий истиқболи ва энергетик хавфсизлиги эвазига экологик барқарорликка эришишни мақсад қилмаслиги керак» деб БМТнинг Польшада бўлиб ўтган иқлим муаммоларига бағишланган форумида АҚШнинг энергетика бўйича вакили берган баёнотда бу янада ўз аксини топди. Наҳотки ҳукуматлар дунё ҳамжамиятни ташвишга солиб келаётган глобал экологик муаммолар инқирозини абадий муаммога айлантиришга ўз ҳиссаларини қўшиб келишмоқда. Ваҳоланки, АҚШ дунёда иқлимни ифлослаш бўйича Саудия Арабистонидан кейинги «фахрли» 2-ўринни эгаллаб келмоқда.

Шу сабабли, ҳукуматлар экологик хавфсизликни таъминлашдан бўйин товлаётган давлатларга нисбатан иқтисодий санкциялар қўллашуларнинг товарларини сотиб олишдан бош тортиш орқали бутун дунёда экологик хавфсизликни таъминлаган бўлар эдилар. Шу ўринда, «иқтисодий қамчи» усули чинакамига қўл беради. Инсоният бошига кўланка солиб турган экологик фалокатларнинг олдини олиш бўйича халқаро ҳамкорлик маълум даражада шаклланган ва муҳим тадбирлар амалга оширилган бўлса-да, ҳали бу борадаги ишларни янада изчил фаоллаштириш зарур. Чунки ҳозиргача атроф-муҳит муҳофазаси ва инсониятга етарли, қулай яшаш шароитларини яратиш масалаларини бошқариб турувчи том маънодаги кенг кўламли, таъсирчан, холис, ягона халқаро тизим вужудга келгани йўқ. Халқаро экологик ҳамкорлик такомиллашиб бориши инсоният тараққиётининг бундан кейинги босқичларида ҳам муҳим ҳаётий заруратлардан бири бўлиб қолаверади.

3-таклиф: Аҳолининг экологик маданият кўрсатгич даражасини ошириш

Ўзбекистонда ҳар бир киши 1 суткада 2-3 литр чучук сув ичади. Гидросферанинг фақатгина 2,5 фоизини чучук сув ташкил қилиши ҳақида биласизми? Ёки қишлоқ хўжалигининг айрим соҳаларидаги сув сарфини қиёсий ҳисоблаб кўрсак, 1 тонна буғдой етиштириш учун 1,5 тонна, 1 тонна шоли учун - 4-5 минг тонна, 1 тонна пахта етиштириш учун 10 минг тонна сув сарфланиши ҳақида нима дея оласиз? Ўз экологик маданиятингиз қай даражада деб ҳисоблайсиз?

Экологик маданиятни ошириш ҳақида сўз борганда, таъкидлаш жоизки, экологик маданият бир нечта факторлар натижаси ўлароқ шаклланади ёхуд юзага келади: жумладан, табиатга муҳаббат, табиат ҳақидаги билим ва тасаввурлар, кўникмалар, экологик тарбия, қадрият ва анъаналар экологик маданият шаклланишига сабаб бўлади. Айниқса, бугунги глобал экологик муаммолар инсониятни бир бўғма илондек қамраб олган пайтда экологик онг ва экологик маданиятни шакллантириш ва уларда атроф-муҳитга нисбатан рационал ёндашув кўникмасини ҳосил қилиш масаласи улкан аҳамият касб эта бошлади деб ҳисоблаш ўринлидир.

Экологик маданиятни шакллантиришда, экологик онг ва дунёқарашни шакллантириш ва ривожлантиришда муҳим ўрин тутадиган мактаб тарбиясига, ўрта ва олий таълим муассасаларига эътибор қаратилиши лозим. Экологик билимлар ташвиқоти, аҳолини экологик тарбиялаш ва уларни ўқитиш бўйича ишлар авж олдирилганлигига қарамай, Республикамиз олий ва ўрта махсус билим юртларида атроф муҳит муҳофазаси, яъни экология соҳасида бошқа соҳалар каби Давлат нозири сингари мутахассисларни тайёрлаш ҳозирги кунга қадар йўлга қўйилмаган. Ушбу соҳа учун бу каби мутахассисларни тайёрлаш ҳозирги кун талабидир. Бундан ташқари, инсоният тарбияси учун унинг маҳалласи ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Маҳаллалар ҳам ушбу ишларга жонбозлик кўрсатиши лозим, деб ўйлайман.

Хулоса қиладиган бўлсак, таъкидлаш жоизки, бутун дунёда экологик барқарорликка эришиш, ер юзининг ҳозирги ҳолатини тубдан ўзгартириш учун халқаро ҳамкорлик, экологик қонун талабларини бузганлик учун жавобгарликнинг қатъий бўлиши, аҳолининг юқори даражадаги экологик онг ва маданиятини оширишнинг ўзигина кифоя қилиб қолмасдан, балки барчамизни масъулият ҳисси билан яшашга ундашга ҳам чақиради. Табиат инъом этган туҳфаларни бузадиган халқ ўз илдизига болта уради деб Франклин Делано Рузвельт томонидан билдирилган фикрлар барчамизни огоҳликка чорлаб қолиши шубҳасиздир. Зеро, табиатни муҳофаза қилиш бу нафақат Ватан олдидаги фарзандлик бурчимиздир, балки инсониятнинг келажак авлод учун қолдириши мумкин бўлган ягона ва бебаҳо хазинасидир.

Шаҳризода Мамасолиева,

Тошкент давлат юридик университети талабаси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?