Гидропоника: ташландиқ ерни ҳам хазинага айлантирувчи усул

Фото: муаллиф олган суратлар.
Давлатимиз раҳбари жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни, бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида Ховос туманидаги “Gran Ruta De La Seda” корхонаси томонидан замонавий усулда ташкил этилган гидропоника иссиқхона мажмуасини ҳам кўздан кечирди. Уни кенгайтириш, Жанубий Кореядан келтирилиб, фойдаланилаётган замонавий технологияларни ўзимизда ишлаб чиқариш ва харажатни камайтириш юзасидан кўрсатмалар берди.
— Гидропоника усулидаги иссиқхоналарнинг афзаллиги шундаки, у ер танламайди, — дейди корхона раҳбари Собир Шокиров. — Негаки, бундай мажмуаларда кўчат табиий тупроққа жойлаштирилмайди, аксинча, махсус токчалардаги озуқага экилади. Бу эса бўш ётган майдонлардан ҳам фойдаланишда айни муддаодир.
Суҳбатдошимизнинг айтишича, бу борада улар қўллаётган Жанубий Корея технологияси айнан иқлимимизга ҳар томонлама мослиги билан ажралиб туради. Иссиқликни ушлаш ва ўз-ўзидан ҳосил қилиш хусусияти мавжуд. Бу эса, табиийки, маҳсулот таннархи мақбул бўлишида муҳим аҳамиятга эга.
Дейлик, қиш ойларидаги офтобли кунларда иссиқлик таъминотини узиб қўйган ҳолда ҳам белгиланган ҳароратни ҳосил қилиш мумкин. Чунки унинг плёнка қопламалари иссиқликни қабул қилиб, ичкарига узатиш баробарида, қуёш нури ва фойдали элементларни 93 фоизгача экинга етказиб бера олади.
Қолаверса, суғориш, озиқлантириш жараёни аниқ ҳамда сифатли бажарилади. Бу икки вазифа компьютерлаштирилган тизим орқали амалга оширилади. Автомат “хабарчи” биронта кўчатга сув бормаётган бўлса, унинг жойлашган нуқтасигача агрономларга ахборот беради. Яна бир жиҳати, минг-минглаб кўчатларнинг ҳар бири 50 грамм сув ичиши лозим бўлса, уларнинг илдизига шунча миқдордаги обиҳаёт берилади. Бу эса барча майдонда экиннинг бир хил ривожланишини кафолатлайди. Энг муҳими, ҳосил сифати ҳам бир хил — аъло бўлади.
— Бу замонавий усул экспортбоп маҳсулот етиштираман, деган деҳқоннинг режаси амалга ошишини таъминлайди, — дейди корхона агрономи Бекпўлат Нуриллаев. — Тупроққа қадалган кўчат кўп касалликка учрайди. Сабаби бундай шароит турли зараркунандалар пайдо бўлиши ва кўпайишига қулай муҳит яратади. Гидропоникада эса уларнинг асл уяси бўлган бирон сантиметр ҳам очиқ ер қолдирилмайди. Барча майдон гўё гилам тўшалгандек, махсус плёнка билан қопланади. Мабодо, бирор ҳашарот пайдо бўлса, унинг кимёвий ишловдан сўнг йўқ бўлганлиги ана шу тўшама юзасида кўринади.
Корхона раҳбарининг қайд этишича, гидропоника самарадорлигини янада ошириш учун ҳозир тупроқ ўрнини босувчи озуқа тўпламини тўлиқ маҳаллийлаштириш асосий масала бўлиб турибди. Агар бу вазифа адо этилса, етиштирилаётган маҳсулот таннархи кескин пасаяди. Жорий йилдан бошлаб, республикамизда ана шундай, яъни “минивата” деб аталувчи экин озуқасини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бошланмоқда. Яна бир жиҳат, бу борада корхонанинг ўзида биогумус, бамбук пояси ҳамда тахта қириндисидан фойдаланиш синовдан ўтказилаётир.
