Ғиждувонда ҳоким ташаббуси билан ўқитувчилар репетиторликка ўқитилмоқда

16:35 15 Октябр 2021 Жамият
2114 0

Фото: "Халқ сўзи"

Фарзанди олий маълумотли бўлишини истаган ота-она борки, тажрибали репетитор излайди. Ўғли ёки қизи мактабдаги таълим билан параллель равишда қўшимча индивидуал машғулотларда пухта билим олиши учун маблағ аямайди. Бироқ ҳозирги шароитда бунга ҳамма оиланинг ҳам бюджети имкон бермайди. Қора қозони аранг қайнаб турган хонадонлар бор.

Ғиждувон тумани ҳокими Ш. Ашуровнинг ташаббуси билан бу масалага ечим топилди. Унга кўра мактаб муаллимларини репетиторликка ўқитишга қаратилган лойиҳа ҳаётга тадбиқ этилмоқда.

Республикамиз олий ўқув  юртларига киришда паст натижага эришган тумандаги 14 та мактаб шу лойиҳанинг иштирокчисига айланди. Мазкур мактаблар ўқитувчилари мамлакатимизда илк бор синов тариқасида малакали репетиторлар томонидан ўқитиляпти. Улар интенсив методлар асосида касбий билим ва тажрибаларини оширгач, ўз мактабларида битирувчи ўқувчиларга қўшимча бепул сабоқ беришади. Алалоқибат ота-оналар томонидан репетитор ёллашга ҳожат қолмайди.

Вилоятда фаолият юритаётган «Самарали таълим» ўқув маркази ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси Хуршид Тўхтаев ушбу лойиҳа муаллифлари саналади.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи» мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?