Гиёҳвандлик нега ёшармоқда?

Фото: Иллюстратив cурат
Халқимизда қуш уясида кўрганини қилади, деган ҳикмат бор. Бунинг айни ҳақиқат эканини, замонлар ва қарашлар ўзгариб борсада, ҳаётнинг ўзи такрор-такрор исбот этиб келмоқда.
Карманалик Раҳмон Солиев (исм-шарифи ўзгартирилди) уйланмасидан олдинроқ ичкиликка ружу қўйди. Бўйнига рўзғор ташвиши тушса, «босилиб қолар» деган умидда ота-онаси унинг бошини икки қилиб қўйишди.
Тўғри, Раҳмон аввалига ичкиликни ташлагандек бўлди. Бироқ кейинроқ янада муккасидан кетиб, ундан оила нари турсин, маҳалла-кўй ҳам юз ўгирди. Яқин-атрофдаги дўконларга қарзи сабаб киролмайдиган, тўй – маъракага эса ҳеч ким чақирмайдиган бўлди.
Раҳмоннинг ўғиллари ҳам ноқобил чиқди. Онанинг зор қақшаши, маҳалланинг саъй-ҳаракати зое кетди. Аввалига тўнғич ўғли ўғрилик билан, кейинроқ эса кичиги гиёҳвандлик воситалари билан мактаб партасидаёқ вояга етмаганлар комиссияси рўйхатига тушди. Кўп ўтмай кичиги қамалиб кетди. Каттасининг эса жасадини Самарқанддан олиб келишди. Экспертиза хулосасига кўра наркотик истеъмолида дозани ошириб юборишдан ўлган.
Жорий йилда Навоий вилоятида вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларнинг иккитасини бевосита гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар ташкил этмоқда. Ўз-ўзидан савол туғилади, гиёҳвандлик моддалари савдосига билан шуғулланишдек нопок йўлга она сути оғзидан кетмаган болалар қандай кириб қолмоқда?
— Гиёҳвандлик моддалари савдосида ушбу оғунинг маълум бир қисми транзит мамлакатлар ҳудудида қолиб кетади, — дейди Навоий шаҳар ИИБ ЖҚБ тезкор вакили Сардор Исмоилов. — Хусусан, мамлакатимиз жануби Афғонистонда гиёҳванд моддаларнинг етиштирилиши ва уларни шимолий ҳудудларга Марказий Осиё давлатлари, жумладан, юртимиз орқали олиб ўтишга уринишлар ҳамон учраб турибди. Албатта, бундай уринишларга ҳуқуқ-тартибот идораларининг сергаклиги туфайли барҳам берилиб, жиноятга жазо муқаррарлиги таъминланмоқда. Бироқ ҳар қандай наркотранзитда наркотик моддаларнинг қолиб кетган маълум бир қисми ўша транзит мамлакатда «қора бозор»га чиқарилишидек аччиқ ҳақиқатдан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Мисол учун, яқинда Навоий вилоят ИИБ ЙҲХБ ва Кармана тумани ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган «Қорадори-2022» тадбирининг 2-босқичида, туманнинг Шибзон маҳалласи ҳудудидаги «Самарқанд» ЙПХ масканида, Фарғона вилояти Қўштепа тумани Б. Марғилоний кўчаси 20-уйда яшовчи И. Йигиталиев бошқарувидаги «Спарк» русумли, 40 А 620 ОA давлат белгили автомашина тўхтатиб текширилганда, автомашинада йўловчи сифатида кетаётган, 1994 йилда туғилган, Фарғона вилояти Қўштепа тумани Б. Марғилоний кўчаси 18-уйда яшовчи А. Раҳматовнинг ёнидан оғирлиги 0.41 грамм бўлган «гашиш» гиёҳвандлик воситасини сақлаб келаётганлиги аниқланиб, гиёҳвандлик моддаси далилий ашё тариқасида расмийлаштириб олинди.
Ҳолат бўйича А.Раҳматовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 276-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Ушбу гиёҳвандлик воситасини сақлаш мақсадларига тергов органлари томонидан ойдинлик киритилмоқда.
Ҳақиқатан ҳам, гиёҳвандлик атрофдагилар озори. Унинг асорати криминоген вазиятни чигаллаштиради. Таҳлилларга кўра, дозага пул топиш учун гиёҳвандларнинг саксон фоиздан ортиғи ўғрилик, 10-15 фоизи қотиллик, 5-10 фоизи бошқа турдаги жиноятларга қўл уришар экан. Бунга Навоий вилояти мисолида эътибор қаратадиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган даврида вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларнинг 4 тасини фирибгарлик, 16 тасини ўғрилик, 1 тасини транспорт воситасини олиб қочиш ташкил этади.
Шу боис бу борада профилактика ишларига алоҳида эътибор қаратиш, гиёҳвандликнинг оғир оқибатларини, жамият осойишталигига таҳдид солувчи иллат эканлигини ёшларга чуқур тушунтириш мақсадга мувофиқ. Буни ҳуқуқ-тартибот идоралари ёхуд тиббиёт ходимларининг иши деб эмас, балки кенг жамоатчиликнинг бурчи деб қарамоқ жоиздир.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ бой берилган ҳудудларни Украинага қайтаришга эришиш ниятида эканлигини маълум қилди
- Транспорт вазирлари «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли қурилишини муҳокама этишди
- Олимлар саратондан ҳам ўлим хавфи икки баравар юқори бўлган касаллик ҳақида маълум қилишди
- «Эшонхўжа ота» масжиди имом-хатиби Авазхўжа Баҳромов лавозимидан озод этилди ва 3 суткага қамалди
- Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва «Gazprom» компанияси ўртасида газ соҳасида ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси» имзоланди
- Саудия Арабистонида биринчи Ислом санъати биенналесининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг