Гиннес рекордлар китобига киришга номзод кутубхона ёхуд қачонгача қарор фақат қоғозда қолади?

11:42 27 Октябр 2021 Жамият
208 0

Фото: Халқ сўзи

Агар хом ғиштдан қурилган иморатлар рўйхати тузилиб, уларнинг энг қадимийси Гиннес рекордлар китобига киритилади, дейишса, Бухоро вилояти кўзи ожизлар махсус кутубхонасининг Шофиркон филиали учун бошпана вазифасини ўтаётган бино номзод сифатида олд қаторда турган бўлур эди. Шу ерда фаолият юритаётган кўзи ожизлар махсус маданият маркази директори Ўлмас Шамсиевнинг билдиришича, бу бино 1947 йилда барпо этилган.

Дарҳақиқат, бино ҳолатини кўрган киши ўзини беихтиёр ўтган асрнинг 50- йилларига бориб қолгандек ҳис этади. Пойдевори дарз кетган. Деворларда ёриқлар. Иморатнинг ён томони қулаб кетмаслиги учун қачонлардир ғишт девордан тиргович тикланган. Аммо у ҳам нураб адойи тамом бўлган.

-Авария ҳолатида бўлгани учун бу хонага кириб ўтиришга юрагимиз бетламайди,- дейди кутубхона филиали мудираси Камола Лайсова.

Китоб жавонлари оралаб оҳиста юрамиз. Томдан чакки ўтади. Китобларга зиён етмаслиги учун жавонларнинг юқори қисмида тунукалар териб қўйганмиз.

Булар камлик қилганидек, 268 нафар аъзоси бўлган кутубхонада иситиш тизими йўқ. Хоналар зах.

-Совуқ тушса, қўшни маданият марказининг мана бу хонасига кириб ўтиришга мажбур бўляпмиз,- дейди К. Лайсова каталакдек кичик бир хонани кўрсатиб. - Бу ер ҳартугул илиқроқ. Электр ёрдамида иситиш мумкин. Бизга аудиодисклар керак .Аммо энг асосийси - бино...

Аслида Камола ўзи билиб-билмаган ҳолда кўзи ожизлар махсус кутубхоналари дардини “янгилаб” қўйди. Гап шундаки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йил 18 сентябрда “Ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарор қабул қилинган.

-Мазкур қарорга мувофиқ, 250 нафар кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар истиқомат қилувчи шаҳар ва туманларда кўзи ожизлар учун кутубхоналар ташкил этиш қайд этилган, - дейди Бухоро вилояти кўзи ожизлар махсус кутубхонаси директори Аъзам Ўроқов. - Қолаверса, 2019 йилнинг 23 сентябрида вилоятда фаолият юритаётган маданият ва санъат ходимлари иштирокида ўтказилган видеоселекторда вилоят кўзи ожизлар кутубхонасини янги бино билан таъминлаш, Шофиркон туман кўзи ожизлар кутубхонаси биносини қайтадан қуриш, Олот, Жондор, Бухоро, Когон, Ромитан туманларида янги кутубхоналар очишни ташкил этиш юзасидан вилоят ҳокими томонидан топшириқлар берилган эди.Аммо...

Сирасини айтганда, 1100 нафардан зиёд аъзога эга вилоят кўзи ожизлар махсус кутубхонаси ҳам мослаштирилмаган бинода, аниқроғи, Бухоро шаҳридаги 57-мактабгача таълим муассасасида ижарада турибди.

Кўриш имконияти чекланган фуқароларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш кўп жиҳатдан яратилган шарт-шароитга боғлиқ. Афсуски, ҳозирга қадар махсус кутубхоналарнинг ўзига хослиги инобатга олинган ҳолда қурилган бинолар йўқ. Бундай кутубхоналарда мебель жиҳозлари, техник қурилмалар етишмовчилиги кўзга ташланмоқда.Негаки, оммавий кутубхоналарга мўлжалланган жиҳозлар махсус зиё масканлари фаолиятига ҳамиша ҳам мос келавермайди. Бундай масканлар китоб жавонларида болалар ва ўсмирларбоп Брайль ёзувидаги бўртма нуқтали адабиётлар ниҳоятда оз. Соҳага мос махсус қурилмалар –ясси ҳарфни йириклаштирувчи “Топас” ускунаси, овозли “Сара” сканер мосламаси, босма ҳафлфарни ўқиб берувчи машиналар – дастурий таъминот маҳсулотларига эҳтиёж катта.

-Кўриш имконияти чекланган фуқароларнинг китобхонликка бўлган иштиёқлари кучли,-дейди Бухоро вилояти кўзи ожизлар махсус кутубхонаси ходими Азиза Ўроқова.- Масалан, кутубхонамиз аъзоси Жумагул Ҳусенова бир йилда 254 та китоб мутолаа қилди. Биз шундай фаол, масканимизга келиш имконияти бўлмаган китобхонларимизнинг уйларига китоб, газета-журналларни етказамиз.

Бу сўзларда зиғирча муболаға йўқ. Кўзи ожиз инсонлар тақдир тақозаси билан кўриш бахтидан мосуво бўлишган.Улар мустақил тарзда сайр қила олишмайди, телевизор кўра олмайди, ижтимоий тармоқларни кузатиш имконига эга эмаслар. Бундай инсонларнинг бирдан бир овунчоғи, юракка яқин ҳамроҳи – китоб. Шундай экан, мутасаддилар ҳукуматимизнинг биз юқорида номини тилга олган қарори ижросини таъминлашлари, кўзи ожизлар махсус кутубхоналари учун замонавий шарт-шароитлар яратишдек савоб ишга ҳисса қўшишларини истар эдик.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?