Гидропониканинг самарадорлигини ифодаловчи, у ҳақда тасаввур уйғота оладиган рақамлар талайгина. Масалан, анъанавий иссиқхона шароитида бир туп помидор кўчати ўртача 3 килограмм ҳосил тугса, гидропоникада бу 12 килограммгача етади. Бошқача айтганда, кўчат илдизи ҳам, танасию барги ҳам турли зараркунанда ва касалликлардан мустаҳкам иҳоталанган (ёки ҳимояланган) кўчатларнинг умри узоқ бўлади. Буни ноябрда ўтқазилган кўчат қарийб бир йил яшнаб туриши билан изоҳласак бўлади. Бинобарин, дастлабки 3-4 ой кўчатларнинг ҳосилга кириш даври бўлса, сўнгра ундан 6-7 ой давомида сархил помидор узиш мумкин. Бўйи шифтга етмаслиги учун эса ҳосилдан бўшаган поянинг пастки қисми ер томон тушириб борилади. Шундай қилиб, гидропоника орқали деҳқоннинг ҳисоб-китоб дафтарида бир гектардан 120 — 140 тонна помидор, 80 — 100 тонна бодринг олинганлиги тўғрисидаги қайдлар пайдо бўлади. Ўз навбатида, ҳосил бериш даври қисқа бўлганлиги боис бодрингни бир йилда уч марта экиш имконияти ҳам мавжуд. Яна денг, такрор бўлса ҳам айтиш ўринлики, ташландиқ ва экин ўстириш учун яроқсиз майдонлар ҳисобига.
— Президентимиз вилоятимизга ташрифи чоғида иссиқхонамизга келиб, ишларимиз билан яқиндан танишиб, қимматли маслаҳатларини берганидан жуда мамнун бўлдик, — дейди Собир Шокиров. — Гидропоника усулидаги иссиқхона ташкил қилишни 2016 йилда бошлагандик. Унинг майдони бир гектар эди. Давлатимиз раҳбарининг бевосита эътибори ва қўллаб-қувватлаши туфайли қисқа муддатда яна 10 гектарлик иссиқхона барпо этдик. Энди эса Юртбошимиз топшириғига кўра, яна 10 гектар фойдаланилмай ётган ерда ана шундай экинзорлар яратишни бошлаб юбордик. Ҳозир корхонамиз жамоаси 170 нафарга яқин. Навбатдаги лойиҳамиз амалга ошгач, деярли яна шунча кишини иш билан таъминлаймиз. Галдаги муҳим мақсадларимиздан бири, иссиқхона имкониятларидан самарали фойдаланиш учун унда турли экинлар кўчатлари ўстириб, томорқа эгалари ва хўжаликларга етказиб беришдир.
Корхона фаолиятида Собир Шокировдан бошқа унинг 5 нафар ака-укаси ҳам ҳамжиҳатликда иш олиб бораётганлиги ҳавас қилса арзигулик ҳолат. Улар иссиқхонадан ташқари, Ховос туманининг Меҳнатобод ҳудудида мелиоратив ҳолати ёмон бўлган 35 гектар майдонни ҳам фойда берувчи заминга айлантиришган. Бу ерда балиқчилик хўжалиги, 450 бош қорамолга мўлжалланган ферма, 1 гектар лимонзор ва яна 7 гектардан зиёд олмазор бор.
...Иссиқхона фаолияти билан танишар эканмиз, бир гуруҳ меҳмонлар рўпарамиздан чиқди. Маълум бўлишича, улар телевидениедаги кўрсатувни томоша қилгач, гидропоника усули билан танишиш учун узоқ йўл босиб, Қашқадарё вилоятидан келишибди. Бу иштиёқ ва қизиқишдан кўринадики, гидропоника ва бошқа илғор усуллар юртимизнинг ҳар бир манзилида бўй кўрсатади, она еримиз янада саховатли бўлиб бораверади.
Аҳмадали Шерназаров (“Халқ сўзи”).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида
- АҚШ Украина учун тинчлик режасининг асосий элементини маълум қилди
- Швеция парламенти Украинага 600 миллион долларлик ҳарбий ёрдам ажратишни маъқуллади
- Дональд Трампнинг ҳибсга олиниш хавфи маълум бўлди
- Россия Беларусда ядро қуроли жойлаштиришни маълум қилди. АҚШда хотиржамлик, Европа Иттифоқи эса жавоб бериш билан таҳдид қилмоқда
- Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимизни мукофотлаш тўғрисида
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг