Гидроэнергетика соҳасида ҳамкорликнинг янги истиқболлари

12:15 05 Июнь 2022 Сиёсат
607 0

Фото: Президент Матбуот хизмати

Мамлакатимизга Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг расмий ташрифи доирасида жорий йил 2 июнь санасида Зарафшон дарёсида Ёвон гидроэлектр станцияси қурилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон бошчилигидаги расмий делегация олий даражадаги музокаралар давомида Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари, жумладан гидроэнергетика соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш масалаларида икки давлат раҳбарлари томонидан рамзий тугма босилиб, янги ГЭС қурилишга старт берилди.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида Марказий Осиё сув ва энергетика бойликларидан ўзаро манфаатли асосда фойдаланиш, гидроэнергетика лойиҳаларида самарали ҳамкорлик алоқалари механизмлари ишлаб чиқилди ҳамда биргаликда иштирок этиш борасида янги ГЭС қурилишига келишиб олинди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур лойиҳа гидроэнергетика соҳасида икки давлат ўртасидаги йирик истиқболли лойиҳадир. Шу жиҳатдан, мазкур Ёвон гидроэлектр станцияси энергетика соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликда биринчи йирик лойиҳа бўлади. 140 мегаватт қувватга эга замонавий станция мамлакатларимиз энергетик хавфсизлиги, сув ва қишлоқ хўжалиги барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Икки мамлакатнинг масъуллари томонидан Зарафшон дарёси ҳавзасида 2 та ГЭСни қуриш ва ундан фойдаланишни техник-иқтисодий баҳолаш бўйича ўзаро келишувга эришилган. Мазкур келишувга асосан Тожикистон Республикасининг Зарафшон дарёси ҳавзасида гидроэлектр станцияларнинг қурилиши икки босқичда амалга оширилади.

Биринчи босқичда, йилига ўртача 832 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарувчи, қуввати 140 мегаваттга ва прогноз қиймати 282 миллион АҚШ долларига тенг Ёвон гидроэлектр станциясини қуриш ишлари бажарилади. Албатта, мазкур лойиҳа сарфланган маблағларни 15 йилда қоплаши ҳамда 40-50 йил давомида узлуксиз ишлаш имкониятига эга.

Иккинчи босқичда, йилига ўртача 560 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарувчи, қуввати 135 мегаваттга ва прогноз қиймати 270 миллион АҚШ долларига тенг Фандарё гидроэлектр станциясини қуриш имконияти ўрганиб чиқилмоқда. Мазкур лойиҳа сарфланган маблағларни 20 йилда қоплаш ҳамда 40-50 йил давомида узлуксиз ишлаш имкониятига эга.

Мазкур лойиҳаларнинг йиллик умумий ишлаб чиқариши ҳажми 1400 млн кВт.соатни ташкил этади. Бу эса, ўз навбатида, 600 мингдан ортиқ оиланинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш имконини беради. Янги ГЭСларнинг қурилиши доирасида 3 мингга яқин мавсумий, ишга туширилиши натижасида эса 200 дан ортиқ доимий иш ўринлари яратилади.

Лойиҳаларни тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан лойиҳавий молиялаштириш усули бўйича молиялаштириш режалаштирилган.

Шу ўринда, мазкур гидроиншоотларни қурилиши юзасидан лойиҳанинг буюртмачиси этиб, томонлар иштирокида акциядорлик жамияти шаклидаги “TaUz HIDRO” қўшма корхонаси ташкил этилди.

Бугунги кунда, томонлар лойиҳадан олдинги изланиш ишларини молиялаштириш ва лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш учун халқаро молия институтларининг грант маблағларини жалб этиш чораларини кўрмоқда.

Бу борада, янги ташкил этилган “TaUz HIDRO” АЖ янги қурилиши режалаштирилган ГЭСларнинг техник топшириқларини ишлаб чиқади ва лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлашда халқаро консалтинг компанияларини жалб этади.

Бу борада, муҳандислик ишлари тўлиқ замонавий стандартлар асосида, илғор хорижий компаниялар иштирокида олиб борилади.

Лойиҳа халқаро молия ташкилотларининг инвестициялари ҳамда таъсис қилинадиган қўшма корхона устав жамғармасига киритиладиган томонларнинг ўз маблағлари ҳисобига молиялаштирилади. Мазкур лойиҳани молиялаштиришга етакчи халқаро институтлар, шу жумладан Осиё тараққиёт банки ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки қизиқиш билдирган.

Биз ишонч билан айта оламизки, ҳозирда икки давлат ўртасида бўлиб ўтаётган Олий даражадаги ташриф Ўзбекистон ва Тожикистон гидроэнергетика тармоқлари ривожланишида янги тарихни бошлаб берди ва бу икки давлат халқининг фаровон ҳаётига хизмат қилади.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ Ахборот хизмати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер