Гиламбоб оғир ҳудуд тоифасидан чиқарилди

19:03 11 Июль 2024 Жамият
153 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Сурхондарё вилояти Ангор туманидаги Гиламбоб маҳалласида 4 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Бу ерда яшовчи аҳоли томорқадан унумли фойдаланиш билан бирга, ҳунармандчилик билан ҳам ном қозонган. Гиламбобда яқин йилларгача аҳолига қулай шароит яратилмаган, маҳалла оғир ҳудуд тоифасига тушиб қолганди.

Жорий йилда вилоят ҳокимлиги томонидан маҳаллада «Обод хонадон», «Обод кўча», «Обод маҳалла» мезонини жорий этиш, ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Жумладан, замонавий маҳалла гузари, оилавий поликлиника, мактаб, боғча, ҳунармандчилик маркази, гўзаллик салони, маиший хизмат кўрсатиш ва тадбиркорлик объектларининг қурилгани маҳалла аҳлини хурсанд қилди. Йўлаклар тартибга келтирилиб ободонлаштирилди. Юзлаб мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. Болалар ўйингоҳлари ташкил қилинди. Ички йўллар асфальтланди. Кўчаларга тунги ёритгичлар ўрнатилди.

Қувонарлиси, маҳаллада яратилган имкониятлардан аҳоли унумли фойдаланишга интилмоқда. Ҳозир маҳаллада қизил тол новдаларидан санъат даражасида сават тўқишда Аслиддин Холматовга етадигани йўқ. Шу ҳунар ортидан маҳалладошлари орасида ҳурмат қозонди.

— Дастлаб саралаб олинган қизил тол новдалари катта қозонда қайнатилади, — дейди ҳунарманд Аслиддин Холматов. — Маълум вақтдан кейин новдалар қозондан чиқарилиб қуритилади. Ҳар бир новдага ишлов берилади. Саватлар тўқилади. Ҳозирги кунда саватнинг 20 тадан ортиқ турини тайёрлаймиз. Бир дона сават ҳажмига қараб 1-2 соат вақт оралиғида тайёр бўлади. Бир киши кунда 5-6 та сават тўқийди. Уларнинг ҳар бирини 50-60 минг сўмдан сотамиз. Асосан, Тошкент, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидаги харидорларга етказиб берамиз. Муҳими, оиламиз бандлиги таъминланган. Шогирдларим кўп. Маҳалладаги қизиқувчи ёшлар ҳунар ўрганмоқда. Фаолиятимни кенгайтириб, янги иш ўринлари яратишни мақсад қилганман. Гиламбоб бугун таниб бўлмас даражада ўзгарди. Бу ерда нафақат инфратузилма, балки одамларнинг ҳам дунёқараши янгиланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?